Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / Хонадонимиз қандай аҳволда?!

Хонадонимиз қандай аҳволда?!

 

مَثَلُ البَيْتِ الذي يُذكَرُ اللهُ فيه، والبيت الذي لا يذكرُ الله فيه مَثَلُ الحيِّ والميِّت

[أخرجه البخاري ومسلم عن أبي موسى الأشعري]

Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган  уйнинг мисоли тирик ва ўлик кабидир  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган  уйни тирик ва ўликка ташбеҳ қилдилар.

Ҳадиси шарифнинг умумий маъносидан келиб чиқиб, бугунги кунда бизнинг уйларимиз қандай аҳволда?!

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда аксар мусулмонларнинг уйларини Аллоҳнинг зикри ўрнига беҳуда гап-сўзлар, ғийбат, бўҳтон, одоб-ахлоққа зид бўлган турли қўшиқлар эгаллаб олган. Ойнаи жаҳон орқали кун давомида намойиш этилаётган турли ахлоқсиз сериаллар-у, динимиз ва миллатимизга муносиб бўлмаган куй-қўшиқ ва “клипларнинг” кети узилмайди.

Модомики, хонадонларимиз шундай ҳолда экан, қандай қилиб бу уйларга фаришталар кирсин?!

Қандай қилиб Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин?!

Қандай қилиб уйларимизга сакинат тушсин?!

Аллоҳ ўзининг ҳузуридаги фаришталарига биз ҳақимизда нима деб зикр қилади?!

 

وقال عليه الصلاة والسلام لا يقعد قوم يذكرون الله عز وجل الا وحفتهم الملائكة وغشيتهم الرحمة ونزلت عليهم السكينة وذكرهم الله فيمن عنده (رواه مسلم)

Абу Ҳурайра ва Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қавм Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирар экан, уларни фаришталар ўраб олади, атрофларини раҳмат қоплайди, устларига сакинат (хотиржамлик) тушади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридаги(фаришта)лар олдида зикр қилади”, дедилар” (Имом Муслим).

Зикрнинг фойдалари:

– Шайтонни қувади, Аллоҳ таоло розилигига эриштиради, У Зотга яқинлаштиради;

– қалбдан ғам-қайғуни кетказади, қувонч, хотиржамлик, кенглик бахш этади; вужудга ва юракка қувват беради;

– юзни, қалбни нурлантиради;

– ризқни чақиради;

– инсон сиймосини ҳайбатли, ёқимли қилади;

– илоҳий муҳаббатга сазовор этади;

– Аллоҳ таолодан қўрқувни орттиради;

– Аллоҳ таолонинг ҳам зокир бандасини эслашига васила бўлади;

– қалбни ғафлатдан уйғотади, гуноҳ кирларидан тозалайди, жилолантиради;

– сакинат ва раҳмат ёғилишига, зокирни малаклар қуршашига сабаб бўлади;

– тилни ғийбат, чақимчилик, ёлғон, фаҳш ва лағв сўзлардан сақлайди;

– қиёмат кунида бандани пушаймонликдан қутқаради;

– зикр ибодатларнинг энг устуни, афзали бўлиш билан бирга, энг осони ҳамдир;

– Аллоҳ таолони зикр этишда давомлилик билан банда дунё ва охиратда Аллоҳни унутиш сабабли келадиган бадбахтликдан омонда бўлади;

– зикрдан бошқа ҳар вақт ва ҳар жойда қилинадиган бошқа бир ибодат йўқ;

– зикр шукрнинг бошидир, Аллоҳ таолони зикр этмаган кимса У Зотга шукр қилмагандир;

– қалб қаттиқлигини кетказади;

– Аллоҳнинг изни ила неъматларни чақиради, азобларни даф этади;

– Аллоҳ таоло фаришталарга зокир бандалари билан мақтанади;

– давомли зикр қайтариш нафл ибодат (хоҳ вужуд билан, хоҳ мол билан ёки ҳар иккиси билан қилинган) ўрнига ўтади;

– бошқа ибодатларга катта ёрдамчи бўлади;

– қалбдан барча дунёвий қўрқувларни кетказади;

– олдинроқ қилишга тоқати етмаган ишларни бажариши учун бандага куч беради;

– зокирнинг содиқлар билан бирга тирилишига умид қилинади;

– банда билан жаҳаннам ўртасида девор бўлади;

– қийинни осонлаштиради, фақирни бой қилади;

– фаришталар зокир учун истиғфор айтишади;

– Аллоҳни кўп зикр қилиш мунофиқликдан муҳофазаланишдир;

– ҳеч бир солиҳ амалда бўлмаган лаззати ва тоти бор;

– уйда, йўлларда, ишхона каби жойларда зикрни кўп айтиши банданинг қиёматда гувоҳларини кўпайтиради. Чунки ер юзи у кунда зокирга шоҳидлик беради.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan