Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 12

Хатми Қуръонга марҳабо – 12

АҲЛИ ҚУРЪОН ДЎСТЛАРГА КЎНГИЛ НИДОСИ 

  1. Маънога эътибор беринг. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда аксарият қориларимиз илм олишга ҳам интилмоқда. Пойтахтимиздаги кўпгина масжидларда Тошкент Ислом институтининг қорилари, у ердаги «Таҳфизул‑Қуръон» (Қуръон ёдлатиш) бўлими талабалари хатмга ўтишмоқда. Вилоятларда ҳам хатмларга биринчи навбатда мадрасалардаги қорилар жалб қилинади. Уларнинг деярли барчаси араб тилини тушунадиган, тафсир, ҳадис ва бошқа илмлардан ўзларига яраша билимга эга, улардан хабардор кишилардир. Албатта, бу қувонарли ҳол. Шундай экан, муҳтарам қориларимиз зиммаларидаги масъулиятдан келиб чиқиб, Қуръони Каримни хатм қилишда бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Хусусан, Қуръони Каримни одамларга эшиттиришда оятларнинг мазмунини аввало ўзларига сингдиришга уринишлари ва шу орқали ушбу руҳни тингловчиларга ҳам улаша билишлари керак.

Қироатда оятнинг маъносига эътибор бериш кони фойдадир, бу иш кўплаб жиҳатларда ўз самарасини беради. Мисол учун, ҳар ракъатдаги қироатни маънога кўра бошлаб, шу асосда тамомлаш. Қорилар одатда Қуръони Каримни саҳифа‑саҳифа ёд олганлари учун таровеҳ ракъатларида ҳам саҳифага қараб бўлиш осондек туюлади. Аммо барчамизга маълумки, Қуръони Каримнинг ҳозир биз кўриб тургандек саҳифаланиши, яъни бир поранинг ўн варақдан иборат бўлиши кейинчалик вужудга келган. Авваллари саҳифалар турлича бўлган. Тақсим одатда сура, оят ва мазмун асосида қилинган. Ёш қориларга бир нарса дея олмасак ҳам, тажрибали қорилар ракъатларда оятларнинг маъносига эътибор берсалар, жуда гўзал иш бўлади, бу нарса хатмга ўзгача тароват бахш этади. Айниқса Қуръони Каримнинг маъноларини тушуниб турган тингловчи учун бу жуда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам айрим тажвид китобларида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилган.

Қироатда нафас олиш учун тўхташни «вақф» – тўхташ дейилади. Қироатни тамомлашни эса вақфдан фарқлаш учун «қатъ» – узиш дейилади. Вақф «томм» (тугал), «кофий», «ҳасан» ва «қабиҳ» деган турларга бўлинади. Тугал вақф деб ўзидан кейинги калимага маънода ҳам, лафзда ҳам боғлиқлиги бўлмаган калимада тўхташга айтилади. Мисол учун, ҳар суранинг сўнгидаги вақф «томм» бўлади. Бирор калимада тўхталганда юқоридаги маъно бутун чиқса‑ю, мавзу тугамаган бўлса, бундай вақф «кофий» бўлади, чунки бунда умумий маънода боғлиқлик бор. Ўзидан кейинги оятга маънода ҳам, лафзда ҳам боғлиқ бўлган, аммо тўхталса, маънога путур етмайдиган калимада тўхташ эса «ҳасан» вақф дейилади. Бундай вақф қилинганда бир‑икки калима олдиндан олиб ўқилади. Фақат оятлар сўнгида бўлса, мустасно бўлиб, оятда тўхташ суннатлиги эътиборидан кейинги оят бошидан давом эттириб кетилаверади. Қироат уламолари айтадиларки, қатъ, яъни қироатни тўхтатиш учун энг муносиби вақфи томм, ундан кейингиси вақфи кофийдир. Вақфи ҳасан ва вақфи қабиҳларда қироатни тўхтатиш дуруст бўлмайди.

Худди шунингдек, мазкур тақсим ибтидога, яъни қироатни бошлашга нисбатан ҳам айтилади. Шунга кўра, мавзу бошидан бошлаш томм ибтидо, олдингисига фақат маънода боғлиқ бўлса, кофий, лафзан ҳам боғлиқ бўлса, ҳасан бўлади. Агар мазмунга халал бўлса, бу қабиҳ ибтидо ҳисобланади. Бунга уламолар айрим намуналар келтирадилар.

