Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ФИТНАМИ ЁКИ ЕЧИМ… ёхуд мухбирлик масъулияти

ФИТНАМИ ЁКИ ЕЧИМ… ёхуд мухбирлик масъулияти

Жорий 2019 йилнинг 02 август, ҳафтанинг жума куни…
Тошкент вилояти, Ангрен шаҳар, “Angren ziyo” масъулияти чекланган жамият муассислиги, бош муҳаррир Неъмат ДУШАЕВ таҳрири остида, “Улуғ йўл” номли ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий газетасининг 01.08.2019 санадаги 21 (252)-сонида, “Луқма” туркуми остида, бир эмас, балки 1 700 (бир минг етти юз) нусхада чоп этилган, “Улуғ йўл”нинг Бекобод ҳудудий мухбири Ражаббой БАГИРОВ қаламига мансуб “Домла таъзияга нега келмади?” номли мақоладаги савиясизлик мени муносабат билдиришга чорлади…
“Нега…”, дейсиз-ми?
Муносабатим аввалида шуни таъкидлаб ўтишим лозим-ки, асосли ва ислоҳ мақсадида ёритилган фаолиятимизга доир ҳар қандай танқидлардан аслида бошқаларга нисбатан аввало ЎЗИМИЗ КЎПРОҚ МАНФААТДОРМИЗ…
Негаки, танқид – келажак меваси…
Бироқ, баён этиладиган ҳар қандай хабарни мухбир сифатида тарқатиш олдидан унинг устида имконият даражасида суриштиришлар олиб бориш ва унга аниқлик киритиш мухбирга лозим вазифа ва масъулият эмасми-ди?!
Афсуски, “Улуғ йўл” газетасининг мазкур сонидаги “Домла таъзияга нега келмади?” номли мақола унда кўрсатилган маълумотлар юзасидан ҳеч бир суриштиришлар олиб борилмаган ва ундаги ҳолатларга аниқлик киритилмаган ҳолда, таъбир жоиз бўлса – кўр-кўрона бир эмас, балки, 1 700 (бир минг етти юз) нусхада чоп этиб юборилган…
Янада бошқачароқ айтганда, ўша бир минг етти юз нусхада чоп этилган газетанинг жами 187х510 метр ёки 95,370 м2 майдонли оппоқ юзлари асоссиз хабарлар билан қора бўлибгина қолмасдан, бундай кенг майдон аҳоли ўртасида турли тушунмовчиликлар ва фитналар учун ҳам кенг майдонга айланса, не ажаб…
Аллоҳ таоло Қуръони каримда фитнанинг нақадар хатарли ва катта гуноҳ эканлигини баён этиб:
“… Фитна (гуноҳи) қотилликдан ҳам қаттиқроқдир…”, дея марҳамат қилган. “Бақара” сураси, 191-оят.

Энди эътиборингизни мақоладаги хабарлар ва уни чоп этиш билан боғлиқ жиддий савиясизликларга қаратмоқчиман:

Биринчидан:
Мақола газетанинг “Луқма” туркуми остида чоп этилган…
Савол:
Бу мақолани луқма масаласига қандай дахли бор?!

Иккинчидан:
Одатда оммавий ахборотларда эълон қилиб бориладиган хабар ёки мақолаларга уларнинг умуммаъносини ифода этувчи суратлар қўйиб борилади ва бу мақбул одат тусига айланган…
Энди мазкур мақолага боғлаб қўйилган суратга эътиборингизни қаратмоқчиман…
Нимани кўрдингиз?
Агар эътибор берган бўлсангиз, суратда қоқ тун ярмида бошига кепка (яъни, бизболка) кийиб олган, ўткир тиғли ҳанжар билан иккинчи томонга ҳужум қилмоқчи бўлиб турган ҚОТИЛ ОДАМ акс эттирилган…
Ҳа, у аниқ қотилнинг сурати…
Одатда ҳар қандай ўқувчи биринчи навбатда хабар ёки мақоланинг иккита асосий эътиборли жиҳатига кўз ташлайди: биринчиси – мақоланинг НОМИ бўлса, иккинчиси – унга боғлиқ СУРАТ…
Шубҳасиз, “Улуғ йўл” газетасининг мазкур сонидаги “Домла таъзияга нега келмади?” номли мақоланинг номини ўқиган ва мазкур мақолага боғлиқ қотилнинг суратига кўзи тушган ўқувчининг хаёлига дафъатан:
“Домла таъзияга нега келмаган экан?
Вой, домла таъзияси бўлган одамни ўлдириб, кейин ўзи қочиб кетган ёки уни қамаб қўйишганмикин…
Ўлдирган бўлса, нима учун ўлдирган экан…
Қайси домла экан, у…”, мисол ўй ва тушунчалар кела бошлайди…
Бундан бошқача эмас…
Тўғри-ми?!
Тўғри…

