Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик

Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик

Бугун биз жадаллик билан ўзгариб бораётган инсоният тарихи шу пайтгача бошидан ўтқазган даврдан тамомила фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Бу даврни олимлар, файласуфлар шархловчи-ю журналистлар турлича таърифлаб, турли хил номлар билан атамоқдалар. Кимлардир бу даврни юксак технологиялар замони деса, бировлар тафаккур асри, яна бировлар ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқдалар.

Глобаллашувнинг ўзи ҳаёт тарзининг беқиёс даражада тезлашувидир. Бу шиддат, бу тезлик нафақат бизнинг диёримиз учун балки бутун ер юзидаги ҳар бир халқ, элат учун алоҳида аҳамиятлидир.

Барчамизга маълумки, ҳар бир минтақанинг урф-одатлари, анъана-ю  маросимлари хилма хилдир. Бизнинг диёримизда ҳам шу каби кўплаб урф-одат, қадриятлар мавжудки, болажонлик, меҳмондўстлик, бағрикенглик кабилар шулар жумласидандир. Шулардан бағрикенгликка алоҳида урғу бериб айтадиган бўлсак, “толерантлик” ҳам деб аталувчи бу сўз деярли барча тилларда бир хил ёки бир бирини тўлдирувчи маънога эга. Уларни умумлаштириб, “бағрикенглик”, чидамлилик, бардошлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, кечиримлилик , меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин. Бундан ташқари бағрикенглик тушунчаси фалсафа, психология ва педагогика каби қатор фанлар доирасида, кўп ҳолларда “Миллатлараро мулоқот маданияти” атамаси сифатида таҳлил этилган, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Демак, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, бағрикенглик тушунчаси дин билан узвий боғлиқдир.

Албатта, ҳар бир дин унга эътиқод қилувчиларни миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, бирдамликка, ўзаро яхшилик қилишга, бир сўз билан айтганда, ўзаро бағрикенг бўлишликка ундайди. Хоссатан Ислом динида бу нарсага алоҳида урғу берилган.

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда халқлар, элатлар орасида адоват уруғини сочиш мақсадида динни ниқоб қилиб турли хил ғаразли ниятларини амалга ошираётганликлари айниқса аянчлидир.

Ваҳоланки, бундай манфур кимсалар амалга ошираётган хунрезликлар Ислом дини таълимотлари, Қуръон оятлари, ҳадислар ва уламолар фикрларига бутунлай зиддир. Бу фикрни қувватлаш учун қуйидаги ояти Карималарни далил қилиб келтириш мумкин:

Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси 256-оятида “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўгри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, демак, у мустаҳкам халқни ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчидир”, – дея марҳамат қилган.

Бу каби багрикенгликка тарғиб қилувчи ояти Карималардан яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Замон қанчалик тезкор ва шиддатли бўлмасин, қоидалар ўша-ўша. Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чин мухлисликкка, мусулмонликка етказувчи, тинч тотув яшашликка, бағрикенг, олижаноб бўлишликка ундовчи ҳукмлар абадий ўзгармасдан қолади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ким қаерда қандай яшамасин, қайси динга эътиқод қилмасин, барча халқлар диний қадриятларини қадрлаб, ҳурмат қилишлари лозим бўлади. Атрофга бир назар соладиган бўлсак , тараққий этган давлатларнинг барчасида албатта диний бағрикенглик ғоялари илгари сурилган. Қайси бир давлатда ёки мамлакатда диний билимлар оз бўлса, ўша юрт тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлиб қолади.

Бўстонлиқ тумани

“Толи Бува” жоме мажиди

имом-хатиби Бўрихонзода Маъруфхон