Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 10

Хатми Қуръонга марҳабо – 10

ХАТМИ ҚУРЪОНДА ДУО ҚИЛИШ

 

Қуръони Каримни хатм қилган чоғда дуо қилиш саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидандир.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «لَهُ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ وَشَجَرَةٌ فِي الْجَنَّةِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي الشُّعَبِ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (қори) учун хатми Қуръон чоғида мустажоб бўладиган дуо ва жаннатда дарахт бор», дедилар».

Байҳақий «Шуъабул‑иймон»да ривоят қилган.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ t قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ r: «اقْرَؤُوا الْقُرْآنَ وَسَلُوا اللهَ بِهِ قَبْلَ أَنْ يَأْتِيَ قَوْمٌ يَقْرَؤُونَ الْقُرْآنَ فَيَسْأَلُونَ بِهِ النَّاسَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқиб, у ила одамлардан сўрайдиган қавмлар келмай туриб, Қуръон ўқиб, у ила Аллоҳдан сўраб қолинглар», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

عَنِ الْحَكَمِ، قَالَ: أَرْسَلَ إِلَيَّ مُجَاهِدٌ وَعَبْدَةُ بْنُ أَبِي لُبَابَةَ، قَالَا: إِنَّمَا أَرْسَلْنَا إِلَيْكَ أَنَّا نُرِيدُ أَنْ نَخْتِمَ الْقُرْآنَ، وَكَانَ يُقَالُ: إِنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ، فَلَمَّا فَرَغُوا مِنْ خَتْمِ الْقُرْآنِ دَعَوْا بِدَعَوَاتٍ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي الشُّعَبِ.

Ҳакамдан ривоят қилинади:

«Мужоҳид ва Абада ибн Абу Лубоба менга одам юборишди. Кейин: «Биз Қуръонни хатм қилмоқчи эдик, шунга сенга одам юбордик. Хатми Қуръон чоғида дуо мустажоб бўлади, дейилар эди», дейишди. Улар Қуръонни хатм қилгач, дуолар қилишди».

Байҳақий «Шуъабул‑иймон»да ривоят қилган.

Буни Доримий ҳам саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Мужоҳид ибн Жабр ва Абада Абу Лубоба илму ибодатда ва тақвода пешво бўлган улуғ тобеинлардан. Уларнинг Қуръондан кунлик вазифалари бўлиб, узуликсиз хатм қилиб туришган. Ана шундай хатмона онларида айрим ёру дўстларни ҳам чақиришар ва биргалашиб дуо қилишар экан.

Муҳаммад ибн Зурайс «Қуръон фазилатлари»да Иброҳим Таймийдан қуйидагича ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким Қуръонни хатм қилса, унинг учун мустажоб дуо бордир», деди. Абдуллоҳ ўзи қачон Қуръон хатм қилса, аҳли‑оиласини тўплаб, дуо қилар, улар «Омин!» деб туришар эди».

Имом Аламуддин Саховий ва имом Жазарий ўз асарларида, Яҳё ибн Ҳусайн Журжоний ўзининг «Омолий»сида қуйидаги ривоятни келтиради:

عَنْ عَاصِمٍ، عَنْ زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ، قَالَ: قَرَأْتُ الْقُرْآنَ مِنْ أَوَّلِهِ إِلَى آخِرِهِ فِي جَامِعِ الْكُوفَةِ عَلَى أَمِيرِ الْمُؤْمِنِينَ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ u، فَلَمَّا بَلَغْتُ الْحَوَامِيمَ قَالَ أَمِيرُ الْمُؤْمِنِينَ u: قَدْ بَلَغْتَ عَرَائِسَ الْقُرْآنِ، فَلَمَّا بَلَغْتُ رَأْسَ الْعِشْرِينَ ﮋﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁﮊ، بَكَى حَتَّى ارْتَفَعَ نَحِيبُهُ، ثُمَّ رَفَعَ يَدَهُ إِلَى السَّمَاءِ وَقَالَ لِي: يَا زِرُّ، أَمِّنْ عَلَى دُعَائِي، قَالَ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ إِخْبَاتَ الْمُخْبِتيِنَ، وَإِخْلَاصَ الْمُوقِنِينَ، وَمُرَافَقَةَ الْأَبْرَارِ، وَاسْتِحْقَاقَ حَقَائِقَ الْإِيمَانِ وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، وَوُجُوبَ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْفَوْزَ بِالْجَنَّةِ، وَالنَّجَاةَ مِنَ النَّارِ. يَا زِرُّ، إِذَا خَتَمْتَ فَادْعُ بِهَذِهِ الدَّعَوَاتِ فَإِنَّ حَبِيبِي رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ أَمَرَنِي أَنْ أَدْعُوَ بِهِنَّ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ.

