Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Гина сақлаш жоизми?

Гина сақлаш жоизми?

Гина деб адоват сақлашга айтилади. Унинг таърифи, бировдан нафрат қилиб, унга зарда – ғазаб қилиш ила унга нисбатан ёмонлик исташдир. Гина сақлашнинг шаръий ҳукми шуки, агар ўша одамнинг зулми гинадорга тегмай, ҳақ ва адолат ила хафа қилган бўлса, маъруф ишга буюриб, мункар ишдан қайтарган бўлса, бундай гина қилиш ҳаромдир. Лекин, очиқ-ойдин зулм қилган кимсага гина сақлаш ҳаром эмас. Ҳаққини олишга қодир бўлмаса, қиёмат кунига қолдириш жоиз ва шу билан бирга афв қилиш ҳам жоиздир. Аммо охиратга қолдирмай, афв қилиш афзалдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ

Яъни, “Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир” (Шууро сураси, 40 оят), деб марҳамат қилган. Бундан бошқа афв қилишни тарғиб қилган оятлар ҳам кўп. Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Садақа ва закот молдан нуқсон қилмас ва Аллоҳ таоло қулининг афви ила иззатини зиёда қилади. Қайси банда тавозеъ қилса, Аллоҳ таоло уни қадр ва мартаба соҳиби қилади”.(Муслим ва Термизий ривоят қилган).

Агар мазлум золимдан ҳаққини олишга қодир бўла туриб, афв қилса, бу аввалги афвдан афзалдир.

Баъзан эса ҳаддан ошмаган ҳолда, тамомила ҳаққини олиш афв қилишдан афзал бўлади. Масалан, афв қилинган одам фурсатдан фойдаланиб, бир неча одамга зулм қилиши, бошқасининг ҳаққини тўлиқ адо қилишга тўсқинлик қилиши ёхуд унинг молини бутунича олиб қўйиб, бермаслик эҳтимоли бўлса, бундай кимсани афв қилмай, тўлиғича ҳаққини ундириб олиш афзалдир.

Имом Нававий айтадиларки, биров ҳаққини авф қилмай, охиратга олиб қўйиш – Худонинг ҳабиби, Расули Акрам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам  умматидан бир мўминни жаннат неъматидан ман қилиш ва кечиктиришлик, Расулуллоҳнинг ҳузурида тарки адаб бўлгани учун мен ўз ҳақларимни мўминларнинг зиммасидан соқит қилдим, деб ушбу икки байтни келтирадилар:

Кимики менинг ҳаққим эрур анда,
Кечдим ул ҳаққимдин Ҳақ йўлинда.
Ҳисоб кунинда ул мўминга тўсиқми бўлгум,
Ва ё Муҳаммад умматига ёмонлиқми қилгум.

Аллоҳ таоло барчамизга кечиримли бўлишни Ўзи насиб этсин ва золимларга ҳам инсоф бериб, уларни тўғри йўлга бошласин!

Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди
имом-хатиби Абдулбосит Нусратуллаев.