Мисол учун, намоздаги ҳолатни олайлик. Ҳар бир ракъат бир мажлис ҳисобланади ва ундаги қироатнинг якунланиши қатъ саналади. Иккинчи ракъатдаги қироат эса ибтидо ҳисобланади. Бинобарин, ҳар бир ракъатни вақфи томм билан тугаллаш ва тугал ибтидо билан бошлаш марғуб ва матлубдир. Муҳими, қабиҳ ибтидодан сақланиш лозим. Бунга уламолар мисол қилиб, «أَلَا إِنَّهُمْ» («Ҳой! Ана улар»), «أُولَئِكَ» («ана ўшалар») каби ундовли, ишорали иборалар билан бошланган оятларни келтирадилар. Ана шундай оятлардан иккитасини олайлик:

«Ҳой! Ана улар, ҳа, айнан улар бузғунчидирлар, лекин ўзлари сезмаслар» (Бақара сураси, 12‑оят).

Бу оятда мунофиқлар назарда тутилган.

«Ана ўшалар залолатни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир» (Бақара сураси, 175‑оят).

Бу оятда Аллоҳ нозил қилган илмларни беркитган кишилар ҳақида сўз кетган.

Маълумки, қори намозда аввал Фотиҳа сурасини ўқийди ва унинг сўнгги оятлари қуйидаги маънолар билан якунланади:

«Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига, ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас» (Фотиҳа сураси, 6-7‑оятлар).

Энди қори ушбу оятлардан кейин юқоридаги оятларни ўқиса нима бўлади? Эшитувчининг онгида улардаги ишора ва олмошлар аввалига ғайриихтиёрий тарзда «неъмат берилганлар»га кетиб қолади. Фотиҳа сурасидан кейин айтиладиган «омин» бир нав фосила бўлса‑да, барибир олмош ўзи қайтадиган жойни «қидириб қолади». Айниқса «омин» махфий айтилгани учун бу ҳол янада бўртиб чиқади. Қуръонга қунт билан қулоқ тутиб турган киши буни дарҳол англайди. Тўғри, бу ерда фикрни жамлаб, маънони тўғри тушунишга монелик йўқ. Аммо қироат илми уламолари Қуръони Каримга бўлган эҳтимомлари ва эҳтиёткорликлари юксаклигидан зеҳнга келиши мумкин бўлган ўша биргина нотўғри мазмуннинг ҳам олдини олишни уқтирганлар, бу ҳол Қуръонга нисбатан энг камида одобсизлик бўлади, дея таъкидлаганлар. Шу билан бирга, қайсидир мунофиқ бундан масхара учун фойдаланиши эҳтимоли ҳам борлиги ҳақида огоҳлантирадилар.

Мавзулар ҳар сура бошланганда янгиланади, бу аниқ ва равшан. Аммо суранинг ўртасида мавзуларнинг тугаш ва бошланишини билиш учун араб тилини билишдан ташқари, тафсир ва сабаби нузул илмларидан, Қуръон услубидан ҳам хабардор бўлиш керак. Шу боис, заҳматкаш уламоларимиз кишиларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида, масаланинг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда мавзулар бўлинадиган ўринларни Қуръони Каримнинг бошидан охиригача белгилаб чиққанлар. Бу ўринлар араб тили, тафсир ва сабаби нузул (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари) илмларига асосан белгиланган. Бу уринишларнинг хулосаси мусҳафларнинг айрим нусхаларида берилган ҳам. Мисол учун, юртимизда «Абдурраҳмоний» номи билан машҳур бўлган мусҳаф нусхасида ҳар‑ҳар ерда оят охирига «ъайн» ҳарфи белгиси қўйилган ва саҳифанинг ҳошиясида унга ишора қилинган. Бу белги деярли ҳар бир варақда топилади. Хусусан, сураларнинг     охирида, қуръоний қиссаларнинг якунида албатта бўлади. У «рукуъ» сўзидаги «ъайн» ҳарфи бўлиб, айнан намозда ўқилганда рукуъ қиладиган жойга ишора сифатида қўйилган. Кейинги йилларда Покистонда чоп қилинган мусҳафларда ҳам бу белгини кўриш мумкин. Хатмга ўтадиган қориларимиз рукуъ учун муносиб ўрин танлашда ҳеч бўлмаганда мана шу мусҳафлардан фойдалансалар, жуда яхши бўлар эди.

Вақф‑ибтидо масаласи қироат илмида ҳам катта эътиборга эга. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан «Қуръонни тартил қил» (Муззаммил сураси, 4­оят), деган оятнинг тафсири ҳақида сўралганда «Тартил – ҳарфларнинг тажвидидир, яъни гўзал тарзда тўкис адо этиш ва вақф ўринларини билишдир», деб тафсир қилганлар. Бу бежиз эмас. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръонни қандай ўрганганлари ҳақида гапира туриб, «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръоннинг қаерларида вақф қилишни ҳам ўрганиб борардик», деганлари ҳам фикримизнинг далилидир.

