Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ХОР БЎЛГАН ОСТОНА

ХОР БЎЛГАН ОСТОНА

Ўзбекистон Республикасининг 27.12.2010 санали, №276-сонли “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуни талабларини ижроси юзасидан қабристонларда талайгина хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу масканларда ҳар йили маҳаллий аҳоли иштирокида умумий тозалик ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилиб, жумладан, умумий ҳудуд тозаланиб, чиқиндилар махсус жойларга олиб чиқилади, деворлар оқланади, йўлаклар четидаги манзарали дарахтларга ҳам шакл берилади, қабр тошлари тартибга келтирилади ва ҳаказо.

Деярли барча қабристонларнинг асосий қириш қисмида шарқона дарвозалар, тиловати Қуръон ўқиб, ўтганларни хотирлаш учун шинам айвонлар қурилган. Соябонли ўриндиқлар ўрнатилган. Қабрларни зиёрат қилиш учун бетон йўлаклар барпо этилган. Ҳудуд девор билан ўраб чиқилган. Электр ток симлари тортилиб, ҳудуд ёритгичлар, ҳатто тоза ичимлик сувлари билан таъминланган.

Бу ишлар халқимиздаги гўзал удум – ҳашар йўли билан амалга оширилмоқда.

Яқинда мана шундай гўзал қабристонларимизнинг бирига зиёрат мақсадида кирдим. Олдимдан чиққан дахшатли манзарадан ҳайратда ёқа ушладим. Бадбўй хиддан томоғим ҳам хиппа бўғилди. Қаршимда, тўғрироғи қабрларнинг шундай ёнгинасида, чорва молларининг ҳали суви ҳам қочмаган гўнг-ахлати. Суриштирсам, у қабристоннинг пастги бўш қисмида деҳқончилик қилувчи “бободеҳқон”ларнинг илтимосига кўра қўшни хонадон соҳиби томонидан олиб чиқиб ташланган “ўғит” экан.

Ушбу нажосатлар шу қадар янгики, ҳудудда ўрнатилган ўриндиқларнинг тагига қадар оқиб кетган, яқинлашиб бўлмайди. Унинг устида “зиёфат қилаётган” пашша ва ҳашоратларнинг сони йўқ.

Ахир у жойда ётганлар кимнингдир оқ кийинтириб, пок тарбия қилган ота ёки онаси, уйини супириб, кийимларини саришта қилган итоатли рафиқаси ва ҳаказолар эмасми…

Бу на мусулмонликка ва на қонунчиликка муносиб келади…

Мазкур ахлатларнинг рангу рўйига қараб, хидига чидаб бўлмайди. Қабристон ташландиқ жой эмас… Унинг эгалари ва ўз аҳли бор. Улар бизнинг Азизларимиз! Ўтганлар ўлди-кетди, эмас-ку ахир…

“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддаси “Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштириш” бўлиб, унда жумладан шундай дейилади:

“Дафн этиш жойлари ўралган бўлиши, қўриқланиши, сув, электр, зарур бинолар ва ашё-анжомлар, шунингдек кириб бориладиган йўл билан таъминланиши лозим”.

“Дафн этиш жойларида (яъни қабристонда) мол ва бошқа уй жониворларини боқиш, мевали кўчатлар экиш, қишлоқ хўжалиги экинларини ўстириш тақиқланади”.

Ким айбдор…

Аслида шу ахлатни шу муқаддас даргоҳга олиб чиққан ҳам, шу жойга далолат қилган ҳам, унга индамай қараб турган ҳам озгина фаросатли бўлганида – иш бошқача бўлар эди.

Аксинча, уларнинг барчаси ўзини оқлагани оқлаган…

Азиз “Чорвадор” ва “Бободеҳқон”! Шуни унутмайликки, бу дунёни қайтар дунё дейдилар…

 

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов