Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо!

Хатми Қуръонга марҳабо!

Қуръон оятларини олиб тушган Жаброил алайҳиссалом фаришталарнинг энг афзали бўлди.
Қуръон нозил бўлган Рамазон ойи ойларнинг султони бўлди.
Қуръон нозил бўлган Лайлатул қадр кечаси кечаларнинг энг афзали бўлди.
Қуръон нозил бўлган пайғамбаримиз с.а.в. пайғамбарларнинг энг афзали бўлдилар.
Қуръон нозил бўлган уммат умматларнинг энг афзали бўлди.
Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганлар умматнинг энг афзали бўлдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилдилар:

خيركم من تعلم القرأن و علمه

“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир”.

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримизга нозил қилинган, тиловати ибодат бўлган муқаддас каломдир. Уни тиловат қилишнинг ҳам ўзига яраша тартиб ва қоидалари бор. Аллоҳ таоло:

“Қуръонни тартил билан тиловат қилинг”, деб марҳамат қилган.

Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз  навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Халқимизга Қуръон тиловати ва унинг қоидаларини улуғ устозлар таълим беришган. Бугунги кунда ҳам таълим масканларида Қуръон, Қуръон илмлари, тажвид каби фанлардан талабаларга чуқур сабоқ берилмоқда. Шунинг учун ҳам юртимиз қорилари халқаро мусобақаларда қатнашиб нуфузли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Халқимизга Қуръони карим хатмонасининг тартиб ва қоидалари баён қилинган “ХАТМИ ҚУРЪОНГА МАРҲАБО” номли китобни элимиз суйган ёш исломшунос олим, ҳофизул Қуръон Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид муборак Рамазон ойига туҳфа сифатида тақдим этди.

Китоб жуда гўзал тарзда энг зарурий мавзу ва масалаларни ўз ичига олган ҳолда таълиф этилди. Китобда муаллиф “Аҳли Қуръон дўстларга кўнгил нидоси” номли сарлавҳа остида Қуръон аҳлига ният, тажвид, қироат суръати, маъноларини тушуниш, Қуръонни оҳанг билан ўқиш каби масалаларда энг қимматли маълумотларни келтирган. Жаҳонгир Амир Темур томонидан Самарқандга чорлаб келтирилган Қуръон ва тажвид илмларининг моҳир устози Шамсиддин Муҳаммад Жазарий ҳақидаги тарихий маълумотлар ўқувчини қизиқтириб қўйиши табиий. Бундан ташқари китобда нодир ва мумтоз саҳиҳ ҳадисларнинг келтирилиши ўқувчи қалбида мунаввар ҳислар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Масалан,

Анас ибн Молик р.а. ривоят қиладилар:

“Набий алайҳиссалом Убайга: “Аллоҳ сенга “Лам якуниллазийна кафаруу”ни ўқиб беришимни буюрди”, дедилар. У: “У Зот менинг исмимни айтдими?” деди. У Зот: “Ҳа”, дедилар. Шунда Убай йиғлаб юборди. (Бухорий ривояти)

Имом Байҳақий “Сунан”да Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилади:“Биз ҳаётимизда шундай бир даврда яшадикки, унда биримизга Қуръондан олдин имон берилар эди. Муҳаммад с.а.в.га Қуръон нозил бўлар, биз унинг ҳалолу-ҳаромини, амру-тақиқларини ва унинг қаерларида тўхташ кераклигини ўрганар эдик, худди сизлар бугун ўрганаётгандек. Кейинги пайтларда эса шундай кишиларни кўряпманки, уларга имондан олдин Қуръон берилмоқда. Сўнг у унинг бошидан охиригача ўқиб чиқяптию, амри нима, тақиқи нима, унинг қаерларида тўхташ керак, билишмайди ва уни сифатсиз хурмони сочиб юборгандек сочиб юборишади”.

Китобда саҳобаи киромлар, салафи-солиҳлар ҳамда буюк зотларнинг Қуръонга бўлган мухаббатлари, уларнинг хатм қилиш борасидаги услублари батафсил ёритилган.

Бундан ташқари Рамазон ойида адо этиладиган таровиҳлар, таровиҳ тасбиҳлари ҳақидаги фиқҳий маълумотлар барча учун фойдалидир.

قال الحكماء : القرأن كالصاحب ، كلما طالت الصحبة عرفت اسراره ،  فالصاحب لا يعطي سره   لمن يجالس معه لحظة ثم ينصرف

Ҳакимлардан бирлари шундай дейдилар:

“Қуръон инсон учун дўст кабидир. Қанчалик суҳбат узун бўлса, шунчалик унинг сирларини билиб борасан. Дўст эса бир лаҳза суҳбат қилиб кейин юз ўгириб кетувчи кишига сирларини очмайди”.

Бугунги табаррук кунларда Қуръон билан яқин дўст бўлиш, уни ўрганишга ғайрат қилиш файзли кунларнинг тароватини янада зиёда қилади.

Шунинг учун вилоятимиз сайтида муҳтарам қоримиз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг мазкур китобидан лавҳалар бериб боришга қарор қилдик. Аллоҳ барчамизга манфаатли бўлишини насиб айласин. Муаллифнинг илмий ижодига Аллоҳ таоло барака ато этсин. Қуръон нозил қилинган ойдаги ибодатларимизни Яратган қабул айлаб каломига бўлган мухаббатимизни янада зиёда қилсин!

                                                 Тошкент вилояти бош имом-хатиби 
                                                                               Хайрулла Турматов