Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фазилатли кун

Фазилатли кун

Ислом уммати учун аҳамиятли бўлган янги – ҳижрий 1439 йил ҳам кириб келди. Ҳар янги йилнинг ўзгача хосияти бор. Чунки янги йил мусулмонлар Аллоҳ таолога ибодат қилиб қалбларини поклайдиган, Аллоҳ таоло томон интилишларини зиёда қиладиган ва уларни улуғ ибодат бўлган рўзага чорлайдиган Муҳаррам ойи билан бошланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойидан кейин рўзанинг афзали Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейин энг афзал намоз тунгги намоздир”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Ашуро кунининг тарихи:

Муҳаррам ойи ундаги фазли улуғ, қадим ҳурматга эга бўлган Ашуро куни билан ажралиб туради. Бу кунда рўза тутиш пайғамбарлар орасида машҳур бўлган.  Нуҳ ва Мусо алайҳимассаломлар бу кунда рўза тутдилар. Аҳли китоб,  Қурайш қабиласи ҳам жоҳилият пайтида шу куни рўза тутар эдилар. Аллоҳ таоло бу кунни яхши кўрди. Ашуро кунида тутиладиган рўзани ажрини зиёда қилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусо ва унга иймон келтирган мўминларни зулмдан қутқарди. Золим Фиръавн ва унинг қўшинини денгизга ғарқ қилди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар. “Бу нима?” – дедилар. “Бу солиҳ кундир. Бу Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган кун.  Шу боис Мусо унинг рўзасини тутган”, – дейишди. У зот: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, – дедилар ҳамда унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Ашуро кунининг рўзаси бир йилик гуноҳларга каффоратдир:

Ашуро куни Муҳаррам ойининг энг афзал кунидир. Ашуро куни рўзаси Арафа кунининг рўзасидан кейинги мартабада туради. Чунки Арафа кунида тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлса, Ашуро кунининг рўзаси бир йиллик гуноҳларни мағфират қилади. Бир йиллик гуноҳларни кечилириши аслида катта бахт ва улуғ фазлдир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “… Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг ва ўзидан кейинги йилнинг гуноҳларига каффарот бўлади, деб ўйлайман. Ашуро кунининг рўзаси, ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффарот бўлади, деб ўйлайман”, – дедилар”, деди”.  Имом Муслим ривоят қилган.

Арафа куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидан бўлгани учун икки йиллик гуноҳга каффорат бўлади. Ашуро куни бўлса Мусо алайҳиссаломнинг шариатлари бўлгани учун бир йиллик гуноҳга каффорат бўлади.  Бир кунлик рўзанинг бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши – Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ фазлидир. Зеро, Аллоҳ таоло буюк фазл эгасидир. Уламолар: “ Гуноҳларга каффорат бўлади деган сўздан мурод кичик гуноҳлардир. Аҳли сунна вал жамоа наздида катта гуноҳлар фақат тавба ёки Аллоҳ таолонинг раҳмати билан мағфират қилинади”, деганлар.

Рамазон ойидан кейинги маҳбуб рўза: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзасини тутишни яхши кўрар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бу зотдан Ашуро кунининг рўзаси хусусида сўралганида, у зот: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқа кунлардан афзал кўрганларини ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истагандек, бошқа ой рўзасини истаганларини кўрмадим”, деганлар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳар бир ишни яҳудий ва насронийларга  хилоф тарзда адо этиш одатлари бор эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар”, – дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон келаси йил бўлса, иншааллоҳ, тўққизинчи куннинг рўзасини ҳам тутамиз”, – дедилар. Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Уламолар юқоридаги ҳадисни эътиборга олиб: “Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни яҳудийларга хилоф ҳолда рўза тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набавий ҳидоятларидир”, деганлар. У зот  ўзлари бу ишни қилмаган бўлсалар ҳам ишора қилиб кетганлар.

Имом Нававий тўқизинчи кун тутиладиган рўза борасида бир неча важҳни келтиради:

  1. Яҳудийларга хилоф деганда улар фақат ўнинчи кун билан чекланиб қолган эдилар.
  2. Бундан мурод Ашуро кунига рўза билан кириш. Бу ҳудди жума кунини хослаб рўза тутишдан қайтарилгани кабидир.
  3. Эхтиёткорлик юзасидан ойни кўришда хатолик бўлса ҳам саноқ тўғри бўлади. Мисол: тўққизинчи кун бўлса, шу вақтда ўнинчиси бўлиши мумкин.