Осимдан ривоят қилинади:

«Зирр ибн Ҳубайш шундай деди: «Куфа жомеъсида мўминлар амири Алий ибн Абу Толибга Қуръонни бошидан охиригача ўқиб бердим. «Ҳомим»ларга келганимда мўминлар амири алайҳиссалом: «Дарҳақиқат, сен Қуръоннинг келинчакларига етиб келдинг», деди. Йигирманчи оятларга: «Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса жаннат боғларидадир. Улар учун Робблари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Ана ўша ўзи катта фазлдир» (22-оят) оятига келганимда ҳўнграб йиғлаб юборди. Кейин қўлини осмонга кўтара туриб, менга: «Эй Зирр, дуойимга «Омин!» деб тур», деб айтди‑да, шундай деди: «Аллоҳим! Мен Сендан хокисорларнинг хокисорлигини, чин ишонувчиларнинг ихлосини, яхшиларга ёндашишни, иймон ҳақиқатларига етишишни, ҳар бир яхшиликдан ўлжа олишни, ҳар қандай гуноҳдан омонликни, раҳматинг менга лозим бўлишини, мағфиратингни тақозо этувчи нарсаларни, жаннат билан зафар қучишни, дўзахдан нажот топишни сўрайман.

Эй Зирр, Қуръонни хатм қилганингда ушбу дуоларни қил, чунки Ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга хатми Қуръон чоғида ушбулар билан дуо қилишимни буюрганлар».

Имом Байҳақий «Шуъабул‑иймон»да Алий Фошонийдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Муборак Қуръон хатм қилганида саждада дуо қилишни хуш кўрар эди».

Аламуддин Саховий: «Дуонинг баракоти кўп, фойдалари қамровлидир, хусусан, хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлиб турган пайтда бўлса», деган.

Демак, Қуръон хатм қилганда дуо қилишни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тавсия этган, суннат қилган эканлар ва саҳобалардан тортиб, барча улуғ имомлар бу суннатга амал қилиб келишган экан.

Хатми Қуръонда дуо қилганда дуо одобларини унутмаслик керак:

  • Таҳорат билан, иложи бўлса, қиблага юзланиб, қўлни кўтариб дуо қилиш мустаҳабдир.
  • Дуода сўзамолликка, бировларни ром қилишга эмас, Аллоҳга илтижо ва тазарруда бўлишга эътибор бериш даркор.
  • Тилакларни қатъий ишонч, комил иймон билан сўраш.
  • Имкон қадар сермазмун, кўп маъноларни ўзида жамлаган, қамровли дуоларни қилиш лозим. Майдалаб, санаб дуо қилиш одобдан эмас.
  • Овозни ортиқча баланд кўтармаслик керак.
  • Дуо араб тилида бўлиши шарт эмас. Энг муҳими, чин дилдан, қалб ҳозирлигида бўлиши керак.
  • Дуода аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Кейин гуноҳларга тавба қилиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўралади, хушуъ ва хокисорлик изҳор қилинади.
  • Хатм ва тиловатларнинг қабул бўлиши сўралади. Сўнг тилакларга ўтилади. Бунда аввало Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни қилиш мақсадга мувофиқдир. Кейин инсон ўзи билганича, истаганча дуо қилиши мумкин.
  • Дуода мўмин‑мусулмонларнинг ўтганлари­ю тириклари ҳаққига, эл­юрт, аҳлу ватан ҳаққига дуо қилиш, дину дунё фаровонлигини сўраш лозим.
  • Жамоат билан дуо қилинганда уларни риоя қилиш керак. Кўпчилик малолланмайдиган меъёрда, улар тушунадиган, тушуниб, «Омин!» дейдиган суратда бўлиши ва дуонинг лафзи ҳам умумий, кўплик сийғасида бўлиши даркор. Араб тилини тушунадиган кишилар ичида арабча дуо қилган афзал.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ дуо ҳақида шундай дердилар: «Дуо билан талабнинг фарқи бор. Талаб бировдан бир нарсани беришини айтиб сўрашдир. Дуо эса инсоннинг қалбидан чиқадиган, бутун вужудини қамраб оладиган ҳол, дилдан ёлворишдир. Дуо қуруқ сўзлардан иборат эмас. Биров сўзларни териб, ниҳоятда балоғат билан дуо қиляпти, аммо қалби ғафлатда, унинг дуоси қабул бўлмайди. Бошқа бир киши сўзини унча тополмай, тутилиб­тутилиб дуо қиляпти, аммо бутун вужуди билан берилиб илтижо этяпти, унинг дуоси ҳақиқий дуодир ва ижобатга яқиндир».

(Кўпчиликнинг эҳтиёжи ва илтимосларини эътиборга олиб, рисола охирида хатми Қуръон дуолари ҳам илова қилинди.)

 

Хатми Қуръон ҳақида айтмоқчи бўлган умумий сўзларимиз асосан шулардан иборат эди. Бироқ бизда омма халқимиз ўртасида хатм асосан Рамазон ойида таровеҳларда қилинадиган бўлиб қолганидан, «Хатми Қуръон» дейилса, ана шу Рамазондаги хатмлар тушуниладиган бўлиб қолгани эътиборидан, хусусан, Рамазондаги хатми Қуръонлар ҳақида ҳам алоҳида тўхтаб ўтишга қарор қилдик. Шу боис фурсатдан фойдаланиб ва муносиброқ бўлишини умид қилган ҳолда ўтган йили Рамазон ойида ёзилган «Хатми Қуръонга марҳабо!» номли мақоламизни бироз таҳрир қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик. Умид қиламизки, бу, албатта, фойдадан холи бўлмайди.