Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ФАРЗАНДНИНГ БЎШ ВАҚТИ – ДУШМАННИНГ ИШ ВАҚТИ

ФАРЗАНДНИНГ БЎШ ВАҚТИ – ДУШМАННИНГ ИШ ВАҚТИ

Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар:

«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидап яхшироқдир» (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда:

«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Термизий ривояти).

“Бекорчидан Худо безор”, дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақгини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.

Айни кунда кўплаб ёшлар бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўплар янги-янги дўстлар орттирмоқда, кимлардир узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлишмоқда. Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Тўғри, гўё бунинг ёмон томони йўқдай. Аммо интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, рекламалар борки, улар алдов ва ғаразли мақсадларга йўналтирилган. Жумладан,  жинойи тўдаларнинг юқоридаги каби таклифлари ҳам борки, ана шундай алдовларга ёшларимиз осонгина ишониб қолмоқда. Улар томонидан тақдим этилаётган турли сўровнома ва анкеталарни тўлдираётган ёшларимиз уларни кимлигини билмай, сўраб-суриштимасдан таклифларига рози бўлишаётганлиги, ўта ташвишлидир.

Қора ниятдаги гуруҳлар мутасаддилари анкетага киритилган маълумотлар орқали жисмонан соғлом, бақувват, қўлидан иш келадиган, энг муҳими, ўзларига маъқул, берилган топшириқни бажара оладиган ишонувчан ёшларни осонгина аниқлаб, ўз таъсирига туширишга уринмоқда.

Дунёнинг турли жойларида яширин равишда фаолият олиб бораётган турли оқимлар, секталар, жиноий гуруҳлар мавжудки, улар дунёқараши ҳаминқадар, билим ва тушунчаси тор, маънавияти заиф ёшларни, ҳаттоки, ёши катталарни ҳам ўз домига тотмоқда.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Авввало, интернет тармоқларида диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларимизда ёт ғоялар, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутила олмаймиз.

Таҳлиллар ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти бекор қолган ёшлар томонидан содир этилаётганлигини кўрсатмоқда. Шу боис уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.

Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги кунда огоҳ ва ҳушёрликни унутмайлик. Биринчи Президентимизнинг “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”, деган сўзлари бизга дастуриламал бўлсин. Бу борада эътиборсизлик ёки зарур чораларни кўрмаслик ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Фуқароларимизнинг ҳушёрлигини оширишимиз,  айниқса, ёшларимизнинг бекор юрмаслиги, назоратсиз қолмаслиги, уларни бирор фойдали фаолият билан шуғулланиши масалаларига доимий эътибор қаратишимиз муҳимдир. Хусусан, бу борада кенг жамоатчилик, яъни оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ижобий натижалар беради. Ёшларимизнинг оилада, маҳаллада, ўзлари ўқиётган мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, албатта, юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олади.

Сир эмаски, баъзи бир ёшлар четдаги турли диний оқимларнинг интернет орқали тарқатаётган ёлғон, пуч ваъдаларига ишониб,  уларнинг таъсирга тушиб қолмоқда. Бу каби ҳолатлар ҳар биримизни жиддий ташвишга солади. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик ёт ғояларни тарқатаётган кимсаларнинг асл башараси қандай, ёвуз мақсадларининг асл моҳияти нимадан иборат эканлигини ёшларимизга тушунтиришимиз керак.

Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи – бу ёшлардир. Шу боис турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.

Беғамлик – лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе – лаганбардорликка, андиша – кўрқоқликка, ибо – мутеликка, уялиш – журъатсизликка айланади. Ер бузилса – деҳқон, бола бузилса – ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки риёкор бўлади.

Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам хаётда ўз ўрнини топиб олади.

Янгийўл шаҳар “Жомеъ” жоме масжиди
имом-хатиби Одилжон Нарзуллаев