Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Гўзал умр заволи…
Drug addiction crisis

Гўзал умр заволи…

«Қаршилик кўрсатилмаган ёмонлик
қаршилик кўрсатиб бўлмас ҳолга келади.»

Али Суад

Инсон дунёга келар экан фақатгина бир бора бериладиган ва ортга асло қайтмайдиган умрини гўзал, мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки, ўтиб кетган ҳеч бир вақтимизни қайтадан топа олмаймиз. Худди, Ҳусрав Деҳлавий айтганларидек:

Ўтиб кетган йилингдан топ-чи бир кун,
Бугун қайтиб келурми кечаги кун !?

Умрни мазмунли, фойдали ўтказиш учун эса, аввало, зарарли иллатлардан йироқда бўлишимиз зарур. Бундай зарарли иллатларнинг энг каттаси – бу ҳозирда «Аср вабоси» деб номланган гиёҳвандликдир. Гиёҳвандликка ўрганиб олиш жуда осон, ундан кечиб кетиш жуда машаққат бўлган иллат ҳисобланади. У инсонни ўз гирдобига шунчалик тортиб бораверадики, тобора ундан кечиш қийин бўлиб қолади. Аммо, шунга қарамай, ўз вақтида огоҳлик туфайли бундай зарарли иллатдан ўз жисмини фориғ этганлар ҳам йўқ эмас. Бунинг учун эса фақатгина огоҳлик ва ўз нафси устидан устун чиқадиган даражада мардлик керак бўлади.

Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,
Ғийбатлардан узоқ кетолган марддир.

( Абу Абдуллоҳ Рўдакий)

Ҳа, гиёҳвандликни тарк эта олган инсон марддир. Чунки, бу билан у ўз нафсидан устунлигини кўрсатиб бера олган бўлса, бундан ташқари бутун миллат учун ҳавфли бўлган катта зарардан ҳам халос бўлган бўлади. Бундай мард киши умрини яна мазмунли ўтказиши ва нафақат ўзи, балки миллати учун ҳам наф келтирадиган ишларни амалга ошириши мумкин. Ахир умрнинг ҳар бир лаҳзаси қадрлидир.  Али ибн Абу Толиб  (р.а.) айтганларидек : «Ҳар бир нафас тортиш билан бирга умрдан бир қисми ўтиб кетаверади».  Мана шунинг учун ҳам умрни  ғанимат билиб, фақатгина уни яхшиликлар билан бойитишга ҳаракат қилиш лозим.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан зиёдроқ киши гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисми 30 ёшгача бўлган шахсларни ташкил этади. Бунинг оқибатида эса ҳар йили 200 мингдан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмади, Аллоҳ томонидан берилган гўзал умрига аянчли ҳолатда чек қўяди. Ҳаммамизга маълумки, гиёҳвандлик аксар ҳолларда ёшларга ҳавф солади. Чунки, ёш авлод нима тўғри ва нима нотўғри эканини тўлиқ англай олмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ёшларни йўлдан оздириш анчагина осонроқ. Миллатимиз ёшларини мана шундай катта зарарли иллатдан ҳимоялаш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Гиёҳвандлик худди ниҳолга томган захарга ўхшайди. Ўсиб, камол топаётган гўзал ниҳолга бир томчигина захар томса, бу захар ниҳолни бора-бора нобуд қилиши аниқ. Ниҳолнинг нобуд бўлиши эса бутун дарахтга ҳам зарар беради. Демак, дарахтни асраш учун, аввало, ўсиб бораётган ниҳолларимизни гиёҳвандлик сингари жуда зарарли иллатлардан огоҳлантиришимиз керак.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда инсон энг зарур бешта нарсани асраб – авайлаши лозимлиги уқтирилади. Булар: кишининг диний эътиқоди, жони, моли, ақли ва наслини сақлашидир. Гиёҳвандлик эса мана шу бешта нарсанинг барчасига жиддий зарар етказадиган энг ёмон иллатдир.

