Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Гўзал ахлоқ

Динимизда гўзал ахлоқнинг қадри шундай улуғки, ҳатто у туфайли қиёмат кунида даражалар юксалиб, Набий алайҳиссаломга яқин бўлишгача етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун энг севимлиларингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўлувчиларингиз кимлигини айтайми?” деб сўрадилар. Саҳобийлар жим туриб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволларини икки ё уч марта қайтарганларидан кейин, улар: “Ё Расулуллоҳ, айтиб беринг”, дейишди. Набийи акрам: “Ахлоқи гўзал бўлганларингиздир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳар бир ота – онанинг энг муҳим ва асосий вазифаси фарзандига Аллоҳ ризолиги учун сабаб бўлувчи, гўзал хулқ ва чиройли одобни беришдир.

Биз эса иморат, мол, пул қолдириш орзусида яшаймиз. Шу истакни амалга оширишга шўнғиб кетамиз. Ҳаётимизнинг асосий мақсадига айлангани боис бутун диққатимиз шунга қаратилган, асабларимиз таранг, уйдан тажанг чиқиб кетамиз, тажанг қайтамиз. Молу дунё йиғиш илинжида баъзиларимиз ҳатто йиллаб фарзандларимиздан йироқда бўламиз. Аммо биз хоҳлаймизми йўқми, куни келиб уларни “ҳаёт” деган денгизга қўйиб юборишимизга тўғри келади. Энди улар минг чиғириқдан ўтиши, минг хил одам билан муроса қилиши керак бўлади.

Қани айтингчи, мен, сиз катта қилган бола ҳаёт денгизида сузишга тайёрми?! Аллоҳ ризолиги йўлида, ота – она, яқинлари, қовму қариндош, элу юрт хизматига тайёрми?! Дуо олишга, умрини тўғри яшаб ўтишга интиладими?!

Поликлиникада барча тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтишим лозим эди. Бир бемор аёл билан навбатимиз ёнма – ён келаверди. 60 – 65 ёшли бу аёлнинг ўқимишлилиги, вақтида яхши лавозимларда ишлагани, ўзига тўқ бўлгани кўриниб турарди. Ҳоли анчагина аянчли, хасталик жисмига ўз таъсирини ўтказгани яққол намоён бўлиб турибди. Уни 40 ёшлар чамасидаги ўғли етаклаб юрибди. Онанинг бир оғиз ғам сўз айтмаётгани, фақат ўғил гапираётгани эътиборимни тортди. Разм солсам, аёлнинг боши эгик, аҳволи жуда забун ўтирарди. Ўғил эса жаҳл билан унга нималардир деб дўнғилларди. Қулоғим зардали гапларни илғай бошлади: “Олиб бор деб турволдингиз! Бу эшикларнинг тагида яна қанча кутишим керак?! Туринг, ана навбатингиз келди!”

Кейинги шифокорга ҳам яна ёнма – ён бўлиб қолдик. Яна силташлар, яна зардалар!..

Кейингиларига ўтганда ўғилнинг муомаласидан юрагим зиррилай бошлади. Бўй басти келишган, башанг кийинган йигитни бошқа бир ерда кўрсангиз, уни маданиятли, бирон амал эгаси деб ўйлашингиз тайин. Эҳтимол шундайдир…

Она астагина маҳзун овозда ўғлига бир нарса деган эди, ўғил тутақиб кетди: “Оғриди, оғриди! Оғрийди-да! Ҳа энди 18 яшар қизмидингиз! Оғриққа ҳам кўникиш керакда-эй!” Она айбдорлик ҳисси билан кўзларини ерга қадади…

Бу воқеани кимнидир муҳокама қилиш учун сўзлаб бермадим. Асло, бу фикрдан йироқман. Лекин ўз вақтида берилган тарбиянинг, ҳикмат билан ўргатилган одоб-ахлоқнинг нақадар аҳамиятли эканини яна бир бора хотирлатиш истагидаман. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди” (Имом Термизий ривояти), дея таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни динимиз Ислом таълимотларига мувофиқ тарбия қилишлигимизни муяссар айласин. Дилбандларимиз кўзларимизнинг қувончи бўлиб юрсин, у дунёю бу дунёимизнинг ободлигига хизмат қилсин!

Зангиота тумани отинойиси Дилбар Ҳамдамова

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan