Тошкент вилояти Қибрай тумани бош имом хатиби ташаббуси билан ва масжид имом хатиблари иштирокида 14-15 апрель кунлари тумандаги эътиборга муҳтож оилалар, боқувчисини йўқотган ҳамда бемор бўлган кишиларни ҳолларидан хабар олиш мақсадида уларнинг хонадонларига ташриф буюрилди. Бундай ташрифлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши шу йилнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Тумандаги “Байтқўрғон” жоме масжиди имом хатиби Жаббаров Абдусамат бошчилигида Байтқўрғон қишлоғи А. Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган икки нафар фарзанднинг онаси бўлган Азимова Рахима опа хонадонига ва шу маҳаллада яшовчи бемор бўлган Ахмаджон ота уйларига бориб ҳолларидан хабар олинди ва кўнгиллари кўтарилиб дуойи-хайрлар қилинди.
Шу жумладан Қибрай тумани “Дарвеш бува” жоме масжиди имом хатиби Зиятдинов Зокиржон масжид ходимлари билан “Шодлик” маҳалласи Ватанпарвар кўчасидаги 10-уйда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган вояга етмаган икки фарзанднинг онаси бўлган Хайитматова Диана хонадонига ташриф буюришди.
“Дорул Ислом” жоме масжиди имом хатиби Мирзалиев Жаҳонгир эса маҳалла фаоллари билан Тузел ҚФЙ Миришкор кўчасида истиқомат қилувчи кам таминланган Раҳмонберди Азимовлар ҳамда кам таъминланган, ногиронлик нафақасида бўлган Абдукарим Умаровлар хонадонларига зиёрат учун ташриф буюрди.
Тумандаги “Тўқай тепа” жоме масжиди имом хатиби Мамадалиев Сайдуллоҳ махалла фаоллари билан биргаликда Чингелди маҳалласида истиқомат қилувчи Улуғ Ватан уруши қатнашчиси бўлган Саидносиров Бўривой отанинг хонадонига ташриф буюришди. Отахоннинг хонадонида катта тоғорада ош, совғалар билан зиёфат уюштирилди. Сўзлари дуога айланган отахон ўтган машъум кунларни ёдга олди. Бу кунларнинг қадрига етиш ҳақида насиҳатлар қилиб, эл-юрт ҳаққига дуолар қилди.
Бундай хайрли ишлардан “Ар-Рохман” жоме масжиди имом хатиби Нурмухамедов Отабек ва масжид фаоллари ҳам четда турмадилар. Улар тумандаги Салар шаҳарчаси Қорамурт кўчаси 50-уйда истиқомат қилувчи 4-5 йиллардан бери юра олмайдиган нуроний, кам таъминланган, ёлғиз қария Хакимов Мансурхўжа отанинг хонадонларига кўнгил ободлиги йўлида зиёратга бордилар.
Ташрифлар давомида зиёрат қилинганларга моддий ёрдам, фарзандлари ўқиб камол топишлари учун турли китоблар, озиқ-овқат махсулотлари, кийим-кечак ва гилам сингари эҳсонлар хадя қилинди. Сухбат сўнгида хонадон эгалари уларга кўрсатилаётган эътибор учун жуда хурсанд эканликларини билдириб, юртимиз осмони доимо мусаффо, уларга ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиз раҳбарлари ва диний соха вакиллари соғ-омон, ёш авлод баркамол бўлишини Яратгандан сўраб дилдан дуо қилдилар. Мана шундай нуроний, эътиборга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан хабардор бўлиш барчамизнинг инсонийлик вазифаларимиздан эканини унутмаслигимиз лозимдир.
Қибрай тумани бош имом-хатиби
М.Миржалилов