Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 6

Хатми Қуръонга марҳабо – 6

ХАТМИ ҚУРЪОНДА ТАКБИР АЙТИШ МАСАЛАСИ

Хатми Қуръон чоғида такбир айтиш деганда Зуҳо сурасидан бошлаб, то охирги сурагача ҳар сура кетидан такбир айтиш тушунилади. Бунинг суннат амал эканига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтириади:

عَنْ عِكْرِمَةَ بْنَ سُلَيْمَانَ، يَقُولُ: قَرَأْتُ عَلَى إِسْمَاعِيلَ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ قُسْطَنْطِينَ، فَلَمَّا بَلَغْتُ وَالضُّحَى، قَالَ لِي: كَبِّرْ كَبِّرْ عِنْدَ خَاتِمَةِ كُلِّ سُورَةٍ، حَتَّى تَخَتِمَ. وَأَخْبَرَهُ عَبْدُ اللهِ بْنُ كَثِيرٍ؛ أَنَّهُ قَرَأَ عَلَى مُجَاهِدٍ فَأَمَرَهُ بِذَلِكَ، وَأَخْبَرَهُ مُجَاهِدُ؛ أَنَّ ابْنَ عَبَّاسٍ أَمَرَهُ بِذَلِكَ، وَأَخْبَرَهُ ابْنُ عَبَّاسٍ؛ أَنَّ أُبَيَّ بْنَ كَعْبٍ أَمَرَهُ بِذَلِكَ، وَأَخْبَرَهُ أُبَيُّ بْنُ كَعْبٍ؛ أَنَّ النَّبِيَّ r أَمَرَهُ بِذَلِكَ. هَذَا حَدِيثٌ صَحِيحُ الْإِسْنَادِ، وَلَمْ يُخَرِّجَاهُ.

Икрима ибн Сулаймон айтади:

«Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Қустантинга Қуръонни ўқиб бердим. «Ваз‑зуҳо»га келганимда менга: «Такбир айт, то тугатгунингча ҳар суранинг сўнгида такбир айт», деди. Абдуллоҳ ибн Касир унга хабар қилибдики, у Мужоҳидга Қуръонни ўқиб берганида у шунга буюрган экан. Мужоҳид хабар қилибдики, Ибн Аббос уни шунга буюрган экан. Ибн Аббос хабар қилибдики, Убай ибн Каъб уни шунга буюрган экан. Убай хабар қилибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни шунга буюрган эканлар».

Бу ҳадисни имом Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, «Бу санади саҳиҳ ҳадис, аммо икковлари (Бухорий ва Муслим) келтиришмаган», дейди. Бироқ имом Заҳабий унинг саҳиҳлигига шубҳа билдиради ва имом Ҳокимнинг тақририни маъқулламайди. Айрим кишилар саҳобаи киромларнинг ҳаммалари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон ўрганган бўлишларига қарамай, ушбу такбир ҳақида индамаганларидан хулоса қилиб, бу ишнинг суннатлигини инкор қилишади ҳам. Аммо Муҳаммад Маккий Наср барча ҳофизлар такбир ҳақидаги хабарни фақат Баззий марфуъ, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган бўлиб, бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳиднинг таълими сифатида ривоят қилганини таъкидлайди. Нима бўлганда ҳам, ўн қироат имомларидан бири бўлмиш Макка қориси Ибн Касирнинг қироатида хатм чоғида такбир айтиш борлигини барча эътироф этади.

Мазкур ҳадисни Байҳақий ҳам ривоят қилган. Қироат имомлари шайхи Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ан-нашр фил­қироатил-ъашр» номли асарида буни ўзининг ҳадисдаги санади билан ривоят қилади. Шунингдек, у киши бу ҳадисни ва унинг ижросини қироат санади билан ҳам нақл қилган.

Абу Ало Ҳамадоний имом Баззийдан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлиши бир муддат тўхтаб қолади. Мушриклар дарров: «Муҳаммадни Робби тарк этиб юборибди», деб гап тарқатишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ сиқиладилар. Шунда Зуҳо сураси нозил бўлади. Расули Акрам алайҳиссалом бундан ниҳоятда хурсанд бўлганларидан такбир айтиб юборадилар. Кейинроқ Қуръонни хатм қилишда Зуҳо сурасидан ташқари, Қуръоннинг охиригача бўлган ҳар бир сура ниҳоясида Аллоҳни улуғлаш, Қуръон хатм бўлганининг хурсандчилиги, тантанаси учун такбир айтиш кераклигини таълим берганлар. Шунинг учун Қуръонни хатм қилувчи қориларнинг Зуҳо сурасидан Қуръоннинг охиригача ҳар бир сура ниҳоясида такбир айтишлари  мутсаҳаб ҳисобланади.

