Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 7

Хатми Қуръонга марҳабо – 7

«ХАТМИ САҒИР» ҲАҚИДА

 

«Хатми сағир» аслида «Кичик хатм» дегани бўлиб, у «Хатми кабир», яъни Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқишнинг муқобили ўлароқ ишлатилади. Ушбу амалнинг бундай номланиши Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келиши ҳақидаги ҳадисдан келиб чиқиб, ушбу сурани уч марта ўқиш кичик хатм бўлади, деган умидга асосланган.

Хатми сағирда уч марта Ихлос сураси, кейин Фалақ ва ан‑Нас суралари, сўнгра Фотиҳа сураси ва Бақаранинг аввалги беш ояти ўқилади. Ихлос сурасини уч марта такрорлашни ҳисобга олмаганда, хатм чоғидаги ушбу амал ҳадисларда келган.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللهِ؟ قَالَ: «الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ». قَالَ: وَمَا الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ؟ قَالَ: «الَّذِي يَضْرِبُ مِنْ أَوَّلِ الْقُرْآنِ إِلَى آخِرِهِ، كُلَّمَا حَلَّ ارْتَحَلَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالدَّارَمِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линади:

«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди. «Тушиши билан яна жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан яна жўнайдиган нима дегани?» деди. «Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар».

Термизий, Ҳоким ва Доримий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда Қуръонни хатм қилиб юрувчи киши бир манзилга қўниб, яна йўлда давом этадиган мусофирга, сайёҳга ўхшатилган ва бу Аллоҳга энг маҳбуб амаллардан экани уқтирилган. Бундан Қуръонни хатм қилган киши янги хатм бошлаб қўйиши мустаҳаблиги келиб чиқади. Аммо бу ерда янги хатмдан қанча ўқиш ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳақда имом Жазарий ўзининг «Ан-нашр фил­қироати ал-ъашр» катобида «Қуръони Азимни хатм қилишга тааллуқли ишлар ҳақида»ги фаслда қуйидагиларни ёзади:

«Жумладан, Ибн Касирдан насс (далилий матн) келганки, у Баззий, Қунбул ва бошқаларнинг ривояти асосида хатм сўнгида ан‑Нас сурасига келгач, Фотиҳа сурасини ва Бақара сурасидан кўфаликлар саноғига кўра беш оят – «муфлиҳуун»гача ўқиб қўяр экан. Зеро, мана шу «Тушиши билан қайта жўнайдиган», деб аталади.

Ҳофиз Абу Амр: «Ибн Касирнинг ушбу иши хусусида ривоят қилинган маъсур далиллар бор бўлиб, бунинг асли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳоба, тобеъин ва улардан кейингилардан келган кенг тарқалган машҳур хабарларга бориб етади», деган».

Кейин имом Жазарий ушбу амални ўзининг ва бошқа қироат имомларининг санадлари орқали Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Унга кўра, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога Қуръондан таълим бера туриб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Қуръонни хатм қилиб бераётганида: «Ал-ҳамду»дан ва «Бақара»нинг беш оятидан бошлаб ўқиб қўй. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам у зотга хатм қилиб берганимда худди шундай қилдирганлар», деб айтган.

Мана шундан келиб чиқиб, уламолар Қуръонни хатм қилган киши ан‑Нас сурасини ўқиб бўлгач, янги хатм ҳисобида энг камида Фотиҳа сураси ва Бақаранинг аввалги беш оятини ўқиб қўйишни мустаҳаб санаганлар ва бу амал мусулмонлар ўртасида кенг тарқалган.

Энди ушбу жараёнда Ихлос сурасини уч марта такрорлаб хатм қилишга келсак, бу ҳам аслида Қуръонни хатм қилишда жорий этилган. Бу борада имом Муҳаммад ибн Жазарий мазкур асарида қимматли маълумотларни келтирган. Унга кўра, бу шаклда хатми сағир қилиш аввалги уламолар ва жумҳур қорилар одатида бўлмаган. Қози Ҳаравоний номи билан машҳур бўлган, ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан, қироат илми олимларидан бири, Кўфа қозиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Жуъфий (ваф. 402 ҳиж.) биринчи бўлиб Қуръонни хатм қилишда Ихлос сурасини уч марта ўқишни жорий қилган. У киши ўз устози Аъшодан ривоят қилган қироатини таълим беришда шундай ўргатар эди. Аммо бу ишни Аъшонинг бошқа шогирдлари қилмас эди. Шундан келиб чиқиб, уламолар мазкур амални Ҳаравонийнинг ижтиҳоди дейишади. Бунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қул ҳуваллооҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади» (Муслим ва Термизий ривояти), деган ҳадисларига таяниб, хатми Қуръондаги камчиликларга каффорот, бадал бўлади, деган ниятни қилган. Бу амал Ҳаравонийнинг илмий манзилати ва тарғиби сабабли мусулмонлар ўртасида, хусусан, ҳанафийлар орасида кенг тарқалиб кетган. Чунки Қози Ҳаравоний ҳақида ўз замондошлари: «Кўфада Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан кейин Қози Ҳаравонийгача ундан фақиҳ одам бўлмаган», дейишар эди.