Қуръоннинг маъноларини бевосита тушуна олмаган қорилар ҳеч йўқ унинг ўзбек тилидаги маъно таржималари ва тафсирларини ўрганишлари шарт. Ахир, қандай қилиб Аллоҳнинг сўзларини ўқиб, бошқаларга етказа туриб, унинг мазмунини англашга қизиқмаслик, бунга интилмаслик мумкин?

Қуръони Карим маъноларига эътибор бериш қироатда оҳанг ва овоз учун ҳам аҳамиятли. Эндиги суҳбатимиз шу ҳақда.

 

  1. Қуръони Каримни оҳанг билан ўқиш керак.

Қуръони Каримнинг хусусиятларидан бири унинг оҳангдорлигидир. Оддий ўқисангиз ҳам, оҳанг келиб чиқаверади. Бу Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унинг ушбу хусусиятини очиб беришга хизмат қилгани учун шариатда Қуръони Каримни оҳанг билан ўқиш буюрилган, тарғиб қилинган. Ҳатто имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳеч бир нарсани Қуръонни оҳанг билан ўқиётган Набийни тинглаганидек тинглаган эмас», «Ким Қуръонни оҳангга солмаса, биздан эмас», деганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли овозда, гўзал оҳангда қироат қиладиган саҳобаларни мақтаганлар, рағбатлантирганлар, бошқаларга намуна қилиб кўрсатганлар, умматлари ичида шундай кишилар борлигидан фахрланганлар ва Аллоҳга ҳамд айтганлар. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тасарруфларида кўпдан-кўп ҳикматлар, манфаатлар бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «Қуръонни шеър ўқигандек шариллатиб ўқиманг», деган гапларида ҳам Қуръонни оҳангсиз ўқишдан қайтариқ бор. Зеро, шеър айтишда ритм бўлган, аммо оҳанг бўлмаган.

Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишга тарғиб қилиш билан бирга, буни қандай амалга ошириш ҳақида ҳам керакли кўрсатмалар берилган. Имом Табароний Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Қуръонни араб оҳангида, савтида ўқинглар. Аҳли китобларнинг ва фисқ аҳлининг оҳангидан ҳазир бўлинглар. Зеро, мендан кейин шундай бир қавм келадики, улар Қуръонни қўшиқ, раҳбонийлик ва навҳа куйи каби куйга соладилар, бироқ бу бўғизларидан нарига ўтмайди. Уларнинг қалблари ҳам, уларнинг бу ҳоллари ёққан кишиларнинг қалблари ҳам фитналанган бўлади».

Бу ҳадис бироз заифроқ бўлса‑да, уламоларимиз унинг мазмуни ақлан ҳам, шаръан ҳам ҳақиқат эканини таъкидлайдилар. Демак, Қуръонни ғайридинларнинг ўз муқаддас китобларини ўқишдаги оҳангига солиш, ёки ашулачиларнинг куйига солиш, ёхуд навҳачи – йиғичи аёлларнинг хиргойиларидек ўқиш мутлақо жоиз эмас. Булар мисол тариқасида айтилган бўлиб, Қуръонга номуносиб бўлган шу каби ҳолатларнинг барчаси ушбу ҳадис остига киришини ҳам унутмаслик керак.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, йўналиши бўлади. Одатда бу ўша халқнинг узоқ йиллик дунёқараши, маданияти, ҳаёт тарзи ва бошқа жиҳатлари таъсирида юзага келади ҳамда шу халқ тилига ҳамоҳанг, монанд ҳолда шаклланади. Табиийки, бир халқнинг сўзи бошқа халқ оҳангида куйланса, кўп жиҳатдан беўхшов чиқади. Бунда ё оҳанг бузилади, ёки сўзларнинг тароватига халал етади.

Қуръони Карим фасиҳ араб тилида нозил бўлган. Бинобарин, унинг учун энг муносиб оҳанг соф араб оҳанги бўлишида шубҳа йўқ. Қуръони Каримнинг иборалари, назмидаги хусусиятлари ҳам айнан араб оҳангида тўла намоён бўлади. Бошқа оҳанглар унинг ушбу жиҳатини очиб бера олмайди, аксинча, унга путур етказиб қўяди. Таъкидлаш лозимки, бу гап бирор халқдаги оҳангларни бошқа халқникидан устун қўйиш, тобеълаштириш учун эмас, балки табиий қонун сифатида, Қуръонинг тароватини асраш, хусусиятларини намойиш этиш мақсадида айтилгандир. Фараз қилайлик, агар ҳар бир халққа Қуръонни ўз оҳангига солишга рухсат берилса, нима бўлади? Агар форс форсча, турк туркча, хитой хитойча, ҳинд ҳиндча, инглиз инглизча оҳангда ўқийдиган бўлса, Қуръоннинг калималари, назми, услубидан асар ҳам қолмайди. Буни англаш учун катта ақл ёки чуқур илм керак эмас, озгина фаросат бўлса бас.

