Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандларимизга Рамазон шукуҳини билдирайлик!

Фарзандларимизга Рамазон шукуҳини билдирайлик!

Азизлар, биз Рамазонга тайёрмизми? Кўпчилик Рамазонга тайёрланиш деганда, ифторлик ва саҳарлик учун керакли таомларни олишни ўйлайди. Бир нарсани унутмайлик! Шайтон алайҳи лаъна Рамазон ойида ўзининг кишанланишини яхши билади. Шунинг учун у Рамазонга тайёрланаяпти, ушбу ойнинг фазилатидан бенасиб бўлишимиз учун, бизларни луқмамизни булғашга ҳаракат қилади, ичкилик, ҳаром ишлар билан алдайди. Чунки битта ҳаром луқма кирган жасаддан, қирк кун ибодат қабул бўлмайди. Шайтон Рамазонга тайёрланаяпти. Бизчи, Ражаб ва Шаъбон ойлари Рамазонга тайёргарлик қиладиган ойлар эди, фойдалана олдикми?

Рамазон ойига фақат озиқ-овқат эмас, руҳий тайёргарлик қилиш керак. Бу ойда Қадр кечаси яширинган бўлиб, минг ойдан яхши кечани фазилатидан насибадор бўлиш бахти бор. Рамазон ойи дуолар ижобат бўладиган, Аллоҳнинг раҳматига, мағфиратига эришадиган, жасадларимизни дўзахдан озод қиладиган ой.

Шундай улуғ ойда ҳам дуолари қабул бўлмайдиган инсонлар бор. Улар Аллоҳга ширк келтирган, ота-онасига оқ бўлган, силаи раҳм, қариндошлик ва қўшничилик алоқасини узганлардир. Шундай дуоси қабул бўлмайдиган инсонлардан бўлиб қолмайлик.

Рамазон ойида ҳам ароқ ичувчи инсонлар бор. Дунёни арзимас матосини деб, дуоси қабул бўлмайдиган, Аллоҳ раҳмат назари билан қарамайдиган инсонлардан бўлиб қолмайлик. Рамазонгача имконимиз бор, кибрга берилмасдан истиғфор айтиб, аразлашганлардан розилик сўраб, доим дуолари қабул бўладиган инсонлардан бўлишимиз керак.

Ҳовли ва атрофимизни турли чиқиндилардан тозалашимиз лозим. Фарзандларимизга Рамазон шукуҳини билдиришимиз, уйга меҳмон келишини кутгандек тайёрланишимизлозим. Чунки Рамазон ойи Қуръон нозил бўлган ой, Раҳмат ойи, жами фаришталар ер юзига тушадиган ойни покизалик билан кутиб олишимиз керак. Аллоҳ покликни яхши кўради. Аллоҳнинг раҳмати пок жойга тушади. Қалбимизни, атрофимизни поклаб дуо қилсак иншаАллоҳ дуоларимиз қабул бўлади.

Рамазон ойи юртимизга Аллоҳнинг раҳматини олиб келсин, дунёга  келган вабо мусибатга Ўзи кифоя қилсин. Беморларга шифои комил берсин. Барчамизни Ўзини раҳматига лойиқ қилсин. Юртимиз учун хизматда турган азизларимизга Аллоҳ куч-қувват ёрдам берсин.

Охангарон туман «Четсув» жоме масжиди имом ноиби Улугов. Б