Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Фотиҳа сурасининг исмлари

Фотиҳа сурасининг исмлари

 

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Жаброил алайҳиссалом воситаси орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган ожиз қолдирувчи китобидир. У икки дунё саодатига етакловчи ҳидоят манбаидир. Ундаги 114 та суранинг ҳар бири ўзига хос номлар билан номланган. Бу сураларнинг номи ўша сурадаги бир воқеа-ҳодиса ёки ўша сурадаги бирор ҳайвоннинг ёки бирор нарсанинг номи сабабли ўша ном билан номланиб қолган. Масалан: Бақара, Намл, Наҳл, Анкабут, Моида, Ҳадид шулар жумласидандир. Қуръони каримнинг биринчи сураси бўлмиш Фотиҳа сураси ҳам фазли улуғлиги ва бошқа сабаблар билан бир неча ном билан номланади.

Аллома Қуртубий ўзларининг “Ал-жомеъул аҳкамил Қуръан” тафсирларида бу суранинг ўн иккита исмини зикр қилган. Улар: Шифо, Вофия, Кофия, Асос, Ҳамд ва бошқалар. Улусий баъзи уламолар унинг номини йигирмадан оширганини зикр қилган.

Фотиҳа сураси билиттифоқ етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Бу сура Маккада нозил бўлган. Бу гапни Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия айтган. Мадинада нозил бўлган деган гап ҳам бор. Буни Абу Ҳурайра, Мужоҳид, Ато ибн Ясор ва Зуҳрий айтган. Яна айтилишича, бу сура икки маротаба, бир марта Маккада ва яна бир марта Мадинада нозил бўлган. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий эса: “Суранинг ярми Маккада ва қолган ярми Мадинада нозил бўлган”, деган. Бу ғариб гапдир. Унинг исмлари бир нечадир. Исмнинг кўплиги, номланмишнинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси у билан намозлардаги қироат очилгани ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) яъни китобни очувчиси деб номланади. Бу нозил бўлиш билан эмас балки тартиб бўйича Қуръоннинг аввалида келади. Яна кўпчилик жумҳур уламолар, хусусан Анас, Ҳасан ва Ибн Сиринлар бу сурани “Уммул китоб” яъни китоб (Қуръоннинг) онаси дейишган экан. Яна Фотиҳа сурасини “Уммул Қуръон” ҳам дейишади. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул азийм (улуғ Қуръон)дир”, дедилар. Яна уни “Ал-Ҳамд” ҳам дейишади. Яна уни “Ас-солат” (намоз) деб номлашган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам роббиси Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтади: Аллоҳ таоло айтади: “Намозни ўзим ва бандам орасида икки қисмга тақсимладим. Агар банда “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламин”, деса. Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Шунинг учун Фотиҳа сураси “Солат” (намоз) деб номланган. Чунки, бу сура намознинг шартларидан биридир. Яна бу сура “Шифо” деб ҳам номланган.  Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул китоб ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган. Яна бир ҳадисда Набий солллалоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳатул китоб ўлимдан бошқа барча касалликка шифодир”, деганлар Яна бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Чунки, Абу Саъид бир қабиланинг бошлиғига бу сура билан дам солганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу суранинг руқия эканини сен қаердан билдинг?”, деганлар. Шаъбий Ибн Аббосдан ривоят қилишича, у киши Фотиҳа сурасини “Асасул Қуръон” (Қуръоннинг асоси) деб номлаган эканлар ва Фотиҳа сурасининг асоси эса Бисмиллаҳир роҳманир роҳим деган эканлар. Суфён ибн Уйайна эса бу сурани “Воқия” деган эканлар. Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган эканлар. Чунки бу сура ҳамма нарсага кифоядир. Баъзи ҳадисларда келишича: “Уммул Қуръон ўзидан бошқа ҳамма нарса учун ўринбосардир. Лекин ҳеч қайси нарса ундан ўринбосар эмасдир”, дейилган. Яна у “Намоз ва ҳазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ҳикоя қилиб: “Фотиҳатул китоб аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”, деганлар. Юқоридагиларнинг барчаси Фотиҳа сурасининг номларидар. Лекин уларнинг машҳурлари учта: Фотиҳа, Уммул Қуръон ва Ас-сабъул масонийдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У (яъни Фотиҳа сураси) Уммул Қуръондир ва у Фотиҳатул китобдир ва у ас-сабъул масонийдир”, деганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки Фотиҳа сураси оятларининг сони озлигига қарамасдан ўзининг фазилати ва кенг қамровлиги билан бошқа суралардан улуғдир. Чунки Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича: Убай ибн Каъб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқиганларида, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним тасарруфида бўлган зот билан қасам ичаманки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаши туширилмаган», деганлар.

 

Тафсирлар асосида “Мулла Холмирза ота” жоме масжиди
имоми ноиби Қурбонов Шухратжон тайёрлади.