Мен мазкур мақола ва унга боғлиқ сурат бўйича газета бош муҳаррири Неъмат ДУШАЕВ билан ўша куннинг ўзида, яъни – 02 август куни, соат 1549да унинг +998 94 406 63 50 телефон рақамига қўнғироқ қилиб гаплашдим…
Ассаломдан сўнг у кишига берган биринчи саволим қуйидагича бўлди:
“Адашмасам, Сиз газетанинг нафақат хабар ва баёнотлари, улардаги маълумотларнинг ҳақиқатга молик ва долзарблиги, балки ҳар бир маъно, ҳатто нуқталари учун ҳам масъулсиз, тўғри-ми?”.
У киши: “Ҳа, тўғри…”, дея жавоб қилди…
Шундан сўнг яна сўрадим:
“Таҳрирингиз остидаги “Улуғ йўл” ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий газетасининг 01.08.2019 санадаги 21 (252)-сонида, “Луқма” туркуми остида бир эмас, балки 1 700 (бир минг етти юз) нусхада чоп этилган, “Улуғ йўл”нинг Бекобод ҳудудий мухбири Ражаббой БАГИРОВ қаламига мансуб “Домла таъзияга нега келмади?” номли мақола ва унга боғлиқ суратдан хабарингиз бор-ми?”…
У киши саволларимга жавобан бироз жим турдида, кейин:
“Очиғи, бу мақолани эслай олмаяпман… Унга боғлиқ суратни ҳам… Ҳозир ишхонада эмас эдим…”, дея мақолани ҳам, унга боғлиқ суратни ҳам эслай олмаётганини маълум қилиб, бунинг сабабини айни дамда ишхонада эмаслиги билан изоҳлади…
Тавба…
Чоп этилганига атиги бир кун бўлган газетада эълон қилинган хабарлар ҳақида бош муҳаррирнинг маълумоти йўқлиги менга мақола муаллифи ёки мухбирнинг эмас, аслида таҳририятнинг ўз меҳнат фаолиятига нисбатан қай даражада масъулият билан ёндошишини “айтиб берди”…
Шундан сўнг мен ўзим у кишини ўз таҳрири остида чоп этилган мақола мазмуни, муаллифи ва ундаги сурат билан тиништирдим…
Ҳа, у кишини булар ҳақида мен ўзим ТАНИШТИРДИМ…
Мақолада эълон қилинган хабар ва унга боғлиқ суратни аламли сўзларимнинг рангли қаламлари тиғи ила тасвирлаб берганимдан сўнг у кишидан булар ҳақида изоҳ беришларини сўрадим…
Бош муҳаррир бу сўровимга ҳам жавобан оддийгина изоҳ ила:
“Шунақамикин… Балки, ўтган сондаги бирор сурат хато тарзда қолиб кетгандир-да…”, дея сурат юзасидан жавоб бериб, гўё ҳаммасидан қутилган бўлди…