Иккинчи­учинчи ҳижрий асрларда яшаган, Бухорода қироат шайхи бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ Бухорий, унинг шогирди Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мирсид Бухорий, Самарқанда қорилар шайхи, қироатда «Ғуния» китобини ёзган, «Ҳаддодий» дея машҳур бўлган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, Абу Алий Самарқандий ва Муҳаммад ибн Адий Самарқандийлар, шунингдек, тўртинчи­бешинчи ҳижрий асрларда Самарқандаги қироат шайхлари Абу Бакр Аҳмад ибн Абу Ашъас Самарқандий, Аҳмад Саккок Самарқандий, Абдуллоҳ ибн Самарқандий ва унинг укаси Абу Қосим Исмоил ибн Самарқандий каби аждодларимиздан нафақат ўз ватандошлари, балки Ислом оламининг бошқа юртларидан толиблар келиб қироат илмидан таҳсил олганлар. Жумладан, «Ал­ғоя фи қироатил­ъашр» китобининг муаллифи Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон Асбаҳоний, қироат талабида дунё кезганлардан бири Абу Қосим Ҳузалий ал­Мағрибий, буюк муҳаддис Умар ибн Зафар ибн Ҳафс Бағдодий, устоз Абу Жаъфар Ҳаддод каби замонанинг қироат шайхлари уларга қироат илмида шогирд бўлганлар. Бугун ҳам қориларимиз ана шундай барча эътироф этадиган мавқени қўлга киритишлари даркор ва бунга лаёқатлари ҳам етарли. «Оққан дарё яна оқади», дейди доно халқимиз. Хусусан, қориларимиз ичидан халқаро Қуръон мусобақаларида ҳам муносиб ўрин олиб, Ватанимиз шаънини ҳимоя қиладиган, бу юрт юқорида санаб ўтилгандек буюк қорилар юрти бўлганини намоён қила оладиган кишилар чиқиши керак.

Бутун дуёдаги мусулмонлар Қуръони Каримни араб тилида, араб оҳангида тиловат қиладилар. Бу пурҳикмат тамойил айни вақтда мусулмонларнинг бирлик, тенглик рамзи ҳамдир. Шу билан бирга, бу ҳол Қуръони Каримнинг мўъжизалигини яна бир бор намоён этади. Бугун халқаро Қуръон мусобақаларини кузатар экансиз, ушбу ҳолни кўриб, қувонч ва ҳайрат оғушида қоласиз. Хилма‑хил тилда сўзлашадиган турли халқларнинг вакиллари Қуръони Каримни деярли бир хил ўқийдилар. Ҳатто айрим ажам қорилар Қуръонни араблардан ҳам юқори савияда тиловат қилишади. Баъзи қориларнинг араб тилини билмай туриб, шу даражага етишининг ўзи Қуръоннинг инсонлар қалбидан нақадар чуқур ўрин эгаллаганини, ўзига ром этганини кўрсатади. Буларнинг барчаси сизу биз мусулмонларнинг фахру ифтихоримизга сабабдир.

Баъзи халқлардаги айрим оҳанглар араб оҳангига яқин бўлиши, шу сабабли Қуръони Каримга муносиб келиши мумкин, шунингдек, ўша халқ вакиллари ўз оҳангини унга мослаши ҳам мумкин. Айрим қориларимизнинг қироатлари бунга мисол бўла олади. Аммо барибир мезон ўша араб оҳанги бўлиб қолаверади. Бу борада «Биз бировга, фалончиларга умуман тақлид қилмаймиз», дейиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас, чунки агар бу фикр ривожлантирилса, Қуръонни бошқа тилда тиловат қилишгача ҳам бориб етиш мумкин. Бу эса унинг мўъжизалигини йўққа чиқаради, бинобарин, бу ишнинг жоиз эмаслигида шубҳа йўқ. Мусулмон одам бундай фикрлашдан сақланмоғи лозим.

Кейинчалик араб оҳангларини ўзлаштиришни осонлаштириш мақсадида мутахассислар уларни фарқлаб, номлаб ҳам чиқишган. Бу тасниф «мақомот» деб аталади. Мазкур мақомотларнинг айрим кўринишлари бизнинг маҳаллий оҳангларимизда ҳам бир нав учраса-да, барибир тўлиқ мос тушмайди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бу мавзуга чуқур берилсак, асосий мақсад ва моҳиятдан узоқлашиб кетиш мумкин. Шунинг учун айрим олимлар мақомларни ўрганишдан буткул қайтаришади. Аммо ўрта йўлни тутиладиган бўлса, мақомот илмидан зарурат қадар, яъни араб оҳангларини таниш ва фарқлаш учун фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, мазкур қайтариқ араблар учун маъно касб этса‑да, бошқалар учун кўпинча ўринсиздир, чунки бу ҳар бир халқнинг Қуръонни ўз оҳангига солишга уриниб, бузиб юборишига олиб бориши мумкин.

