Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо-3

Хатми Қуръонга марҳабо-3


САЛАФИ СОЛИҲЛАР ҲАЁТИДАН НАМУНАЛАР

Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи эканида шубҳа йўқ. Ушбу ҳақиқатни яхши англаб етган мусулмон уммати, хусусан, уларнинг илк авлоди Қуръонга ўзгача эътибор бериб, ўз ҳаётларини бу илоҳий арқонга чамбарчас боғлаб олишган эди. Улар Қуръонсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олишмасди. Салафи солиҳларимиз, улуғ аждодларимиз ҳаётнинг бошқа жабҳаларида барчага ўрнак бўлганлари каби, Қуръони Каримга боғлиқлик, уни хатм қилиш хусусида ҳам ҳаммамиз учун гўзал намунадирлар. Шу боис навбатдаги суҳбатимиз шу ҳақда боради.

Юқорида айтилганидек, саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг кўпчилиги Қуръони Каримни бир ҳафтада ёки бир ойда хатм қилишни вазифа қилиб олишган эди. Бу улар учун оддий ҳолат бўлган. Шунинг учун ҳам бу борада келган хабарлар жуда кўп. Биз ҳозир улардан айрим машҳурларини намуна сифатида келтириб ўтамиз. Бу маълумотлар ғайрат ва ҳимматимизни уйғотиб, Қуръони Каримни ўқишга бўлган иштиёқимизни зиёда этса, ажаб эмас.

* Қосим ибн Салом ўзининг «Қуръон фазилатлари» номли асарида саҳиҳ санад билан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдурраҳмон айтадики, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу жумадан жумагача Қуръонни бир ўқиб чиқар экан. Рамазонда эса ҳар уч кунда хатм қилар экан».

* Ибн Абу Шайба Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилишича, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳар етти кунда бир хатм қилар экан.

* Абу Муҳаллабдан ривоят қилинади:

«Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қуръонни ҳар саккиз кечада хатм қиларди. Тамим Дорий розияллоҳу анҳу эса етти кунда хатм қилар эди».

* Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юнусдан ривоят қилинади:

«Маъруф ибн Восил Таймий «Бану Амр ибн Саъд» масжидида имом эди. У сафарда ҳам, муқимликда ҳам ҳар уч кунда Қуръонни хатм қиларди. Қавмига олтмиш йил имомлик қилиб, бирор марта ҳам намозда саҳв қилмади, чунки намоз унинг учун ўта аҳамиятли эди».

* Салом ибн Абу Мутиъдан ривоят қилинадики, буюк тобеъин Қатода раҳматуллоҳи алайҳ ҳар етти кунда хатм қилар экан. Рамазон келса, уч кунда  ва унинг охирги ўн кунлигида эса ҳар куни бир хатм қилар эди.

* Солиҳ ибн Умар Холийдан ривоят қилинади:

«Ҳасан Басрий асҳоблари билан ўтирарди. То Мансур ибн Зозон Қуръонни хатм қилмагунча ўрнидан турмасди».

* Сулаймон Аъмаш улуғ фақиҳ Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: «Алқама Қуръонни беш кунда, Асвад ибн Язид олти кунда, Абдурраҳмон ибн Язид эса етти кунда хатм қилар эди».

Ушбу саналган кишилардан Алқама раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг энг йирик шогирдларидандир. Асвад ибн Язид розияллоҳу анҳу – саҳобий, Иброҳим Нахаъийнинг тоғаси. Абдурраҳмон ибн Язид эса Асвад розияллоҳу анҳунинг укаси, тобеъинларнинг пешволаридан. Иброҳим Нахаъий ўзи ҳам тобеъинлардан бўлган. У киши Рамазонда ҳар уч кунда бир хатм қилар, охирги ўн кунликда эса икки кунда хатм қилар экан.

* Муҳаммад ибн Фузайл ибн Ғазвон отасидан ривоят қилади: «Курз ибн Вабранинг уйига кирдим. Кўп тик тургани учун намозгоҳида бир чуқурча қилиб, унга похол тўлдириб, устига мато тўшаб қўйган экан. У бир кеча‑кундузда уч марта хатм қилар эди».