Шу ўринда яна бир ҳақли инкорий савол туғилади:
Мухбир томонидан олиб келинган хабар ёки мақола оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинишидан олдин уни ҳақиқатга эга эканлиги, хабар рост бўлган тақдирда уни омма эътиборига ҳавола этиш не қадар эътиборга молик ёки молик эмаслиги тўғрисида соҳа вакиллари билан атрофлича мулоҳаза қилиниши керак эмасми-ди?!
Зотан, тешик қулоққа чалинган ҳар қандай хабарни аниқ ва равшан ўрганмаган ҳолда тарқатавериш мухбирнинг ваколати эмас…
Муҳаррир ҳам шундай…
Аслида таҳририятнинг масъулияти мухбирникидан кўра чандон юксакроқ бўлиши лозим эмасми-ди?!
Ҳолан, бош муҳаррирлик иш ўрни нима учун жорий этилган?!
Агар иш ва вазифалар ижроси шу зайлда олиб борилса, бу уларга берилган шарафли ваколатларни суиистеъмол қилиш, дегани эмас-ми?!
Ислом таълимотларида ёлғон хабар бериш қаттиқ қораланган…
Аллоҳ таоло ўз каломида:
“Эй иймон келтирганлар! Агар (бирор бир) фосиқ Сизларга хабар келтирса, (уни) аниқлаб кўринглар. Билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, (кейин) қилмишингизга надомат чекувчи бўлманглар”, дея ҳар бир хабар масаласида таҳририят ва шаффофлик масъулиятига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини белгилаб берган. “Ҳужурот” сураси, 6-оят.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар. Ибн Можа ривояти.
Чунки, инсонлар орасида таги пуч, асоссиз ва уйдирма гапларни тарқатиш жамоатчиликни иккиланиш ва фирқаларга бўлинишига сабаб бўлади. Натижа ўлароқ, ўртада турли зиддият ва низолар юзага келади. Шу боис ҳам ёлғон хабар тарқатиш динимиз ҳукми бўйича улкан ва оғир гуноҳ, дея белгилаб қўйилган…

Қанчалар гўзал, хайрли ва ислоҳли иш бўлган бўлар эди, агар ўша мухбир ёки муҳаррир мазкур мақолани тайёрлаш, ҳечса чоп этиш ишларидан олдин ундаги ҳолатлар юзасидан соҳа вакиллари билан мулоқот қилиб, ҳолатга аниқлик киритиб олсалар…
Кейин уни аниқ маълумотлар асосида чоп этиш ёки этмаслик мухбир ёки таҳририятнинг ихтиёри ва ваколатидаги ишлари эмасми-ди…

Эссиз ўша мухбирлик иш ўрни…
Эссиз ўша муҳаррирлик иш ўрни…
Эссиз маънавият ва маърифат зиёсини тарқатиш имкониятига эга бўлган, бироқ ёмон гумон, зиддият, адоват ва фитна мисол иллатлар учун зироат майдонига айлантирилган ўшал ШУНЧА ОҚ ҚОҒОЗЛАР…
Эссиз асл мақсади инсонларга улуғ йўл бўлиш, уларни саодат йўли томон чорлашдан иборат бўлган “Улуғ йўл” номли газетанинг ҚОРА БЎЛГАН жами 187х510 метр ёки 95,370 м2 майдонли ОППОҚ ЮЗЛАРИ…
Эссис аҳоли ўртасида турли тушунмовчилик ва фитналар учун кенг майдонга айлантирилган шунча ОҚ МАЙДОН…

Учинчидан:
Мақола ибораларига эътибор берган бўлсангиз, мухбир ўз мақоласида мазкур жаноза бўлган хонадонга таъзия билдириш учун келган вақтида ўз синфдоши Эргаш СУЛТОНОВ Қуръон тиловати қилиб тургани ва бу ҳолатдан, яъни тушунишимизча – синфдошини Қуръон тиловати қилиб турганидан ажабланиб, ёнида ўтирган йигитдан “Нима гап, бу бўлимда домла йўқ-ми…”, дея савол сўраганини баён этган…
Шу ўринда ҳам яна навбатдаги инкорий савол туғилади:
Қуръони карим тиловати имом-хатибнинг ваколатига хос ёки бошқалар учун таъқиқланган ишми-ди?!
Асло ва асло ундай эмас…
Ҳар бир киши таъзия изҳор этиш асносида ёки намозлари сўнггида мусулмон инсон сифатида Қуръон тиловатини қилиш ваколати ва ҳуқуқларига эга…
Нафақат ваколат ёки ҳуқуқлар, балки ўзини мусулмонман, деган ҳар бир инсон бу ишни ўзи учун ҳам шарафли бурч, ҳам саодатли вазифа, деб билмоғи керак…
Зотан, хабарлари мулоҳазали, шунингдек, самимий, ғараз-у ёлғонлардан пок ва омонда бўлган инсон синфдошининг Қуръон тиловат қилишидан хурсанд бўлиши, ўзи ҳам у каби муборак Қуръони карим тиловатини чиройли уддалай олишини хоҳлаши ва унга ҳаракат қилиши керак эмасми-ди?!

