Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ГИРДОБ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Интернет” сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда “халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди.

Интернетдан фойдаланиш одоблари

Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий  одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз:  

  – Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир” (Имом Табароний ривояти). Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласаю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббилари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар: Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).

– Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли экани, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини ёдда тутиш зарур. Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрининг тансиқ кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича Роббининг ҳузуридан узилмайди”” (Термизий ривоят қилган).  

– Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Ҳар бир ишдаги каби интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилиаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи  тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур. Ўтириб олиб “нима қилсам экан”, деган хаёлларни суриш вақтнинг заволидир. 

– Интернетда ишлашни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак. Мусулмон кишининг ҳар бир ишни бошлаганда албатта “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” дейиши кераклиги кўплаб ҳадисларда таъкидланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эътиборли ҳар бир иш Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм билан бошланмас экан, у кесикдир, дедилар (Абдулқодир Раҳовий ривоят қилган).

– Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт. Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонлар ва вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади. 

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни вертуал оламда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, “бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку”, деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса, бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Сайтда эса, одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига сайтда номини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда мунофиқликка асосланган бўлади.  

Шунинг учун ҳам, сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунтазам ҳис этиб туриш зарур.  

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур (19-оят).

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳатто: “У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам…” билади. Яъни, кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. 

У зот: “…кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур”. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида асло шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар. Демак, фаҳш ва бедобликни тарғиб қилувчи, бефойда машғулотларга, вақтни беҳуда ўтказадиган нарсаларга ихтисослашган сайтларга кирмаслик талаб этилади.

– Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. Бунга пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан ўғринча кириш, кўчириб олишга рухсат берилмаган нарсаларни кўчириб олиш, кўчириб олинганда манба кўрсатилиши лозим бўлганида кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу каби ишларнинг барчаси гуноҳдир. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, маърифий-маънавий ўғрилик ва қароқчиликдир. Бундай ишлар ҳаром эканига уламолар бир овоздан фатволар чиқаришган. 

– Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан –ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш, танаффусда керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади.

– Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак. Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компьютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болалар вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам эсдан чиқмаслиги керак.

Юқорида ўтган мулоҳазаларда бир кишининг сайтга кириб, ундан фойдаланиши ҳақида сўз борди. Аммо интернетда бошқа хизматлар, турли тармоқлар ва фаолиятлар ҳам бор. Албатта, булар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиши жуда зарур.

Ёшларимиз орасида ҳозирда  ижтимоий тармоқларда ахлоқий бузуқлик авж олаётгани кўплаб учрамоқда, шулар жумласидан, маънавий ахлоқсизликни тарғиб қилувчи видео роликлар, ўйинлар ва ижтимоий тармоқлардаги ношаръий суҳбат жараёнлари, ҳаттоки оила бошлиқлари ижтимоий тармоқлардаги мулоқотга шу қадар муккасидан кетадики, натижада оилалар бузилиб, фарзандлар етим қолиб кетмоқдалар, ёки бўлмаса, ёш қизларимиз ибо-ҳаёсидан айрилиб қолмоқда.

Бунга ёрқин ҳаётий бир мисол: бир йигит номаҳрам бўлган қиз билан гаплашиб юради, уйланаман деб, ёлғон ваъдалар бериб қизни ишонтиради. У билан ялонғоч ҳолда гаплашиш истаги борлигини айтиб, қизни шундай қилишга кўндиради. Қизнинг ялонғоч аҳволини видео тасвига ёзиб олиб, пул талаб қилади. Айтилган маблағни бермаса, видеони тарқатиб, шарманда қилишини таъкидлаб дўқ-пўписа қилади. Оқибатда ўша йигит бир неча йилга қамалди, қиз эса ёлғонга ишониб, ибо ҳаёсидан ажралди.

Келинг ёшлар, оилаларимизни асрайлик!

Зангиота тумани «Ниёзмат ота» жоме масжиди

имом ноиби Зиёвиддинов Элёр

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan