Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 4

Хатми Қуръонга марҳабо – 4


ХАТМ ЕТКАЗИШ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ?

 

Ҳар бир мусулмон кишида аввало Қуръон саводи бўлиши керак. Бунинг учун бугун талай имкониятлар бор, фақат қунт қилинса бас.

Қуръони Каримни ҳамиша ўқиб юриш учун ундан ҳаловат топа билиш даркор. Бунинг учун эса Қуръонни яхши ўқий олиш ва турмушини ҳам Қуръонга монанд қилиш талаб этилади. Инсоннинг қалби гуноҳ кири билан қопланиб қолган бўлса, ҳаёт тарзи ғофилликда ўтса, Қуръон ўқишга бўлган иштиёқи ҳам сустлашиб қолади. Шу боис салафи солиҳлар кечаси таҳажжудга тура олмаётганидан шикоят қилган кишига гуноҳлардан четланишни тавсия этар ва: «Кундузи гуноҳ лойига ботган киши тунда Аллоҳ билан суҳбатлаша олмайди», дер эдилар.

Шу билан бирга, Қуръондан кунлик вазифа белгилаб, уни адо этишга қатъий риоя қилиш лозим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилганлар. Юқоридаги Авс ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят бунга ёрқин далилдир. Унга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунги вазифаларини тугаллай олмаганлари кечга яқин эсларига тушиб қолган ва ўшани ўқиб қўйиб, кейин саҳобаларнинг ҳузурларига чиққанлар.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ айтардилар: «Киши ўзига вазифа юклашда бироз куч талаб қиладиган миқдорда белгилаш керак, шунда ўсиш бўлади. Мўлжални жуда бемалол олса, вақтини исроф қилишга одатланиб қолиши мумкин. Кейин ўша вазифага кўникма ҳосил қилгунича бироз ўзини мажбурлаши керак. Бир муддатдан кейин ўзи ўша вазифани бажармаса ухлолмайдиган бўлиб қолади».

 

ХАТМИ ҚУРЪОННИНГ ФОЙДАЛАРИ
ВА УНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАДЛАР

 

Исломда қайси амал буюрилган, тарғиб қилинган бўлса, унинг инсон учун қатор манфаатлари бор бўлиб, у аниқ мақсад сари қаратилган бўлади. Жумладан, Қуръонни хатм қилишда ҳам жуда кўп фойда ва мақсадлар бор. Биз улардан асосийларини эслаб ўтамиз.

– Хатми Қуръон қилиб туриш энг афзал амаллардандир.

عَنْ زُرَارَةَ بْنِ أَوْفَى: أَنَّ النَّبِيَّ r سُئِلَ: أَيُّ الْعَمَلِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ». قِيلَ: وَمَا الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ؟ قَالَ: «صَاحِبُ الْقُرْآنِ يَضْرِبُ مِنْ أَوَّلِ الْقُرْآنِ إِلَى آخِرِهِ، وَمِنْ آخِرِهِ إِلَى أَوَّلِهِ، كُلَّمَا حَلَّ ارْتَحَلَ».

Зурора ибн Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» дея сўралди. У зот: «Тушиши билан яна жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан яна жўнайдиган нима дегани?» дейилди. «У Қуръон соҳиби бўлиб, Қуръоннинг аввалидан охиригача, охиридан аввалига қараб ўқийди, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетади», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривояти.

Яъни Қуръонни бир четдан ўқиб келиб, якунлаб, яна бошидан хатм бошлаш энг афзал амаллардан экан.

– Хатми Қуръон қилган кишига фаришталар салавот айтадилар.

عَنْ عَبْدَةَ قَالَ: إِذَا خَتَمَ الرَّجُلُ الْقُرْآنَ بِنَهَارٍ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ فَرَغَ مِنْهُ لَيْلًا صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُصْبِحَ. رَوَاهُ الدَّارَمِيُّ.

Абададан ривоят қилинади:

«Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар».

Доримий ривоят қилган.

Абда ибн Абу Лубоба раҳматуллоҳи алайҳ Куфий буюк тобеъинлардан ҳисобланади.

