Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Фазилатли ой туҳфаси

Фазилатли ой туҳфаси

 Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ с.а.в марҳамат қилиб: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилганга тенг бўлади”, – деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.

Мусулмон киши садақа – эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан садақа қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру савобга сазовор бўлади.

Мусулмон кишининг барча саъй-ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиши зарур. У жамиятдаги бошқа инсонларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиши ва ҳожатларини раво қилишга доимо тайёр бўлиши лозим.

Бу ҳақда пайғамбаримиз с.а.в марҳамат қилиб шундай деганлар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин имонли бўлмайди”. Шундай экан, бир-биримизга меҳр-оқибатли, саҳоватли бўлайлик.

Бу йилги Рамазон ойида ҳам, ҳар қачонгидек беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, кўнгли ярим инсонларни йўқлаш, болаларга ҳадялар бериш каби гўзал урф-одатларимизни эсдан чиқармайлик. Ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз, устозларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саҳоват кўрсатиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи-раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олишга шошилайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини ва ҳайит байрамини соғ-саломат, тинчлик омонликда ўтказишни насиб айласин!

Янгийўл туман бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Нишонова Ханифахон Собировна