Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Гап саноқдами ёки салоҳиятда…

Гап саноқдами ёки салоҳиятда…

Муқаддас Ислом динимиз таълимотларида ҳар бир нарсанинг саноғи ёки ҳажмига эмас, унинг салмоғи-ю сифатига эътибор қаратилади.

Гап саноқнинг кўплиги-ю ҳажмнинг улканлигида эмас, балки эътибор, сифат ва салоҳиятдадир.

Қуръони Карим сон жиҳатидан “кўпчиликни” қоралайди. Агар у кўпчилик “ақл юритмайдиган”, “имон келтирмайдиган”, “шукр қилмайдиган” бўлса…

بل اكثرهم لا يعقلون

Лекин уларнинг кўплари ақл юритмаслар” (Анкабут сураси, 63-оят).

ولاكن اكثر الناس لا يعلمون

Лекин аксар инсонлар билмайдилар(Сабаъ сураси, 35-оят).

ولاكن اكثر الناس لا يشكرون

Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар” (Ғофир сураси, 61-оят).

وان تطع اكثر من في الأرض يضلوك عن سبيل الله

“Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар” (Анъом сураси, 116-оят).

Қуръони Карим шукр қилувчи, имон келтирган “озчиликни” мадҳ қилди.

 وَقَلِيلٌ مَا هُمْ ۗإِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ 

“Фақат имон келтирган ва яхши амалларни қилган кишиларгина (зулм қилмаслар). Улар эса жуда оздирлар” (Сод сураси, 23-оят).

 عِبَادِيَ الشَّكُورُ ٌ مِّنْ وَقَلِيلٌ

“Бандаларим орасида шукр қилувчиси оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят).

Шунинг учун муҳими инсонларнинг кўплиги эмас, балки салоҳиятли мўминларнинг кўплигидадир.

فَلَمَّا فَصَلَ طَالُوتُ بِالْجُنُودِ قَالَ إِنَّ اللَّهَ مُبْتَلِيكُمْ بِنَهَرٍ فَمَنْ شَرِبَ مِنْهُ فَلَيْسَ مِنِّي وَمَنْ لَمْ يَطْعَمْهُ فَإِنَّهُ مِنِّي إِلا مَنِ اغْتَرَفَ غُرْفَةً بِيَدِهِ فَشَرِبُوا مِنْهُ إِلا قَلِيلا مِنْهُمْ فَلَمَّا جَاوَزَهُ هُوَ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ قَالُوا لا طَاقَةَ لَنَا الْيَوْمَ بِجَالُوتَ وَجُنُودِهِ قَالَ الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُمْ مُلاقُو اللَّهِ كَمْ مِنْ فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللَّهِ وَاللَّهُ مَعَ الصَّابِرِينَ

Толут лашкарлар билан чиққанда: Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли, – деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида: Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга қудрат йўқ, – дедилар. Ўзларини Аллоҳга рўбарў бўлувчи деб билганлар: Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир, – дедилар(Бақара сураси, 249-оят).

Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори Оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса “Аллоҳнинг изни билан” бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам, қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.

(آل عمران – 123){ وَلَقَدْ نَصَرَكُمْ اللَّه بِبَدْرٍ وَأَنْتُمْ أَذِلَّة فَاتَّقُوا اللَّه لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ }

Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз (Оли Имрон сураси, 123-оят).

Бадр урушида мушрикларнинг сони минг киши атрофида эди. Темир совутлар кийишган, қуроллари олий даражада, безалган отларни минишган, бой-зодагон араблардан иборат эдилар. Мусулмонлар эса бор-йўғи уч юз ўн уч киши бўлиб, иккита от ва етмишта туя бор эди. Қолганлар пиёда эдилар. Қуроллари ҳам шунга яраша эди.
Бадр уруши иккинчи ҳижрий санада, ўн еттинчи рамазон, жума куни бўлиб ўтган. Бу урушда мусулмонлар сонлари ва қуроллари оз бўлишига, ҳамма томондан душман уларга ёмон кўз тикиб турган бўлишига қарамай, Аллоҳнинг нусрати билан ғолиб келдилар. Аллоҳ уларнинг ихлослари, мустаҳкам иймонлари, садоқатлари, тақволари, фақат Ўзидангина ёрдам кутганлари туфайли ва бошқа сабабларга кўра ғолиб қилди. Доимо шундоқ бўлади.

Ярмук урушида мусулмон жангчилар ўз халифалари Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан мадад юборишни сўрадилар. Умари Одил уларга: “Мендан мадад юборишни сўраб ёзган мактубингизни олдим. Мен сизларни азиз ва нусрат берувчи, жангчиларни сақловчи зот бўлган Аллоҳдан мадад сўрашга чақираман. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Бадр урушида сиздан қувватлари оз бўлса-да, нусрат топганлар”, деб жавоб ёздилар. Жавобни олган жангчилар уруш қилиб, душманга ғолиб келдилар.

﴿لَقَدْ نَصَرَكُمُ اللَّهُ فِي مَوَاطِنَ كَثِيرَةٍ وَيَوْمَ حُنَيْنٍ إِذْ أَعْجَبَتْكُمْ كَثْرَتُكُمْ فَلَمْ تُغْنِ عَنْكُمْ شَيْئاً وَضَاقَتْ عَلَيْكُمُ الْأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ ثُمَّ وَلَّيْتُمْ مُدْبِرِينَ

«Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн* кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба сураси, 25-оят).

*“Ҳунайн” Макка теварагидаги водий бўлиб, бу ерда Ҳавозин қабиласи бошлиғи Моликнинг тўрт минг кишилик лашкари билан мусулмонларнинг ўн икки минг ёки ўн олти минг аскари ўртасида ҳарбий тўқнашув рўй берган.

Мусулмонлар ўзларининг кўлигидан ғурурланиб йўлга тушган эдилар. Бироқ уларнинг сони жонларига асқатмади. Чунки мусулмонлар сафига  ҳалигача бутпарастликдан воз кечмай, эндигина мусулмончилик кўчасига қадам қўйган баъзи маккаликлар, аъробийлар ҳатто ўлжа илинжида чиққан мушриклар аралашиб кетган эди.

Дараю жилғаларда, тепалигу адирларда пистирмада турган душман ёмғирдек ўқ ёғдирди. Саросима ичида қолган мусулмонларнинг олдинги сафидагилар отларини буриб қоча бошладилар. Нима гаплигини англаб етмаган орқа сафдагилар ҳам уларга эргашди.

Бу жанг дин учун кўксини қалқон қилиб, сабот билан курашадиган ва Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрқиб, жанг майдонини ташлаб кетишдан уяладиган ҳақиқий оз сонли мўминларнинг ғалабаси билан якун топди.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу ҳам эътибор инсонларнинг сони ва ҳажмида эмас, балки сифатию  салоҳиятида эканлигини яхши билар эдилар.

Имом Бухорий “Тарихи сағир”да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан, у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Умар ибн Ҳаттоб ўз соҳибларига: “Орзу қилинглар!” деди. “Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман”, деди бири. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман”, деди бошқаси. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Мен мана шу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман”, деди яна бири. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Бундан бошқа орзуимиз йўқ”, дейишди улар. Шунда Умар: “Аммо мен мана шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишини орзу қилар эдим”, деди. Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва: “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Муоз ибн Жабалга мол юборди ва: “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва: “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. “Ана, сизларга айтмабмидим!” деди Умар”.

Юқорида зикр қилинган маълумотлардан олинадиган умумий хулоса шуки, гап саноқнинг кўплиги-ю ҳажмнинг улканлигида эмас, балки эътибор, сифат ва салоҳиятдадир.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan