Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фазилатли мусулмон

Фазилатли мусулмон

Холдар ҳожи Ота билан ҳозирда анча йўқолиб бораётган инсоф ҳақида суҳбатлашиб  ўтирсак, ўз ҳаётларидан қуйидаги воқеани айтиб бердилар:

Онам турмушга чиққанларидан кейин, Отам билан бир йилдан кўпроқ яшабдилар-у, Отамни урушга олиб кетибди. Ўшанда мен Онамни қўлида 6 ойлик чақалоқ эканман. Онам анча йиллар кутибдилар, Отамдан дарак бўлмагач, Ота-Оналари ўз уйларига олиб кетибдилар. Минг афсус, Онам билан ҳаммамиз умид қилган дийдор, охиратга қолди. Отам бедарак кетдилар.

Йиллар ўтиб ҳаёт синовларида соғлиқларини йўқотиб, Онам, амакилар – ҳаммалари оламдан ўтиб кетишди. Ўшанда Онам ёш бўлганлиги боис бошқа турмуш қилган эканлар. Мен ҳам тоғаларим қўлида улғайиб, мактабда аъло баҳоларга ўқиб, Тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирдим…

Бир куни Онам келин бўлиб тушган уйда яшайдиган  амакимнинг ўғиллари мени чақириб, қўлимга катта миқдордаги пулни тутқазди.  “Бу нима учун?” – дедим. Шунда у: “Отам раҳматлик васият қилиб, Ўғлим шу уйда мени урушдан қайтмаган Қўчқор укамни ҳам ҳаққи бор. Унинг оиласи шу ҳовлида қурилган. Уйнинг шу ўрта устунидан бир қисми унинг оиласиники. Онаси ёш қолганлиги учун уйда қолмади. Ўғлини ҳам тоғалари тарбиясига олди. Қачонки улғайса, хоҳласа шу тор ҳовлида келиб сен билан бирга яшар, агар қачондир ҳовлини сотадиган бўлсанг, пулини тенг ярмини ўғлига бергин! Охиратга унинг олдига юзим ёруғ бўлиб борай деб кетган эдилар. Мана орадан неча йиллар ўтди. Бу ҳовлилар эскирди. Бугун яшашга торлик қилиб, бошқа жойдан ҳовли қилиш учун сотдим. Ўзимнинг улушимни олдим. Бу тенг ярми, сенинг улушинг, Оталаримизнинг руҳлари шод бўлсин!“ – деди.

Кўзимга ёш келди. Ниҳоятда хурсанд бўлдим. Қийналиб, ўксиб юрган пайтларим эди, ўша пул билан уйландим, ўзимга уй солишга ҳаракатни бошладим…

Ҳикояни шу жойда тўхтатиб, хулосага келайлик. Ўша оғир кунларда одамлар оқибатни сақлаб қолган-у, нима учун бугун фаровон ҳаётда биз уни йўқотяпмиз?!

Ҳар сафар Ота-Онаси тирик бўла туриб, уларни олдида уй-жой талашган, бир-бирини ҳаққига хиёнат қилаётган, охиратни унутган одамларни кўрсам, шу воқеа эсимга келаверади. Ҳайқириб “Тақвода ҳам ўтганларимизга муносиб бўлайлик!” дегим келади. Зеро, қаердан оқибат кўтарилса, ўзи билан барокатларни ҳам олиб кетади.

Паркент тумани «Беш-каппа «жоме масжиди
имом хатиби Миршавкат Туйчиев