Тўртинчидан:
Муҳтарам мухбир жаноблари синфдошининг Қуръон тиловатини қилишидан қаноат ҳосил қилмаганиданми ёхуд тиловат учун айнан домлани топа олмагани ёки кўрмаганидан вазиятни танқид остига олиш ўрнига “Таъзия учун ҳозир бўлган шунча одамлардан бирортамиз шу ёшга кириб ҳам Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони каримдан ҳатто бир оят ҳам ўқий олмалик… Бу ҳаммамиз учун жуда ҳам улкан уят бўлди…”, дея айнан шу жиҳатга урғу берганида муносабат тўғрироқ, адолатлироқ ва самаралироқ бўлмасми-ди?!
Ёки нотўғри-ми?!
Масалан, муҳтарам мухбир жаноблари ётириши мумкин эди-ку, шунча инсонлар қабристонларга Ота ва Оналари ёки рафиқалари мисол ўтганлари зиёрати учун борганида уларнинг қабрлари бошида нима ўқиб келишмоқда?!
Демак, улар зиёратга борганларида Қуръони карим тиловатисиз шундай кириб чиқишади ёки яқинларининг қабрлари бошларига зиёрат қилгани деярли умуман боришмайди…
Агар ҳақиқатда борганларида, ҳеч бир қабр бугунгидек қаровсиз ва аянчли ҳолда ётмас эди…
Зотан, Қуръони карим тиловатини билмайдиган одам ҳечса қабр атрофини тозалашни билади-ку…

Балки, шунинг учундир, қабристонлардаги ечими йўқ қаровсизликлар…
Балки, шунинг учундир, қабристон масъуллари юзлаб қабр эгаларини тополмасдан қадамлари сарсон, жонлари ҳалак бўлиб, “эгасиз” қабрларни ёлланма ишчиларни жалб этиб тозалатаётганлари…
Ҳатто, муҳтарам юртбошимизнинг шахсан ўзлари бу муаммоли масалага қай даражада эҳтимом билан ёндошаётганлари барчамизга кундек маълум-ку…
Мана, муборак Қурбон ҳайитига атиги саноқли кунлар қолди. Шунга қарамасдан қабристонларимиздаги юзлаб ғариб, “эгасиз” қабрларни қай ҳолатда эканлигини бир кўринг…
Аниқки, уларнинг яқинлари кунлар эмас, ойлар, балки йиллар давомида яқинларининг қабрлари бошига келмаган…
Борди-ю, уларни қабристонларга олиб келсангиз, яқинлари қабрини топиб ҳам беролмасалар, не ажаб…
Яқинлари-ки, уларнинг уст-боши, танаси ва ётар жойини кирлардан доимо озода тутган, хавфлардан қўриқчи бўлиб омонда сақлаган, бир йилда атиги икки бор эмас, балки ҳар нафасларида уларни соғиниб, бағрига босиб яшаган АЗИЗ ИНСОНЛАРИ…
Минг аламли ва аччиқ бўлсада, буларнинг барчаси бор ва чин ҳақиқатлар-ку!!!

Аслида муҳтарам мухбир жаноблари масалага мана шу тарзда ислоҳ учун, мақсадли ёндошиши, мазкур мисол мавжуд муаммоларни шу маънода ёритиши ва уларга ечим ахтариши мумкин эди-ю…
Агар муҳтарам мухбир жаноблари ўзининг шарафли вазифасига масъулият билан ёндошганида ҳар қадам ва ҳар қарашларида ҳикмат эмас, мана шу мисол ҳикматларни топиши ва муаммоли масалаларнинг аҳамиятли жиҳатларини жамият ислоҳи учун ёритиб бериши ҳам мумкин эди-ю…
Яна саволлар туғилаверади:
Бу мақоладан мухбирнинг асл мақсади нима эди?