Яъни улуғ тобеъин Курз ибн Вабра раҳматуллоҳи алайҳ қиёмда узоқ туриш учун оёқ остини юмшоқ қилиб, махсус жой ҳозирлаб олган экан. Бу ҳам бўлса, уларнинг ибодатга жуда ҳам иштиёқманд, ҳарис бўлганларидан эди.

* Муҳаммад ибн Мисъар айтади: «Отам Қуръоннинг ярмини ўқимагунча ухламас эди. Вазифасидан фориғ бўлгач, ридосини юмалоқ қилиб ўраб, ўшанга бош қўйганча бироз мизғиб оларди. Кейин худди бирор нарсасини йўқотиб қўйиб, ахтараётган одамдек, сакраб турарди‑да, тишини мисвоклаб, таҳорат қилиб, меҳробга юзланар, шу ҳолда тонггача бедор бўларди. У бу ишини иложи борича махфий тутишга ҳаракат қиларди».

Муҳаммад ибн Мисъарнинг отаси Мисъар ибн Кудом буюк муҳаддис, обид, ўз даврида Ироқнинг энг улуғ шайхи бўлган. У ҳижрий 155 санада вафот этган.

* Ато ибн Жабала айтади: «Мансур ибн Муътамирнинг онасидан Мансурнинг амаллари ҳақида сўрашган эди, у шундай деди: «У кечанинг учдан бирида Қуръон ўқир, кейинги учдан бирида йиғлаб, қолган қисмида дуо билан машғул бўларди».

Мансур ибн Муътамир кўфалик улуғ муҳаддислардан бўлган, ҳижрий 133 санада вафот этган.

* Ҳофиз ибн Асокирнинг ўғли Қосим айтади: «Отам ҳамиша жамоат намозига қатнашар ва Қуръон тиловат қилар эди. Ҳар жума Қуръонни хатм қиларди. Рамазонда эса ҳар куни бир хатм қиларди».

* Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ имом Ҳокимдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Менга Муҳаммад ибн Холид хабар бердики, Муқсим ибн Саъд шундай дебди:

«Рамазоннинг биринчи кечасида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг олдига асҳоблари тўпланар, у киши уларга намоз ўқиб берар эди. Ҳар ракъатда йигирма оят ўқир ва шу зайлда Қуръонни хатм қиларди. У саҳарда Қуръондан ярмидан учдан бир қисмигача ўқир ва ҳар уч кечада саҳар чоғида хатм қилар эди. Шунингдек, Рамазонда ҳар куни кундузи Қуръонни бир хатм қиларди ва хатми ифтор пайтида бўларди. У: «Ҳар хатм пайтида ижобат бўладиган дуо бор», дер эди».

* Имом Бухорийнинг шайхи Алий ибн Мадиний раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, буюк муҳаддислардан бири Абдурраҳмон ибн Маҳдий ҳар икки кечада хатм қилар экан. Унинг ҳар тунги вазифаси Қуръоннинг ярмини ўқиш бўлган.

* Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» номли китобида имом Осимнинг шогирди, қироат илми имомларидан бири Абу Бакр Шуъба ибн Айёш раҳматуллоҳи алайҳнинг бир шогирдидан қуйидагиларни нақл қилади: «Абу Бакрнинг қорачиғи оқиб тушди. Шунда у менга: «Уни кафтимга қўй­чи», деди. Мен уни кафтига қўйдим­у, йиғлаб юбордим. Шунда у: «Менга йиғлаяпсанми, ҳолбуки, мен саксон йил Қуръон ўқидим­ку?! Сенга яна бир бошқа нарсани ҳам айтиб берайин, ўғлим. Мен касал бўлганимда ҳар кеча албатта Қуръон ўқирдим», деди».

* Хатиб Бағдодий ёзади: «Шуъбанинг вафоти яқинлашганда синглиси йиғлади. Шунда буюк имом: «Нега йиғлайсан? Анави бурчакка қара, мен у ерда ўн саккиз минг маротаба хатм қилганман», деди.

Салафи солиҳлар ичида бир кеча‑кундузда бир марта хатм қилганлар жуда ҳам кўп бўлган. Жумладан, Усмон розияллоҳу анҳу, Тамийм Дорий, Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, имом Шофеъий ва бошқаларни – Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин – санаб ўтиш мумкин. Асвад ибн Язид розияллоҳу анҳу Рамазон ойида ҳар кеча битта, бошқа пайтда эса олти кунда бир хатм қилар эди.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ «Ат‑Тибйан фи адаби ҳамалат ал‑Қуръан» китобида бир кунда уч марта, тўрт марта ва ҳатто саккиз марта хатм қилганлар ҳам ўтганини нақл қилади. Мисол учун, Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Миср қозиси бўлган Сулайм ибн Итр бир кеча‑кундузда уч бора, бир ривоятда тўрт бора хатм қилишини зикр қилади.

