Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳунар – инсон қадрин оширар

Ҳунар – инсон қадрин оширар

Ҳунар ўрган, чунки ҳунарда кўп сир,
Ёпиқ эшикларни очар бирма-бир.

Низомий Ганжавий.

Инсон ҳаётда яшар экан унинг мақсади бўлмоғи лозим. Кимдир ўз орзу-истакларига илм орқали эришса, кимдир касб-ҳунари билан етишади. Илм – маърифат ва касб – ҳунар ҳар бир даврда кишилик жамияти тараққиёти учун муҳим омил бўлиб келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Эй Али! Киши ҳалқумини ҳаромдан сақламагунча ва ҳалол касб қилмагунча тавбаси қабул бўлмайди” (Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳазрати Алига (р.а.) насиҳатлари. Имом Шаъроний).

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, киши токи ҳалол касб-ҳунар қилиб, топган давлатини фақат хайрли амалларга сақламагунча, ҳалол неъматлар билан озиқланиб, ўз тирикчилик иморатини ҳалоллик устига қурмагунча, унинг тавбаси қабул бўлмас экан.

Бўшаб қолғай олтин, кумуш ҳамёни,
Бўшмас ҳеч ҳунарманднинг кармони.

деб ёзган эди аллома Саъдий Шерозий. Мазкур пурмаъно мисраларга далил сифатида бир ривоятни келтирамиз.

Ўтган замонларда бир бахил киши бор эди. Унинг бойлиги шу даражага етган эдики, молининг ҳисобини ўзи ҳам билмас эди. Лекин бу бойликдан на ўзига ва на аҳли аёлига ва на бошқаларга ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки, анинг эътиқодича, бойликдан мақсад кеча-кундуз ҳаракат қилиб фақат мол йиғиш эди. Аммо мол йиғишдан асл мақсад нима? Молни қандай ерларга сарф қилиш керак? Емоқ, ичмоққа, илму ҳунарга, фақиру муҳтожларга ёрдам бермоқ керакми, йўқми? Бу хусусда ҳеч ўйламас эди. Ҳаттоки, ўзининг аҳли, авлодининг таом ва кийим сингари энг зарур эҳтиёжларига ҳам минг машаққат билан сарф қилар эди. Бозордан нон олса, арзонлиги учун куйған ва қотганларини, мева олса, чириган ва сасиганларини олар эди. Кийимлари эса ҳар вақт эски, йиртиқ ва ямоқ бўлар эди. Унинг Аҳмад исмли биргина ўғли бор эди. Баъзи бир дўстларининг далолатлари билан бир кун ўғлини ҳунар ўргатиш мақсадида бир ҳунармандга олиб борди. Уста устахона низомларини баён қилиб, ўргатган ҳунари учун ҳар ойда бир тилло тўлаб туриш лозим эканини айтди. Бир тиллони эшитгач, бойнинг авзойи бузилди.

Устанинг юзиға боқиб: «Ойда бир тилло?.. Йўқ, ўғлимга ҳунар ўргатиш мени ишим эмас экан. Юр, ўғлим, ҳунар ўрганмасанг ҳам бир ризқинг ўтар», — деб ўғлини қайтиб олиб кетди. Аҳмад бечора отасининг бахил ва хасислиги соясида дунёда яшаш ва инсонлар қаторида бўлиш учун энг керак бўлғон ҳунар ҳамда илм-маърифатдан маҳрум бўлиб, жоҳил ва нодон ҳолда ўсди. Орадан фурсат ўтиб, бир куни ажал келиб, бойнинг ёқасидан тутди. Ўғлининг асл инсон бўлиши учун илм-маърифат ва касб-ҳунар ўргатиш йўлида бир тиллони қизғанган бахил бой кун келиб ҳамма мол-мулкини ўғли Аҳмадга ташлаб, ўзи бир парча бўзга ўралиб, охиратга сафар қилди. Аҳмад эса ёшликда илм ва тарбия кўрмаган, касб-ҳунар ўрганмаганлиги боис, яхши ва ёмонни фарқламайдиган, бойликнинг қадрини билмайдиган, исроф қилувчи ва нодон бир киши бўлиб етишди. Тўрт-беш нафар ёмон кишиларга қўшилуб, ҳар хил қабоҳат йўлларига кирди ва  отасининг шунча хасислик билан йиққан молини оз вақт ичида тамом қилиб, ўзи фақир ва муҳтож бўлиб қолди. Бахилнинг моли, исрофгарнинг ҳоли, илм ва ҳунарсизнинг аҳволи шундай бўлади.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандийнинг:

“Дил ба ёру даст ба кор!”

яъни, кўнгил Аллоҳ ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиори бутун мусулмон оламига машҳурдир.

Мир Алишер Навоий Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий ҳақларида сўз юритиб “кимхобга нақш боғламоққа машҳурлар” деган эди. Маълум бўляптики, Хожа Баҳоуддиннинг касблари кимхобга, яъни матога нақш солиш экан. Чунки тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Уларнинг тахаллуслари ҳам ўз касбларидан олинган.  Жумладан, шайхул-машойих Абу Саид Харроз маҳсидўз, шайхулислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий этикдўз, шайх Муҳаммад Саккок пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод темирчи, ўз замони қутби, яъни замонасининг ягона авлиёси, валиюллоҳи ва ғавси – мададкори ҳисобланган шайх Абул Аббос Омилий ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор дурадгорлик билан шуғулланган. Уларнинг лақаблари ҳам касбу корини билдириб турибди: Харроз — маҳсидўз, саккок — пичоқчи, ҳаддод — темирчи, нажжор — дурадгор деган маъноларни англатади. Бундан маълум бўладики, камолот чўққиси фақат илм-маърифат ва касб-ҳунар билан эгалланади.

«Инсонларнинг яхшиси бошқаларга фойдалироғидир». Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифдаги инсонларнинг хайрлиси дегани, етук ва комил бир мўмин деганидир (Мўъминнинг сифатлари. Муҳаммад Зоҳид Қўтқу). Бундай кишилар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам фақат фойда келтирадилар. Шу билан бирга ўзлари эгаллаган билим ва ҳунарни ҳам бошқаларга беминнат ўргатадилар. Уни ўргатишда бахиллик қилмайдилар.

Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг машҳур мисраларини ёдга олиш жоиз:

Ҳунарни асрабон неткумдур охир?!
Олиб туфроққаму кеткумдур охир?

Янгийўл туман “Олтинобод” жоме
масжиди имом-хатиби И. Муҳиддинов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]