Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Гуноҳ

Биз инсонлар ўзаро муомалаларимизда турли ибора ва сўзларни ишлатамиз. Лекин ҳамма вақт ҳам уларнинг маъносига аҳамият қаратавермаймиз. Шунчаки айтиб юраверамиз, холос. Агар ҳар бир сўзни диққат билан ўргансак, ўзимиз учун кўпгина қимматли маълумотларга эга бўламиз. Ана шундай сўзлардан бири “Гуноҳ” сўзи бўлиб, у далолат қилган маънони билиб олишлик фойдадан холи бўлмайди. Чунки бу сўз нафақат оддий сўз, балки эътиқодимиз билан боғлиқ сўз ҳамдир. Масалан, “бу иш гуноҳ”, “гуноҳ иш бўлди” каби сўзларни тез-тез эшитиб турамиз. Хўш, “гуноҳ” сўзи нимани англатади? Муқаддас Ислом динимизда у ҳақида нималар дейилган?

“Гуноҳ” сўзи форсчада жиноят, айб каби маъноларни англатиб, аслида араб тилидаги “Жуноҳ” сўзининг ўзгартирилган кўринишидир. Исломда эса, шариат қонунларига ва диний ақидаларга хилоф иш ёки ҳаракатни билдиради. Гуноҳ тушунчаси қадимда турли тақиқларни бузувчи, ахлоқсиз одамнинг ҳаракати маъносида қўлланилган. Гуноҳ тушунчаси барча динларга хос тушунчадир. Ислом динидаги энг катта гуноҳ ширкдир. Яъни Аллоҳни бутунлай инкор этиш ёки Аллоҳга тенг келадиган бошқа илоҳий кучлар бор, деб эътиқод қилиш ҳисобланади. Бундай Гуноҳни Аллоҳ кечирмайди. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

«Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган (Имом Муслим ривояти).

Аммо Аллоҳ Таоло бундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни хоҳлаганича кечириши ёки маълум меъёрда жазолаши мумкин. У зот ўз Каломида: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топадир» (Нисо сураси 110-оят), деб марҳамат қилади.

Катта гуноҳларнинг адади тўғрисида ислом манбаларида турлича фикрлар мавжуд. Булар ота-она қарғишини олиш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, қотиллик, риёкорлик, фирибгарлик, ёлғон гувоҳлик бериш, ўғрилик, чақимчилик, қиморбозлик, зино, ҳаром қилинган нарсаларни истеъмол қилишлик, дилозорлик ва бошқа катта гуноҳлар ҳисобланади. Баъзи Ислом олимлари катта гуноҳлар сонини 300 тагача санаб ўтганлар. Кичик гуноҳлар беҳисобдир.

Ангрен шаҳар “Қорабошбой” жоме масжиди
имом-хатиби Иманов Иброҳим