Такбир – «Аллоҳу акбар», дейиш. У Қуръон эмас. Такбир ҳақидаги мазкур ҳадисни ривоят қилган қироат устози имом Баззий раҳматуллоҳи алайҳдан такбир билан бирга таҳлил ва ҳамд айтиш ҳам нақл қилинган. Имом Жазарий юқорида зикр қилинган асарида бу ҳақда жуда ҳам қимматли маълумотларни батафсил келтиради ва уларни ўзининг қироат санадида нақл қилиб келинганини таъкидлайди. Хулоса шуки, энг афзал ва қулайи такбир билан чекланишдир. Зиёда қилмоқчи бўлганлар таҳлил ва ҳамд ҳам қўшишлари мумкин. Бунинг сурати қуйидагича: «Аллооҳу акбару, лаа илааҳа иллаллооҳу валлооҳу акбару, Аллооҳу акбару валиллааҳил‑ҳамду». Бунда такбир, ҳамд ва таҳлилни бир­бирига васл қилиб – қўшиб айтиш лозим, орада вақф қилиб бўлмайди. Шунингдек, такбирга агар ҳамд қўшилса, албатта таҳлилни ҳам қўшимча қилиш лозим.

Такбир Зуҳо сурасининг сўнгидан бошланади. Фотиҳадан сўнг такбир айтилмайди. Такбирни суралар ўртасида айтишнинг саккиз кўриниши бўлиб, улардан фақат биттаси жоиз эмас. У ҳам бўлса сура охирига такбирни, такбирга басмалани улаб вақф қилиб, янги нафас билан сурани бошлаш. Бунда басмала худди суранинг охирида ўқиладиган оятга айланиб қолгани учун дуруст бўлмайди. Қолган еттитаси қуйидагича:

  1. Ҳаммасини қўшиш. Суранинг охирига такбирни, такбирга басмалани, басмалага кейинги сурани қўшиб ўқиш.

  2. Ҳаммасида вақф қилиш.
  3. Суранинг охирига такбирни қўшиб, тўхташ, сўнг басамалани кейинги сурага қўшиб ўқиш.

  4. Суранинг охирига такбирни қўшиб, тўхташ, сўнг басамалада ҳам тўхтаб, кейинги сурани янги нафас билан ўқиш.

  5. Суранинг охирида тўхтаб, такбирни басмалага, басмалани кейинги сурага қўшиб ўқиш.

  6. Суранинг охирида тўхтаб, такбирда ҳам тўхташ, сўнг басамалани кейинги сурага қўшиб ўқиш.

  7. Суранинг охирида ҳам, такбирда ҳам, басамалада ҳам тўхтаб, кейинги сурани янги нафас билан ўқиш.

Ҳофиз Ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ такбир хусусида яна шундай дейди: «Билгинки, такбир Макка аҳлининг – қорилари­ю уламолари, имомлари ва улардан ривоят қилганларнинг қошида саҳиҳдир. Бунинг саҳиҳлиги ҳаммаёққа тарқаб, машҳур бўлиб, шундай ёйилдики, ҳатто тавотур даражасига етди ва ҳамма ўлкалардаги кишилар хатм чоғида бунга амал қиладиган бўлдилар».

Имом Жазарийнинг таъкидлашича, такбир асосан Макка қорилари қироатларида ривоят қилинган. Улар ҳатто таровеҳ намозида ҳам такбир айтишган. Аммо жумҳур буни танқид қилган. Айниқса, бизнинг ҳанафий мазҳаби уламолари бунга рухсат беришмаган. Такбир кейинроқ бошқа юрт қорилари ўртасида ҳам кенг тарқалган. Аҳмад Баззийнинг таъкидлашича, имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким хатмда такбирни тарк қилса, бир суннатни тарк қилган бўлади», деб айтган экан.

Бизда айрим жойларда, хусусан, мавлид маросимларида хатми сағир қилинганда Ихлос, Фалақ ва ан‑Нас сураларининг ортидан такбир‑таҳлил айтиш мазкур ривоятларга асосланган. Шу билан бирга, бир гуруҳ қироат имомлари Зуҳо сураси ва ундан кейинги сураларнинг сўнгида хатм бўлмаган тақдирда ҳам такбир айтиш мумкинлигини айтишган. Айрим машҳур қориларнинг қироатларида суралар ўртасида такбир айтиш шунга асосандир.

Такбир қироатга тобе ҳисобланади. Шу боис овоз чиқариб қироат қилаётган одам такбирни ҳам овоз чиқариб айтади, ичида ўқиётган бўлса, такбирни ҳам ичида айтади. Намозда хатм қилинганда такбир айтилмайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Шотибий тариқасида фақат Баззийнинг Ибн Касирдан қилган ривоятида бор. Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятида хатм чоғида такбир айтиш эса Жазарийнинг айрим тариқаларида бор. Бу ҳақда кенгроқ маълумотга эга бўлиш учун тегишли манбаларга мурожаат қилиш тавсия этилади Қаранг: Одинахон Муҳаммад Юсуф. «Муфассал тажвид». Ташкент. «Ҳилол‑Нашр» 2014.  176–183-бетлар.