Мақомот илми кейинги пайтларда анча ривожланди. Бизда ҳам борада айрим маълумотлар тарқалди. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаларидан бири бу борада диплом ҳимоя қилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ушбу институтнинг «Таҳфизул­Қуръон» қисми мудири муҳтарам Жалолиддин домла Ҳамрақулов тарафларидан яқиндагина чоп қилинган «Тиловат одоблари» (2016 йил) номли рисолада ҳам бу борада яхши маълумотлар берилган. Умуман олганда, бизда кўп қорилар ўзлари сезган ва сезмаган ҳолда ўша мақомларда ўқишади, бу услублардан жуда яхши фойдаланишади. Одатда улардаги бу кўникма тинглаш орқали ҳосил бўлади. Аммо илмий равишда ўрганиб олинса, мақомот ёрдамида яна ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин. Мисол учун, қори хатмда мақомларни ўз ўрнида алмаштириб турса, мазмунга кўра мақом танласа, тингловчининг ҳоли ҳам янгиланиб туриши, хотири шод бўлиши табиий.

Ўрни келганда яна бир нарса ҳақида ҳам тўхталсак. Айрим кишиларда: «Бизда араб оҳангида ўқийдиган қорилар яқинда пайдо бўлди», деган фикр бор. Бу фикр бир неча жиҳатдан хатодир. Авваллари ҳам қироат устозлари Қуръонни араб оҳангида ўқиганлари шубҳасиз. Бунга юртимиздан чиққан, юқорида санаб ўтилган қироат шайхларини эслашнинг ўзи ҳам етарли далилдир.

Соҳибқирон Амир Темур ўз юртини, хоссатан Самарқанд ва Бухорони гуллаб яшнашига ўз хиссасини қўшиш учун бел боғлаб, ҳар бир соҳадан ўша соҳада даврнинг энг етук олим ва мутахассисларини Самарқандга йиға бошлаганида, диний, маънавий соҳаларга алоҳида эътибор берди. Жумладан, юртни қироат бобида янада ривожлантириш мақсадида, қироат фанида ўз даврида тенги йўқ олим Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Жазарий раҳматуллоҳи алайҳни Самарқандга олиб келди. Имом Жазарий Амир Темурнинг таклифига кўра Самарқандда ва Кишда (Шаҳрисабз) то Амир вафот этгунича Қуръондан таълим берди. У кишидан кўплаб инсонлар Қуръонни ўтказдилар. Жумладан, Абдулқодир ибн Талла Румий, Ҳофиз Боязид ибн Баёз Киший ва Кишнинг ўша пайтдаги қироат шайхи устоз Маҳмуд ибн Баёзлар имом Жазарийдан Қуръон қироатларини тўла ўзлаштирганлар. Буюк Имом Қуръони Каримни қандай ўргатган бўлишлари мумкинлигини ҳар ким ўзи тасаввур қилиб олса ҳам бўлавреди. Буларнинг барчаси юртимизда Қуръон қироатига қандай эътибор бериб келинганига ҳам ёрқин мисоллардир.

Юқоридаги фикримизга яқин ўтмишимиздан ҳам мисол келтириш мумкин. Ўтган асрда юртимизда яшаб, динимизга хизмат қилиб ўтган бир қатор Қуръон устозларини эсга оладиган бўлсак, уларнинг санадлари икки‑учта табақадан кейин дунёга машҳур қорилар – Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Абдулбосит Абдуссомад, Халил Хусарий каби устозларнинг санадлари билан бирлашиб кетади. Андижонлик Рўзи қори домла, Довуд Ҳазрат, Шаҳобиддин қори ака, марғилонлик Муҳаммад Амин домла каби ёзма ижозага эга бўлган, бир неча қироатларни эгаллаган устозларнинг санади Абдуллоҳ Маккий ва бошқа қорилар орқали бутун дунё қорилари силсиласининг бир ярим‑икки аср олдинги халқасига туташади. Демак, асос негиз бир, фақат кейинги табақаларда кишиларнинг қироат илмини ўзлаштиришида тафовут пайдо бўлган бўлиши мумкин.

Рўзи қори домла таҳсилни битириб, Андижонга келганида Муҳаммад Алибой қурдирган «Жомеъ» мадрасасига келади ва талабаларнинг қироатларини эшитиб, уларни қаттиқ койийди. Ҳатто у кишининг танқидларини эшитиб турган шогирдлардан бири – Нишон қори «Мадрасадагилар энди устозни ҳайдаб юборишса керак», деган гумонга боради. Тонгда туришса, аҳвол тамоман ўзгача: мадрасанинг мударрису талабалари мусҳаф қўлтиқлаганча Рўзи қори домладан Қуръонни ўтказиб олиш илинжида туришибди. Қуръонга бўлган мана шу ихлос устознинг ушбу жойда бир муддат таълим беришига сабаб бўлган экан.

