Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ФАЗИЛАТЛИ ОЙ РАМАЗОН МУБОРАК!

ФАЗИЛАТЛИ ОЙ РАМАЗОН МУБОРАК!

Рамазон” сўзи араб тилида бўлиб, “жазирама иссиқ”, “куйдириш” маъноларини англатади.

Одатда Рамазон ойи рўзаси рўзадорнинг ичини ташналикдан қиздиради, рўзадор эса бунга савоб умидида сабр қилади ва натижада у Аллоҳ таолонинг мағфирати мисол қатор фазилатларга эга бўлади. Рамазон ойи шу фазилатлари ила рўзадорнинг гуноҳларини куйдириб юборади. Шунинг учун унга ушбу ном берилган.

Рамазон ойи рўзадори рўзаси сабаб Аллоҳ таолонинг энг яхши кўрган бандалари қаторига қўшилади. Ҳадиси шарифда Албатта, Аллоҳ таоло ўз ҳабибини (яъни, яхши кўрган бандасини) жаҳаннамга ташламайди”, дейилган.

Алллоҳ таоло Рамазон ойини қатор хусусиятлар билан баракотли ва фазилатли қилиб қўйди. Унинг хусусияти, фазилати ва баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёсдир. Шу боис ҳам бу ой ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, деганлар.

Бу ой энг аввало Қуръон ойидир. Бу ойда Аллоҳ таоло ўзининг энг сўнгги китоби бўлмиш қиёмат кунига қадар боқий қоладиган Қуръони каримни нозил қилган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз у(Қуръон)ни қадр кечасида туширдик(“Қадр” сураси, 1-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Қуръонни аввал лавҳ ал-маҳфуздан дунё осмонига тўлиқ нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бири қадр кечасида бўлган. Қуръоннинг ер юзига, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳй фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар”.

Рамазон раҳмат, мағфират ва дўзадан озод бўлиш ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳамати ёғилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади”, дейилган. Унинг аввалги ўн кунлари раҳмат, ўртадаги ўн кунлари эса мағфират ҳамда охирги ўн кунлари дўзахдан озод бўлиш фурсати ҳисобланади.

Салмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади, дедилар.

Шунингдек, бу ой хайр ва саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Мусулмонларни қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишларига одатланишлари ҳам бежиз эмас.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар.

Эркин шамол айнан бирор томонга йўналтирилмайди. Аксинча, ҳар тарафга еладиган шамолдир. Бундан шамолнинг нафаси ҳаммага тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазон ойида саховат қилишда ҳудди шундай шамолга ўхшаб кетар эдилар.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?, дейилди. У зот: Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди. У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади”.

Шунинг учун ҳам салафи солиҳинлар Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳ таолога олти ой дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар экан.

Рамазон тинчлик, аҳллик, гўзал ахлоқ ва яхши одоблар ойидир. Бошқалар билан тортишиш, жанжаллашиш асло мумкин эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазоннинг кечасини имон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: “… Рўзадор учун иккита хурсандчилик бордир, у улар ила суюнгай: ифтор қилганда суюнгай ва қачон Раббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай”, деган”.

Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дедилар”.

Рамазоннинг фазилатларидан бири ифторлик асносидаги дуоларнинг ижобат бўлишидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши бор, уларнинг дуолари қайтарилмайди: одил раҳбар, рўзадор ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”, деганлар”.

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдиларда, “Омин”, дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдиларда, “Омин”, дедилар. Сўнг тик турдиларда, “Омин”, дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: Нимага Омин дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули? дейишди. У зот: “Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: “Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. Кейин: “Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ (уларнинг хизмати ва розилиги ила) жаннатга киролмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. Сўнг: “Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим” дедилар”.

Демак, Рамазон ойи инсоннинг икки дунё саодати учун шу қадар юксак имкониятки, ундан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан поклана олмаган кишининг ҳолига вой экан.

Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини янада мароқли, ибодатли ва хайрли ишларга тўла ўтмоғини, азиз ва жанатмакон диёримизга Аллоҳ таолонинг кўпдан кўп хайр ва баракалари ёғилмоғини, жонажон халқимиз учун давомли фазилат ва манфаатларга бой  фурсат бўлмоғини сўраймиз!

Тошкент вилоят бош имом-хатиби Х.Турматов.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan