Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фитрат одоблари

Фитрат одоблари

Фитрат сўзи луғатда «софлик», бирор нарсанинг бошқа нарса аралашмаган «асл»  маъноларини англатади. Истелоҳда эса инсон яратилган аввалги вақтдаги соф ҳолати, ёки табиий характери кабилар тушунилади. Ҳар бир инсон табиати покиза, яхши амалларга мойил, фасод ва бузғунчиликлардан узоқда қилиб яратилган. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир бола фитратда туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий қилади ёки насроний қилади ёки мажусий қилади», дедилар».

Ибн Ҳиббон ривояти.

Фитрат одоблари деганда инсониятнинг илк босқичи Одам алайҳиссалом давридан ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган одоблар тушунилади. Бу одоб пок табиатли ҳар бир инсон амал қиладиган нарсалар бўлиб, илоҳий динларнинг барчасида бунга риоя қилиш буюрилган. Аслида дин буюрмаган тақдирда ҳам инсон табиатан бу одобларга амал қилади. Чунки унинг соф фитратида бу одобларга мойиллик бўлади.

Фитрий одоблар ўнта бўлиб бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай деганлар: «Ўнта нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, соқол қўйиш, мисвак ишлатиш, бурунни сув билан чайиш, тирноқларни олиш, бўғинларни ювиш (бармоқ бўғинларидаги чизиқлар), қўлтиқ ости тукларини тозалаш, киндик ости тукларини тозалаш, сув билан истинжо қилиш». Закариё айтади, ўнинчисини унутиб қўйдим дейди, Мусъаб. У «оғизни сув билан чайишдир».

Санаб ўтилган бу амалларнинг барчаси поклик билан боғлиқ бўлган амаллар. Поклик эса соф табиатли инсонларга хосдир. Қуйида ушбу ўнта одобга тўхталиб ўтамиз:

1. Мўйлабни қисқартириш. Мўйлаб туклари лабнинг қизил жойига тушмайдиган даражада қисқатириб турилади. Баъзи уламолар мўйлабни тагидан қириб олиб ташласа ҳам бўлади деганлар.

2. Соқол қўйиш. Соқол қўйган киши соқолини парваришлаб, тартибга келтириб юриши суннатдир.

3. Мисвок. Мисвок ишлатиш тишларнинг тоза юришини таъминлайди ва оғиздан ёқимсиз ҳид келишининг олдини олади. Бундан ташқари мисвокнинг инсон соғлиги учун ҳам кўплаб фойдалари борлигини фан олимлари айтишган.

4. Бурунни сув билан чайиш. Бурун нафас олиш аъзоси бўлгани учун уни сув билан чайиб тоза тутиш ўпкага тоза ҳаво боришини таъминлайди.

5. Тирноқларни олиш. Тирноқларни ҳар жума куни олиш суннатдир. Афсуски, баъзи аёлларнинг тирноқ ўстириб олиши бу ҳам етмаганидек, яна ясама тирноқ улаб олишлари соф инсонийлик табиатига мутлақо зиддир. Тирноққа сурилган лак эса таҳорат ва ғуслга тўсқинлик қилади.

6. Бўғинларни ювиш. Маълумки, бармоқ бўғинларида чизиқлар бор. Ушбу чизиқларни алоҳида эътибор билан ювиб турилмаса, кир тўпланиб қолади.

7. Қўлтиқ ости тукларини тозалаш.

8. Киндик ости тукларини тозалаш. Бу икки амални ҳар жума куни бажариш мустаҳабдир. Қирқ кундан ўтса макруҳ бўлади.

9. Сув билан истинжо қилиш. Истинжо – ҳожат чиқаргандан кейин тозаланишдир. Қоғоз ёки кесак билан тозалагандан кейин сув билан ҳам ювиш мустаҳабдир. Бунда иложи борича илиқ сув билан ювиб, ювгандан кейин латта ёки қоғоз билан қуритишга ҳам эътиборли бўлиш керак. Акс ҳолда, простата бези шамоллашига олиб келади.

10. Оғизни чайиш. Овқатлангандан кейин қўлларни ювиш билан бирга оғизни ҳам чайиш буюрилган. Агар оғиз чайилмаса, овқат қолдиқлари тиш орасида қолиб кетади ва оғиз ҳидланишига сабаб бўлади.

Бу амалларнинг барчасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий бажариб юрганлар. Шунинг учун уларга амал қилиш суннат ҳисобланади. Эътибор берадиган бўлсак, мусулмон бўлмаганлар бу амалларнинг деярли бирортасини ҳам бажармайди. Шундай экан буларни бажариш мусулмонни ғайри муслимдан ажратиб турадиган нишона десак, муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига ҳарис умматлардан қилсин.

Абдулбосит Нусратуллаев

Оҳангарон тумани «Абдуҳаҳҳор Махсум» жоме масжиди имом хатиби