Қадри баланд кун:

Бу куни тутиладиган рўзанинг қадри баланд бўлгани учун расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада бўлган вақтларида ҳам Ашуро куни рўза тутар, лекин мусулмонларни рўза тутишга буюрмас эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  Мадинага келганларида яҳудийларни бу куни рўза тутаётганини кўрдилар. Сабабини билгандан сўнг, инсонларни рўза тутишга буюрдилар. Ҳатто Ашуро куни нонушта қилиб олганлар ўша куннинг ҳурматидан кундузнинг қолган қисмида бирор нарса еб-ичмасликларига амр қилинган. Эрталабдан бирор нарса еб-ичмаганлар эса, рўзани ният қилиб олишларига амр бўлган. Бу ҳолат иккинчи ҳижрий санада бўлган эди. Чунки у зот биринчи ҳижрий сананинг Робиул аввал ойида Мадинага келган эдилар.  Рубаййиъ бинти Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни тушликда Мадина атрофидаги ансорлар қишлоғига одам жўнатиб: “Ким рўза тутиб тонг оттирган бўлса, рўзасини охирига етказсин. Кимни оғзи очиқ бўлса, қолган кунида (ҳеч нарса емасдан, рўзасини) охирига етказсин”, дедилар. “Бизлар ана шундан кейин рўза тутиб, кичик болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича рўза тутдирар эдик. Ва масжидга бориб, уларга жундан ўйин ясаб берар эдик. Агар болалардан бирортаси овқат, деб йиғласа ўша ўйинни (токи овутиш учун) ифтор бўлгунича бериб турар эдик”. Имом Муслим ривоят қилган.

 Ашуро куни рўза тутиш ихтиёрий амал:

Иккинчи ҳижрий санада Рамазон рўзаси фарз бўлгандан сўнг, Ашуро кунида рўза тутиш ихтиёрий бўлди. Ашуро кунининг рўзасини тутишга бўлган буйруқ  фақат бир йил бўлди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Рамазон фарз бўлишидан аввал Ашурода рўза тутишар эди. Бу Каъба(га каъбапўш) ёпиладиган кун эди. Аллоҳ Рамазонни фарз қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким унда рўза тутишни истаса, тутаверсин, ким уни тарк қилишни истаса, тарк қилаверсин”, – дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган.

Ашуро куни рўза тутишдан мақсад:

Ашуро куни иймон аҳли наслу насаби ва тили бошқа бўлса ҳам, ўзаро муносабатни боғлайдилар. Бу мўминларнинг қалбларини тарбиялаб, Ислом умматини бирлаштирадиган кундир. Мусулмонлар бу кунда рўза тутиш билан тарихий воқеа – Мусо алайҳиссалом ва у кишига иймон келтирган мўминларнинг динни сақлаб қолиш бораси чеккан машаққатларини эслайдилар.  Ашуро кунидан  Пайғамбарлар ўзаро бир – бирларига ҳақлироқ эканликларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, деган сўзларидан билиб олсак бўлади. Чунки пайғамбарлар дин ва рисолатни етказишда биргадирлар. Ашуро куни Аллоҳ таоло Ўз дўсти бўлган мўминларни ташлаб қўймаслигига ва душманларини хор қилишлигига  бир эслатмадир. Бу эса хар бир инсонни Аллоҳ таолодан яхши нарсаларни орзу қилишга, У ҳақида яхши гумонда бўлишга ундайди.

Ашуро кунининг фазли зикр қилинган ҳадислардан олинадиган фойдалар:

  1. Нафл ибодатлар бир – биридан устун туришига далил. Чунки ҳадисларда арафа куни тутилган рўзада бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳлар, Ашуро кунида эса бир йил олдингиси кечирилиши баён қилинмоқда.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо аҳли китобга хилоф қилиб, яҳудийлар бу кунда рўза тутиб байрам қилган бўлса, сизлар ҳам шу куни рўза тутинглар ва унга бир кунни қўшиб қўйинглар, деб айтганлар.
  3. Ашуро куни мусулмонларга Аллоҳ таолонинг фазли нақадар улуғ эканлигини яна бир бор эслатади. Чунки арзимаган амалга катта мукофот ваъда қилинмоқда.
  4. Ашуро куни рўза тутишнинг ихтиёрийлиги мусулмонлар учун ўзаро мусобақа эшиклари очиқлигидан далолатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг фазлини баён қилиб, рўза тутишни ихтиёрий қилдилар.
  5. Саҳобалар фарзандлари балоғатга етмасдан Ашуро кунининг рўзасини ўргатишлари, баъзи ислом шиорларини жамиятда ёшлар балоғатга етмасдан олдин ўргатиш лозимлигига ишорадир.
  6. Аллоҳ таолонинг нусрати турли хил кўринишда бўлишига ёрқин далилдир. Гоҳида Аллоҳ дин душманларини ҳалок қилиб, мусулмонларни уларнинг ёмонлигидан муҳофаза қилади. Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўртасида бўлган воқеа бунга мисол бўлади.
  7. Ашуро куни ислом шариати осон эканлигининг далилидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким унда рўза тутишни истаса, тутаверсин, ким уни тарк қилишни истаса, тарк қилаверсин”, дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга бу кунда солиҳ амалларни қилмоқликни насиб қилсин.

 

 

Тошкент вилояти, Қибрай тумани,

 “Саъдулла ота” жоме масжиди

 имом-хатиби Мирҳамидов Обид