Ҳаканликларнинг ҳикоя қилишларича, Довудхон Тўра ҳазратлари Маккаи Мукаррамадан ижоза олиб қайтганида у кишининг бошқачароқ қироат қилаётгани ҳақида хабар тарқалади (афтидан, у киши бизда урф бўлган қироатдан бошқа қироатларда ўқиган бўлсалар керак, чунки у киши етти қироатдан ижоза олган эдилар). Буни эшитган айрим кишилар Намангандан йўлга тушиб, Ҳаканга келишади. Манзилни топиб келиб, қарашса, домланинг шогирдларидан бири отларни парвариш қилиб, Қуръон такрорлаб юрган экан. Унинг қироатига бироз қулоқ тутишса, ғоятда ажойиб, юксак савияда. Ҳушёр меҳмонлар: «Отбоқарининг қироати шу бўлса, овора бўлиб, ўзига учрамай қўя қолайлик», деб остонадан қайтиб кетишган экан.

Шаҳобиддин қори аканинг устози Муҳаммад Амин Маккий деган киши бўлган. Ёш толиб устозидан олган таълими бўйича у ер‑бу ерда тиловат қилса, айрим кишилар уни танқид қилишар экан. Бундан хафа бўлиб, устозига шикоят қилса, устоз: «Бунақа гапларга парво қилма. Ҳали кўрасан, ҳаммаси «Қуръон ўргатинг», деб олдингга келади», дер экан. Устознинг қалб кўзи билан кўриб айтган бу гаплари ҳаётда ўз тасдиғини топди. Юртимиздаги кўплаб қориларнинг устози, Ўрта Осиё Қуръон мактабларидан бирининг асосчиси бўлган Муҳаммад Мубин қори ака айнан Шаҳобиддин қори акадан олган таълимлари асосида мазкур мартабага сазовор бўлган.

Марғилонлик Муҳаммад Амин домла ҳажга бориб, Ҳарамдаги устозлардан еттита қироат бўйича ижоза олиб, юртига қайтади. Афсуски, ўлкада қатағон йиллари ҳукм сураётган, илмли, зиёли кишилар аёвсиз қувғин қилиниб, қириб юборилаётган пайт эди. Шу боис, у киши Ватанда бир ҳафтача туриб, сўнг Қашқарга йўл олади ва ўша ерда Қуръондан таълим беради. У кишининг мактабларида таълим олган устозлардан бири яқиндагина оламдан ўтган Ҳусайн қори дада раҳматуллоҳи алайҳ бўладилар.

Кекса қори оталардан яна бири андижонлик Файзуллоҳ қори дада шундай дер эдилар: «Биз устозимиз Юнус қори акадан олган таълимимиз бўйича у ер‑бу ерларда тиловат қилсак, айрим чаламулла одамлар қироатимизни танқид қилишар эди. Вақфда сукун билан тўхтасак, «Қани замма?», «Фатҳа қани?» деб уришишар эди. Қашқарга кетиб, қайтиб келсак, унақа одамлар қолмабди. Ҳамма бизга ўхшаб ўқийдиган бўлиб кетган экан».

Мана сизга яқин ўтмишимиздан жонли намуналар. Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Улардан керакли хулоса олишни ўқувчининг ўзига ҳавола этиб, яна мавзуни ўрганишда давом этамиз.

Энг аввало биз Қуръонни нега оҳангга солиб ўқиётганимизни англаб олишимиз лозим. Қуръонни оҳангга солиш қандайдир енгил‑елпи мақсадларда бўлмаслиги керак. Балки бош ва асосий мақсад Қуръони Карим маъноларини, ибораларидаги назмий мўъжизакорликни қалбларга етказиш, улашиш бўлиши лозим. Ҳа, Қуръонни оҳангга солишдан мақсад чиройли куй чиқариш, мусиқашуносларни лол қолдириш эмас, балки унинг маъносини уқтириш бўлиши керак. Айни пайтда, тиловатнинг оҳанги оятларнинг мазмунига ҳамоҳанг бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, қориларимиз орасида илм талабидагилари ҳам талайгина. Шу билан бирга, бугунги кунда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги тафсирлари ҳам сероб. Қуръони Каримни бевосита тушуна олмаган қорилар лоақал ушбу тафсирлар орқали бўлса-да, оятларнинг умумий мазмунини ўзлаштириб олишлари керак. Ана шунда кўзланган мақсадга эришилади. Қуръонни тушуниб ўқиётган киши билан тушунмай ўқиётган киши орасида жуда катта фарқ бўлади. Тушуниб, англаб, тафаккур қилиб ўқиётган қори беихтиёр оятларнинг мазмунига кўра оҳанг танлайди. Башоратли оятлар кўтаринки руҳда, таҳдид мазмунидаги оятлар ҳазин овозда ўқилса, қироат керакли ўринда сокинроқ, керакли ўринда жўшқинроқ бўлса, қорининг ўзи ҳам роҳат олади, тингловчига ҳам ҳузур бахш этади. Аксинча бўлса, Қуръонни тушуниб, тинглаб турган кишига ҳар қандай чиройли оҳанг беўхшов бўлиб туюлаверади.