Бешинчидан:
Мазкур ҳудуддаги жоме масжиднинг номи “Мулла Абдуғаффор ҳожи” бўлиб, ушбу жоме масжид учун бир неча йиллардан буён маҳаллий кадр йўқлиги боис айни вақтдаги имом-хатибни аслида 50 км. олис масофадан илтимос ила жалб этганмиз…
Мухбир ўз мақоласида мазкур жоме масжидда уч нафар домла (яъни, диний ходим) борлиги айтилганини қайд этган…
Бу маълумот умуман нотўғри…
Имом-хатибнинг ҳатто ноиби ҳам йўқ…
Бир ўзи…
Асл муаммо ҳудудий кадр йўқлиги ва етишмаслигида…
Биз ушбу мақола чоп этилганидан сўнг имом-хатибнинг фаолияти юзасидан тавсиф сўраганимизда туман бош имом-хатиби, жоме масжид қавми ва маҳалла аҳолиси томонидан ижобий фикр ва муносабатлар олдик. Улар имом-хатибни олис масофадан қатнаб бўлса ҳам лозим тадбирларда иштирок этиб, вазифаларини садоқат билан адо этаётганини билдиришди…
Суриштишларимиз натижасига кўра имом-хатиб мазкур маййитни жаноза намози ва дафн этиш тадбирларига ҳозирлаш ишларида шахсан ўзи бош бўлгани, қолаверса, уч кун аза кунлари давомида таъзия изҳор этиш учун келадиган, бироқ Қуръони каримни ўқишни билмайдиганлар номидан тиловат қилиб туриш учун маҳалла фаолларидан иборат икки нафар кекса нуронийларни бириктириб қўйгани аниқланди…

Шуни яхши билишимиз керак-ки, маййит олдида унинг атрофидаги мусулмонларнинг бурчлари, имом-хатибларнинг хос вазифалари жами тўртта бўлиб, улар {1} маййитни ювиш, {2} уни кафанлаш, {3} унга жаноза намозини ўқиш ва {4} қабрга дафн этиш ишларидан иборат…
Зотан, муқаддас ислом динимиз таълимотларида ушбу тўртта вазифалар бир мусулмоннинг иккинчи мусулмон олдидаги фарз (лозим) даражасидаги савобли бурчи сифатида белгилаб қўйилган.
Агар, ходимларимиз томонидан мазкур масалаларда ҳақиқатда эътиборсизликлар содир этилган бўлса, танқидлар БОШ УСТИГА ЭДИ!
Ҳа, самъан ва тоъатан!

Таъзия, дегани мусибат аҳли эътиборига “Бандалик… У яхши инсон эди… Аллоҳ таоло раҳматига олсин… Сизларга чиройли сабр ва ажр-у савоблар берсин… Ҳаммамиз Аллоҳ таолонинг борлиғимиз ва албатта куни келиб Унинг ҳузурига қайтамиз…”, мисол сўзларни изҳор этиб, ҳамдардлик билдирмоқ, деганидир…
Таъзияли хонадон аҳли учун уларнинг аза кунлари давомида таъзия изҳор этиш, ҳамдардлик билдириб, тасалли бериш суннат даражасидаги савобли бурч сифатида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, таъзия асносида Қуръони карим оятларидан тиловат қилиш фарз эмас, балки халқимизга хос гўзал, ажрли ҳамда фазилатли анъана…

Олтинчидан:
Мухбир жаноблари ўз мақоласида танқидларни жоме масжид имом-хатибига эмас, аксинча собиқ домла, деб билдирган “Акмал” исмли шахсга йўналтирган…
Аниқроғи, у «Акмал»ни ўша таъзия хонадонида ўтирмасдан, махсус лицензиясиз йўналишда ҳайдовчилик қилиб одам ташиб юрганликда айблаган…
Аслида, бу маълумот ҳам кўр-кўрона тарзда ёритилган…
Негаки, мазкур жоме масжид тарихида мухбир маълум қилган “Акмал” исмли шахс умуман на имом-хатиб ва на имом ноиби вазифасида ишламаган…
Эҳтимол, уни маҳалла аҳлининг ўзи домла сифатида билишлари мумкиндир…

Еттинчидан:
Мухбир ўз мақоласи якунида мазкур “Акмал” исмли шахсни махсус лицензиясиз йўналишда ҳайдовчилик қилиб одам ташиб юрганини танқид остига олган…
Агар, ҳақиқатдан ҳам ушбу мухбир жаноблари йўналишда махсус лицензиясиз ҳайдовчилик қилишни жамият учун ҳам, йўловчилар учун ҳам зарарли ёки хавфли, деб билса, нега унинг автоуловига чиқиши олдидан ундан одам ташиш учун лицензияси бор ёки йўқлигини сўрамади?! Нега?!
Ёки унда одам ташиш учун лицензия йўқлигини ярим йўлда билган бўлса, нега ярим йўлда унинг автоуловидан тушиб қолмади?! Нега?!
Буни қўпол бўлса ҳам, тирноқ остидан кир қидириш, дейилади…
Агар мен мухбирнинг дардини тўғри тушуна олган бўлсам, бу маълумотлар мухбирнинг қандайдир шахсий ғаразлари асосида тайёрланиб, бош муҳаррирнинг эътиборсизлиги натижасида нашр “қурбонига айланган” кўринади…