«Салавот» луғтда дуо, эзгу тилак, ибодат деган маъноларни англатади. Салавот Аллоҳдан бўлса, раҳмату илтифот, ёрлақаш, фаришталардан бўлса, истиғфор, тилак, банда тарафидан бўлса, хайрли дуо ва яхшилик сўраш маъноларини билдиради.

– Қуръон хатм қилинганда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади.

عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: الرَّحْمَةُ تَنْزِلُ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлади».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Мужоҳид ибн Жабр раҳматуллоҳи алайҳ – буюк тобеъин имомлардан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг шогирди.

– Қуръонга боғлиқлик. Мўмин киши ҳамиша Қуръонга ошно бўлиши лозим.

– Қуръонни унутишнинг олдини олиш. Ҳар бир мўмин банда Қуръондан имкон қадар кўпроқ ёд олиши ва ёд олган оятларини эсда сақлаши лозим. Айниқса Қуръон ҳофизлари ҳамиша Қуръонни такрорлаб туришлари лозиму лобуддир.

عَنْ أَبِي مُوسَى، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «تَعَاهَدُوا الْقُرْآنَ، فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنَ الْإِبِلِ فِي عُقُلِهَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга ҳушёр бўлинг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қочқоқликда тушовдаги туядан ҳам тездир», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «عُرِضَتْ عَلَيَّ أُجُورُ أُمّتِي، حَتَّى الْقَذَاةُ يُخْرِجُهَا الرَّجُلُ مِنَ الْمَسْجِدِ، وَعُرِضَتْ عَلَيَّ ذُنُوبُ أُمَّتِي، فَلَمْ أَرَ ذَنْبًا أَعْظَمَ مِنْ سُورَةٍ مِنَ الْقُرْآنِ أَوْ آيَةٍ أُوتِيَهَا رَجُلٌ ثُمَّ نَسِيَهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менга умматимнинг ажрлари намойиш этилди, ҳатто кишининг масжиддан олиб чиқиб ташлаган гарди(нинг ажри) ҳам. Яна менга умматимнинг гуноҳлари ҳам намойиш этилди. Кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, кейин уни унутишдан кўра улканроқ гуноҳни кўрмадим».

Термизий ривоят қилган.

 

Қуръонни унутишнинг олдини олишнинг энг самарали йўли Қуръонни хатм қилиб туришдир.

– Қуръон тиловатидан баҳрамандлик. У билан дилни тозалаш ва тилни безаш.

– Қуръон маъноларидан бохабарлик, уларни тадаббур қилиш, мазмунини чақиш ва қалбга сингдириш. Қуръонни тушуниб ўқиган киши ҳар гал ўқиганда янги‑янги маънолар кашф этади, олдин тушуниб етмаган ҳақиқатларни англаб боради.

– Қуръонга тилни бурро этиш. Қуръон ўқиб юрган одам билан уни доимий ўқиб юрмайдиган одамнинг тили Қуръон ўқишга бир хил келмайди, албатта. Қуръонни яхши ўқий олиш мўмин киши учун улкан шараф ва юксак фазилатдир.

عَنْ عَائِشَةَ، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَهُوَ مَاهِرٌ بِهِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши мукаррам, олийжаноб элчи фаришталар билан биргадир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

– Қуръонни домий такрор қилиб туриш тилни равон қилади, кўзни равшан этади, ақлни пешлайди. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Қуръон ҳофизининг ақли заифлашмайди, хотираси кетмайди», деган.

– Қуръонни хатм қилиш дуолар мустажоб бўлишига сабаб бўлади.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «مَنْ قَرَأَ الْقُرآنَ – أَوْ قَالَ: مَنْ جَمَعَ الْقُرْآنَ – كَانَتْ لَهُ عِنْدَ اللهِ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ، إِنْ شَاءَ عَجَّلَهَا لَهُ فِي الدُّنْيَا، وَإِنْ شَاءَ أَخَّرَهَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Қуръонни ўқиб чиқса [ёки «жамласа», дедилар], унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради».

Табароний ривоят қилган.