Юқорида ҳар бир суранинг назми, тузилиши ўзига хослигини айтдик. Қори оҳанг танлашда сураларнинг мана шу хоссаларини ҳам эътиборда тутса, қироат янада мукаммал, гўзал бўлади. Маҳоратли араб қорилар Қуръон тили ўзлариники бўлиб, оятлар мазмунини тушуниб турганлари ва араб оҳанги ҳам ўзлариники бўлгани учун мазкур талабни кўп ҳам қийналмай, табиий равишда бажариб бораверадилар. Аммо ўқиётган оятларининг мазмунини тушунмай, тақлид қиладиган муқаллидларимиз уларнинг бир сурадаги оҳангини олиб, ўшани бошқа жойларда ҳам бир хил тусда қўллайверадилар. Бунда эса натижа гўзал бўлмаслиги аниқ. Билган кишиларга бу нуқсон яққол кўриниб қолади.

Хатми Қуръонда талаб қилинадиган ва унга муносиб бўлган яна бир ҳолат – бу жўшқинроқ, дадилроқ қироатдир. Айрим қориларимизда гоҳо шу нарса етишмай қолади. Тажвид билан, дона‑дона ўқийдилар‑у, қироатда равнақ, шижоат бўлмайди. Баъзан қироатда давомий бир хиллик ҳукм суриб қолади. Булар ҳам мутахассислик жиҳатидан олиб қаралганда, камчилик саналади. Уларни бартараф этиш учун эса алоҳида маҳорат ва меҳнат талаб қилинади.

Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Қуръонни араб оҳангида ўқиш, дегани ҳар қандай арабга ўхшаб ўқийвериш, дегани эмас. Бугунги кунда айрим араб қориларида Қуръонга номуносиб оҳанг ва нағмалар ҳам қулоққа чалиниб қолмоқда. Аслида бундай ҳолатлар қадимдан бўлиб келган бўлса‑да, авваллари бугунгидек оммага ёйилмаган, чунки у пайтларда ҳозиргидек воситалар бўлмаган, маълум бир тўсқинликлар ҳам бўлган. Қироат илми уламолари бундай номақбул оҳанг ва нағмаларни қадимдан танқид қилиб келишган. Хусусан, имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу борада айтган гаплари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу каби илмий танқидлар бугун ҳам қироат устозлари томонидан айтилмоқда, илмий мақола ва чиқишларда муҳокама қилинмоқда, қорилар тартибга чақирилмоқда.

Шу билан бирга, араб оҳангида ўқиш, дегани қайсидир бир араб қорига айнан тақлид қилиб ўқиш, дегани ҳам эмас. Балки бу умумий араб тилига, араб оҳанги табиатига хос бўлган оҳанг йўсинларига риоя қилиш, деганидир. Зотан, бировга айнан тақлид қилиш ҳар қайси соҳада ҳам маъқул кўрилавермайди.

 

  1. Айни тақлид хатодир. Қори қироат қилишда бирор қорига айнан тақлид қилмаслиги керак. Тўғри, тақлид қилишга кўпчилик муҳтож бўлади, айниқса ёш, янги қориларнинг ўз усули бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам жаҳон мусобақаларида 14‑15 ёшгача бўлган қориларнинг муқаллидликлари тақдирланса, ундан катта ёшдагиларники танқид қилинади. Аслида тақлид қилиш ҳам катта маҳорат талаб қилади, чинакам тақлид анча‑мунча одамнинг қўлидан келавермайди. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир қори ўзига хос услубга эга бўлиши лозим. Тақлид қилинса ҳам, бу вақтинчалик бир босқич бўлиши керак.