Имом Жазарий Қуръон таълимида бундай қилиш салафи солиҳларда бўлмаганини, ўзи ҳам мўътабар қироат шайхларидан олган таълимида бу иш йўқлигини айтиб, Қуръон таълимида бундай қилмаган яхши, афзали олдинги устозларнинг йўсинлари, деган хулосага келади. Аммо оддий хатм қилганда Қози Ҳаравонийнинг ижтиҳодлари асосида Ихлос сурасини уч бора ўқиб қўйишнинг зарари йўқ, биздаги Қуръон устозлари, жумладан, Шаҳобиддин қори, Муҳаммад Мубин қори, Абулбоқий қори, Ҳабибуллоҳ ҳожи дадалар шундай таълим беришган ва буни мустаҳаб санашган. Бироқ буни шаръий истилоҳдаги вожиб ё суннат даражасида тушунилмаган.

Энди намозда хатм қилганда Ихлос сурасини уч марта такрорлашга келсак, фиқҳ китобларимиздан маълумки, аслида бир намозда бир сурани такрорлаш макруҳ. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ хоссатан Ихлос сурасини бир ракъатда такрорлашни макруҳ санаган ва буни одамлар янги ўйлаб топган ишлардан, деб айтган. У киши: «Бундай қилиш одамларнинг «Қул ҳуваллооҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деган ҳадисни нотўғри тушунишига, талқин қилишларига сабаб бўлади», дейди. Ўша вақтда айрим кишилар мазкур ҳадисдан ўзларича хулоса чиқариб, бир ракъатда хатм қилган даражасига эришишни кўзлаб шундай қилишган экан. Аслида эса ҳадисда суранинг фазли айтилган, холос, «Уч марта ўқисанг, тўкис хатм бўлади», деган маъно айтилмаган, дейди уламолар.

Намозда хатм қилганда, таровеҳларда Ихлос сурасини уч бора ўқиш ҳақида ҳанафий мазҳабининг айрим мутааххир уламолари сўз юритганлар.

«Фатовои ҳиндия»да шундай дейилади:

«Хатм сўнгида Ихлос сурасини уч марта ўқишни баъзи машойихлар яхши санашмаган. Бироқ аксар машойихлар қироатдаги айрим нуқсонларни тўлдириш учун уни яхши иш деб ҳисоблашган. Фақат Қуръонни фарз намозда хатм қиладиган бўлса, биттадан оширмайди».

Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Имдодул‑фатово»да ушбу мавзуга тўхталиб, жумладан, шундай дейди:

«Фатовои оламгирия»да («Фатовои ҳиндия» асарининг яна бир номи) «Нафл намозларда бир сурани такрор ўқиш макруҳ эмас», дейилган бўлиб, давомида «Ёлғиз ўзи ўқийдиган кишига», деб қайдлаб қўйилган. Бундан маълум бўладики, нафл намозларда сурани такрор ўқиш макруҳ эмас ва бу ёлғиз ўқувчи учундир. Аммо таровеҳ намози фарзлар каби жамоат билан адо этилгани боис бу борада унинг ҳукми фарзнинг ҳукми каби бўлади. Демак, таровеҳларда ҳам фарзлардаги каби, бир сурани такрорлаш макруҳдир. Бундан ташқари, Ихлос сурасини уч марта ўқиш қорилар ўртасида одатга айланиб қолган. Бу эса илтизом ҳисобланади. Биринчи далилимиз макруҳи танзиҳийни тақозо қилса, иккинчисига кўра бу иш макруҳи таҳримий ҳисобланади».