Аввало, гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани сабабли инсоннинг иймони ва динига путур етказади.

Иккинчидан, бу иллат инсоннинг жонига ҳам зарардир. Ҳолбуки, ҳар бир одам ўз вужудини, ҳаётини, соғлиғини барча зарарли нарсалардан асрашга буюрилган. Гиёҳванд моддалар киши вужудига қанчалик зарарли экани ҳаммага маълум. Бундай зарарли моддаларни истемол қилавериш билан кишининг кўриниши ҳам ўзгариб бораверади.

Беш нарса киши юзини тез ўзгартиради: кутилмаган шодлик, бирдан келган ғам, ғазаб, кўп уйқу ва мастлик. (Кайковус)

Аллоҳ барча инсонни ўзига хос ҳолда гўзал яратгандир. Бу гўзалликни поймол бўлишига гиёҳвандлик сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, булар инсонни ҳалокатга олиб борувчи заҳардир.

Учинчидан: гиёҳвандлик одамни мол-дунёсига ҳам зарар. У иллат кишини мехнати эвазига топилган молини буҳуда сарфлашига сабаб бўлади. Мол-мулкни бундай исроф қилишлик эса мумкин эмас.

Тўртинчидан, у инсоннинг ақлига зарарлидир. Аллоҳ томонидан инсонга ато этилган энг улуғ неъматлардан бири – бу ақлдир. У билан одамзод бошқа жонзотлардан улуғ туради. Ақли бўлмаса, ҳайвонотдан фарқи қолмайди. Инсон тўғри йўлдан юриши учун, у ўз ақлига бўйсиниши лозим. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган одам эса, ақлига эмас, фақатгина нафси буюрган нарсагагина бўйсуниб қолади. Нафс эса нималарни хоҳламайди ?!

Бешинчидан, гиёҳвандлик ва шунга ўхшаш маст қилувчи нарсалар инсоннинг наслига ҳам катта зарар етказади. Ҳолбуки, инсон ўз наслининг давомчилари бўлган авлодларига яхши сифатларни мерос қилиб қолдириши лозим. Гиёҳвандлар эса, ўз зурриётларини майиб-мажруҳ, ногирон, ақли заиф, ахлоқи бузуқ ҳолда дунёга келишларига сабабчи бўлиб қоладилар.

Мана шулардан кўриниб турибдики, гиёҳвандлик фақатгина ўша одамнинг ўзига, оиласига, наслига эмас, балки, бутун жамиятга, бутун оламга зарар келтиради.

Гарчанд Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда гиёҳвандликнинг ўзи ёки унинг моддаси ва гиёҳларининг исми зикр этилмаган бўлса ҳам, Расулуллоҳ (а.с.в.) ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

«Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, хамр эса ҳаромдир».

Ушбу ҳадисга кўра гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳвандликка ҳам тегишлидир.

Маст қилувчи ичимлик бўлган «хамр»ни Расулуллоҳ (с.а.в.) «уммул хабоис»-«барча ёмонликларнинг онаси» деб номлаганлар. Гиёҳвандликнинг зарари кўплигини ва оқибати нақадар аянчли эканини эътиборга олган ҳолда, «гиёҳванлик – барча ёмонликларнинг ҳам отаси, ҳам онасидир», дейиш ўринли бўлади.

Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида бир қатор қонунлар ва халқаро шартномалар имзоланган. Бу эса нафақат ўша юртни, балки бутун дунёни гиёҳвандлик сингари ўта зарарли иллатдан ҳимоя қилиш учун қўйилган дадил қадамдир. Чунки, бу иллат дин, миллат, жинс танламасдан ҳаммани ўз гирдобига тортиб боравериши мумкинлиги барча-барчаларимизни фақатгина ҳушёрликка чорлаши лозим. Албатта бу ақл-идроки бор кишиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ

Қибрай тумани бош имом-хатиби,
«Дўрмон» жоме масжиди имом-хатиби М.Миржалилов