Мисрлик машҳур қорилардан Шайх Маҳмуд Алий Банно шундай дейди: «Қори аввало Қуръони каримни пухта ёд олиши ва уни тажвидга мувофиқ ўқишга моҳир бўлиши керак. Шу билан бирга, у тарбияланган овозга эга бўлиши даркор. Кейин ундан тақлид қилиш малакасини қўлга киритиши талаб қилинади. У шу даражада тақлид қилсинки, унинг қироатини эшитган киши ўзини у тақлид қилаётган қорини тинглаётгандек ҳис қилсин, ўша қори унинг кўз ўнгида гавдалансин. Шундан сўнг у ўзининг шахсий услуби ва овозини шакллантиради. Уни эшитган киши дарҳол: «Бу фалон қори-ку», дея олади. Мен бир умр тақлид қилиб юришни оқламайман. Ҳар бир қори ўзига хос услубга, қироатга эга бўлиши лозим».

Усулда, оҳангда қайсидир бирор қоридан йўсин олиш мумкин, ҳатто зарурдир, аммо бировнинг овози ва услубига айнан тақлид қилиш ҳеч қачон мақталмайди. Чунки тақлид қилинаётган қори ўзига хос услуби билан умматга бир янгилик тақдим қилди. Энди уни айнан такрорлаш, нусхасини тортиқ қилиш маънисиз ишдир. Тингловчи кўчирма нусхани қабул қилишдан кўра аслини эшитишни маъқул кўради. Шу боис, бирор қорига усул ё бошқа жиҳатда эргашилганда ҳам ҳар бир қори ўзига хос қироатнинг соҳиби бўлиши лозим.  Шунинг учун ҳам масалда «Ким бировга тақлид қилса, уни тирилтириб, ўзини ўлдирибди», дейилади.

Тақлид қилишга эҳтиёж бўлганда ҳар ким ўзининг овоз имкониятини, ёшини эътиборда тутиши ва ўзига хос бир қироат услубини шакллантиришга интилиши лозим. Маълум бир оҳанг ё нағманинг айни ўзини такрорламай, уни ўзига сингдириб, ичдан чиқариши керак.

 

  1. Сунъийлик ва такаллуфдан узоқ бўлиш лозим. Камдан‑кам бўлса‑да, учраб турадиган номақбул ҳолатлардан бири Қуръон ўқишда турли хил сунъий тасарруфларга, ҳатти‑ҳаракатларга, баъзан ортиқча такаллуфга йўл қўйилишидир. Мисол учун, атай йиғламсираб ўқиш, одамларни йиғлатишга уриниш, кишиларни таъсирлантириш илинжида ноўрин овоз кўтариш каби. Бу каби ҳолатлар ихлос ва самимиятнинг ноқислигидан бўлиб, қироат имомлари қадимдан бундай хатолардан огоҳлантириб келганлар. Аслини олганда бу илдизи жуда ҳам чуқур бўлган хатарли иллат бўлиб, кичик ширк бўлмиш риё ва сумъанинг аччиқ меваси ҳисобланади. Қуръон ўқувчи қори бундан ҳазир бўлиши вожибдир. Акс ҳолда ҳадисларда айтилган ёмон оқибатга қолиши хавфи бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми қилнадиган одам – шаҳид бўлган кишидир. У олиб келинади ва (Аллоҳ) унга берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:

«Булар ила нима қилдинг?» дейди.

«Сенинг йўлингда жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди.

«Ёлғон айтдинг, сен «журатли» дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот. Сўнг буюради, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга улоқтирилади;

Яна илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган киши ҳам. Уни олиб келинади ва (Аллоҳ) унга берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:

«Булар ила нима қилдинг?» дейди.

«Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди.

«Ёлғон айтдинг! Сен илмни «олим» дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни «қори» дейилиш учун ўқидинг, шундоқ дейилди ҳам» дейди У зот. Сўнг буюради, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга улоқтирилади;

Яна бир одамки, Аллоҳ унинг кенглик бериб, мол­дунёнинг ҳамма туридан бериб қўйган эди. У олиб келинади ва (Аллоҳ) унга берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:

«Булар ила нима қилдинг?» дейди.

«Сен инфоқ қилинишини яхши кўрадиган йўл борки, ўша йўлда Сен учун инфоқ қилдим», дейди.

«Ёлғон айтдинг! Сен «жўмард» дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот. Сўнг буюради, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга улоқтирилади».

Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.

 

Қуръон ўқиш чоғида қалб жунбушга келиб, вужуд таъсирланиб, кўзлар намланса, бу айни муддао. Шунда ҳам бу ҳолни яширишга уриниш керак. Аммо бундай ҳолни «таклиф қилиб чақириш», ички туртки бўлмай, зоҳирда хушуъ изҳор этиш риёнинг аломатларидан саналади. «Қуръон ўқиганда йиғланглар, агар йиғлай олмасанглар, йиғлашинглар», деган мазмундаги кўрсатма эса шахсий ҳолатга тегишли бўлиб, бошқа маънода: қалб қаттиқлигига йиғлаш, ичдан йиғлашга интилиш хусусидадир.