Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Француз мусулмон цивилизацияси институти очилди

Француз мусулмон цивилизацияси институти очилди

Лион шаҳрида Француз мусулмон цивилизацияси институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Институтни ташкил этиш 38 йил олдин бошланган эди. 1981 йил 24 апрелда Валери Жискар д’Эстен ўзининг президентликка номзодлик сайловолди компаниясида “француз-мусулмонлар маданий маркази” ташкил этилиши ҳақида эълон қилган эди.

Лионнинг Катта масжиди 1994 йилда очилди, институт лойиҳаси эса унутилганди. Унинг қурилиши масаласи 2012 йилда мамлакат масжидлари учун имомларни тайёрлаш зарурати ҳақида гапирилганда қайтадан кўтарилди. Маблағ йиғилиши ҳақида эълон берилди. Шундай қилиб, давлат, Лион ҳокимияти, турли хил компаниялар, мусулмон жамоалари ва Саудия Арабистони томонидан пул ажратилди ва институт қурилиши учун умумий ҳисобда 7 миллион евро маблағ йиғилди.

Ниҳоят, бу йил Француз мусулмон цивилизацияси институти расман очилди. Тантанали очилиш маросимида Франция Ички ишлар вазири Кристоф Кастанер, Лион мэри Жерар Коллон, сиёсатчилар ва мусулмон жамоалари вакиллари иштирок этди. Маросимда вазир Кристоф Кастанер институтнинг асосий мақсади Ислом маданияти, мусулмон халқлари тарихи ва анъаналарини тарғиб қилишдан иборат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, унинг Исломни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатишдаги ўрнига ҳам алоҳида аҳамият қаратди.

Лион Катта масжиди имоми, айни дамда, Француз мусулмон цивилизацияси институти президенти Камол Кабтан институт эшиклари нафақат мусулмонлар, балки унга ташриф буюришни истаган барча кишилар учун очиқ эканлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Исломга қарши хурофотлар билан фақатгина илм-маърифат, маданият билан курашиш мумкин. Шунингдек, у институтнинг Франция масжидларида фаолият олиб борадиган имомларни тайёрлаш режалари билан ҳам ўртоқлашди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan