Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фолбинлар фирибгарлардир.

Фолбинлар фирибгарлардир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам катта ўзгариш ва ютуқларга эришиб келмоқдамиз. Собиқ совет даврида топталган миллий ва диний қадриятларимиз яна ўзимизга қайтариб берилди. Ўша машъум даврнинг асоратлари ҳали ҳанузгача ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Ана шундай асоратлардан бири фолбинликдир. Фолбинлик сеҳрнинг бир кўриниши бўлиб, сеҳр мусулмон одамни динидан чиқарадиган даражадаги катта гуноҳ эканлиги Қуръони каримда ва муборак ҳадисларда айтилган. Ана шу оят ва ҳадислардан хулоса қилган уламоларимиз сеҳргар шак-шубҳасиз кофир бўлади, деб ҳукм чиқаришган. Бунинг далили қуйидаги оятдир: “Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара сураси, 102 оят).

Малъун шайтоннинг одамларга сеҳрни ўргатишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади уларни мушрикка айлантиришдир. Аллоҳ Ўзига ширк келтирган инсонни ҳеч қачон кечирмайди.

Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўляпмиз. Энг ачинарлиси, уларнинг кўпчилиги қилаётган ишларининг катта гуноҳ эканини биладилар. Аммо, нафсларига ва шайтонга қул бўлиб қолганликларидан бу ишни қилаверадилар.

Фолбинликнинг сеҳр экани ҳақида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофир”, деган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди”.

Абу Довуд, Термизий, Насоий, ибн Можалар ривояти

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида инсонларни ақл юритишга, тафаккур қилишга буюради. Шундай экан, инсоний ожиз ақл билан ўйлаб кўрадиган бўлсак, фолбин ҳам бир ожиз банда. У бировнинг тақдирини, қандай билсин, бировнинг тақдирини қандай ўзгартирсин?! Фолбинларнинг мақсади фақатгина пул ишлаш. Одамларнинг соддалигидан фойдаланиб уларни ҳар хил алдов йўллар билан ўзига ишонтириш ва ундан фойдаланишдир. Эътибор берадиган бўлсак, ҳеч қайси фолбиннинг юзида нури бўлмайди, ҳаётида хотиржамлик, оиласида офият бўлмайди.

Бошига бирор мушкул тушса, дарров фолбинга чопадиганлар, қандай гуноҳга қўл ураётганини бир ўйлаб кўрсинлар. Бир фирибгарнинг гапига ишонаман деб, энг бебаҳо неъмат бўлмиш, иймонидан ажраб қолмасинлар. Бошларига мушкул иш тушса, Аллоҳдан нажот сўрасинлар. Ахир, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига иймон келтирганмизку!

Аллоҳ таоло барчамизни фолбилик балосидан Ўзи асрасин. Фолбинларга ҳам инсоф бериб, уларни тўғри йўлга бошласин.

Оҳангарон тумани “Ислом нури”
жоме масжиди имом-хатиби:Фарҳод Қўшбоев