* Буюк тобеъинлардан Абу Абдурраҳмон Суламий раҳматуллоҳи алайҳ айтди: «Мен Шайх Абу Усмон Мағрибийнинг «Ибн Котиб розияллоҳу анҳу кундузи тўрт маротаба ва кечаси тўрт маротаба хатм қилар эди», деганларини эшитганман. Имом Нававий ушбу гапни келтира туриб: «Бир кеча‑кундузда энг кўп хатм қилганлар хусусида бизгача етиб келган хабарлар ичида энг юқори адади шу», дейди.

* Аҳмад Даврақий тобеъинларнинг обиди бўлган Мансур ибн Зозон раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида сўзлаб, шундай дейди: «У пешин билан аср намози орасида бир бора хатм қилар, шунингдек, шом ва хуфтон орасида ҳам бир марта хатм қилар эди. Рамазонда хуфтонни кечанинг тўртдан бир қисми ўтгунга қадар кечга сурар эди. У Рамазон ойида шом билан хуфтон ўртасида Қуръонни икки марта тугатиб, яна озгина ўқиб қўяр эди».

* Абу Довуд саҳиҳ санад билан Мужоҳиднинг Рамазон ойида шом билан хуфтон оралиғида Қуръонни хатм қилишини ва бу Рамазоннинг ҳар кунида такрорланишини ривоят қилган.

Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Улуғ тобеъин Алий Аздий Рамазон ойида ҳар кеча шом ва хуфтон орасида бир бора хатм қилар эди».

* Улуғ саҳобий Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг ўғли, Мадина фақиҳи Иброҳим ибн Саъд ҳақида ўғли шундай ҳикоя қилади: «Отам сонларини ёпиштириб чўкка тушиб ўтириб олиб, то Қуръонни хатм қилмагунча оёқларини ёзмас эди. Рамазоннинг йигирма бир, йигирма уч, йигирма беш, йигирма етти ва йигирма тўққизинчи кунларида хатм қилмасдан оғиз очмас эди. У шом билан хуфтон орасида ифторлик қилар ва кўпинча мени юбориб, мискин кишиларни чақиртириб, улар билан ифторлик қилар эди».

* Абдулкарим ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

«Менга айтишларича, Ибн Сириннинг қизи Ҳафса ҳар кеча Қуръоннинг ярмини ўқир экан».

* Ҳажжож ибн Зайддан ривоят қилинади:

«Улуғ тобеъин Талиқ ибн Ҳабиб: «Мен белим толгунча Аллоҳ учун қоим бўлишни яхши кўраман», дер ва кечаси намоз ўқиганда Қуръоннинг аввалидан бошлаб, Ҳижр сурасигача (яъни 14 пора) ўқир эди».

* Имом  Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтди: «Зоҳид, обид, Абу Аббос ибн Муҳаммад ибн Саҳл ибн Ато Адамий ҳар куни бир хатм қиларди. Рамазонда эса тўқсонта хатм қиларди. У тафаккур ва тадаббур билан ўқиш учун алоҳида бир хатм бошлаган эди, ўн йилдан ортиқ муддат кетиб қолди».

* «Сифатус‑софва» китобида таъкидланишича, Абу Аббос  Адамий раҳматуллоҳи алайҳ Қуръоннинг яширин маъноларини англаш учун алоҳида бир хатм бошлаб, ўн неча йилда ҳам тугата олмаган ва хатм якун топмай, вафот этган. У киши ҳижрий тўртинчи асрнинг йирик машойихларидан бўлган.

Ҳа, Ислом умматининг дастлабки авлодлари, улуғ аждодларимиз Қуръони Каримга ана шундай боғланган, ҳиммати баланд кишилар бўлишган. Уларнинг ютуқлари, буюкликлари ҳам шунда эди. Бу мавзунинг давомини Рамазонда хатм қилиш хусусида ёзиладиган битикларга қолдирамиз.