«Илтизом» бир нарсани ўзига лозим қилиб олиш деган маънони билдириб, шаръий истилоҳда кишининг шариат лозим қилмаган ишни ўзига лозим тутиб олиши, ҳар доим қилиш керак деб билиши ва қилиши, натижада одамлар шу ишни шаръий талаб деб тушуниб қолишига айтилади. Бу макруҳи таҳримий, ҳаром даражасидаги макруҳ ишдир, чунки бунда динга қўшимча киритиш бор.

Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтмоқчики, таровеҳнинг кўринишда фарз каби мақомга эга экани инобатга олинса, унда бир ракъатда бир сурани такрорлаш танзиҳий макруҳ бўлади. Аммо уни қорилар илтизом қилиб олгани эътиборга олинса, бу иш таҳримий макруҳ бўлади.

Шуни айтиш лозимки, бу борада келтирилган гаплар айрим уламоларимизнинг ижтиҳодлари бўлиб, бу каби амалларда ҳар ким ўз устозидан олган таълимига кўра ҳам иш тутиши мумкин. Бунда шарт шуки, устоз шариат илмларида билимдон, ўз асосига эга, омонатдор, амалли ва айтаётган гапини ўзидан олдинги ана шундай етук устоздан нақл қилаётган бўлиши керак.

Таровеҳда хатм қилишда яна бир масала кўндаланг бўлади. Юқорида айтиб ўтилганидек, хатмни тугатишда янги хатм бошлаб қўйиш суннат амал экан, тугатилаётган хатм билан янги хатмни бир шафъда, яъни икки ракатли намознинг икки ракъатида жамлаган яхшими ёки унинг ўзини алоҳида икки ракъатда ўқиган яхшими? Аниқроқ қилиб айтганда, охирги икки ракъатнинг биринчи ракъатига ан‑Нас сурасигача ўқиб, иккинчи ракъатига Бақарадан ўқийдими ёки Бақарадан қироат қиладиганини алоҳида икки ракъатда ўқийдими?

Биз билган маълумотларга кўра, яқин ўтмишдаги Қуръон устозларидан ҳар икки услуб ҳам нақл қилинган. Мисол учун, Муҳаммад Мубин қори дада раҳматуллоҳи алайҳ янги хатм учун алоҳида икки ракъат ажратган бўлса, Рўзи Қори даданинг ўғли Абдулбоқий Мухдум раҳматуллоҳи алайҳ иккинчи йўсинда иш тутган ва буни устозларидан нақл қилган.

Биринчи услубнинг жоизлигида шубҳа йўқ, чунки унда намознинг барча талаб ва одоблари адо топади, ҳеч қандай монелик йўқ. Фақат биринчи ракъатга Бақаранинг бошидан беш оят ўқиб, иккинчи ракъатга шуни давом эттириш афзал бўлади. Оятул‑Курсийни, Бақаранинг сўнги оятларини ёки бошқа оятларни териб ўқишнинг кароҳияти бор. Умумий фатво ва қоидалар шуни кўрсатади. Айрим жойларда қорилар бу борада ҳаддан ошиб, тўрт‑беш жойдан оятларни териб ўқиб қолишади. Бу мутлақо макруҳ иш. Фақат бир суранинг боши ва охирини ажратиб ўқишни баъзилар жоиз санагани учун биринчи ракъатга Бақаранинг аввалги етти оятини, иккинчи ракъатга сўнги икки оятини ўқишни дуруст деб айтиш мумкин.

Энди иккинчи йўсин ҳақида сўз юритсак. Бу ҳақда «Фатовои ҳиндия»да шундай дейилади:

«Ким намозда Қуръонни хатм қилса, Фалақ ва Ан‑Нас сураларини тугатиб, рукуъга кетади ва иккинчи ракъатга туриб, Фотиҳани ҳамда Бақарадан маълум миқдорда қироат қилади. Сўнг рукуъга кетади. «Хулоса»да шундай келган».

Имом Жазарий «Ан­Нашр»да ўзи ва ўша пайтдаги бошқа устозларининг таровеҳда охирги икки ракъатнинг биринчисига Зуҳо сурасидан Қуръоннинг охиригача, иккинчи ракъатга Бақара сурасидан муяссар бўлганча ўқишларини айтиб ўтади.

Демак, иккинчи усул ҳам жоиз экан. Бу борада ҳам ҳар бир қори ўз устозидан олган таълим асосида, ўз юртидаги уламоларнинг сўзларига кўра икки услубдан бирини танлаши мумкин.