Эътироф этаман, барча соҳаларда бўлгани каби бизнинг соҳада ҳам қайсидир маънода муаммолар бор. Мен буни асло ва асло инкор этмайман…
Ойдек равшанки, бу муаммонинг барчаси айни дамда кадр етишмаслиги ва маҳаллий кадрнинг йўқлиги билан боғлиқ…
Нима бўлган тақдирда ҳам бу жамият БИЗНИКИ…
Ютуқ ва камчиликларимиз ҳам ЎЗИМИЗНИКИ…
Мақсадимиз битта ва битта бўлиши керак…
Шундай экан ҳар қандай ишга яхши ниятда, ифсод эмас, аксинча ислоҳ мақсадида ёндошмоғимиз керак…

Саккизинчиси:
Агар мен ҳам ўшал мухбир ёки муҳаррирдек мулоҳазасиз ва эътиборсизлик билан иш тутиб, тирноқ остидан кир қидирсам, муаммоли ҳолатга ислоҳ учун эмас, аксинча ифсод мақсадида ёндошсам, нафақат газетадаги ушбу мақола, балки “Улуғ йўл”, дея аталмиш бутун бир бошли ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий газетадан хато эмас, хатоларни топиб, уларни алоҳида мақола эмас, мақолалар остида ёритишим мумкин эди…


Бироқ, бу иш мен учун берилган атиги бир марталик ҳаётимнинг асл мақсад ва вазифаларидан эмас…
Қолаверса, комиллик биргина Аллоҳ таологагина хос…
Садриддин Салим Бухорий ҳазратлари айтганларидек:
Иллат излаганга иллатдур дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдур дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё.

Хатони ҳамма топа олиши мумкин…
Ундан ҳамма нафратлана олиши ҳам мумкин…
Демак, бу донолик ёки қаҳрамонлик ЭМАС…

Асл ДОНОЛИК ва ҚАҲРАМОНЛИК бу – иккинчи томоннинг яхшилигини ИБРАТ УЧУН, камчиликларини ИСЛОҲ УЧУН кўра олишдир!!!

Ҳа айтмоқчи, мухбир жаноблари шуни яхши билиб қўйсинлар-ки, муҳтарам имом-хатиблар Сиз айтганингиздек – ТЎРТТА НОН билан РЎМОЛЧА УЧИДАГИ ЎТТИЗ-ҚИРҚ МИНГ СЎМ учун ўқишмаган, ўқитилмаган ва бунинг учун ишламайдилар…
Мухбирман, деб тилингизга эрк берманг…
Унинг ўрнига “ЖОНИНГИЗ” бўлса, МАНА ШУ ҲОЛАТ мисол ўз хизмат ойлик маошларини оқламасдан, меҳнат фаолиятига мақсадли ёндошишни англамаётган миллатнинг миллиардларини ўмараётганлар ҳақида СЎЙЛАНГ…

Сўзим якунида Тошкент вилояти, Ангрен шаҳар, “Angren ziyo” масъулияти чекланган жамият маъмуриятидан “Улуғ йўл” газетасининг бош муҳаррири Неъмат ДУШАЕВ ҳамда Бекобод туман бош имом-хатибидан мазкур газетанинг 01.08.2019 санадаги 21 (252)-сонида бир эмас, 1 700 (бир минг етти юз) нусхада, жами 187х510 метр ёки 95,370 м2 майдонда чоп этилган “Домла таъзияга нега келмади?” номли мақоласига асосан “Акмал”га кўрилган чоралар бўйича ҳисобот беришини талаб қилаётган “Улуғ йўл”нинг Бекобод ҳудудий мухбири Ражаббой БАГИРОВ мазкур мақола, унинг нашри ва унга доир юқорида кўрсатилган муносабатлар юзасидан тушунтириш беришларини СЎРАЙМАН…

Ҳурмат ила,

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари
Нурали МАВЛАНОВ.