Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандларимизга меҳр улашайлик

Фарзандларимизга меҳр улашайлик

Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар ва ҳамду санолар бўлсин!

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га дуруд  ва салому салавотлар бўлсин!

Фарзанд дунёда ота-она учун азиз ва оила қувончи ҳисобланади. Ота-оналар фарзандларига катта эътибор бериб, уларнинг комил инсон бўлишлари учун яхши таълим ва тарбия беришлари лозимдир.  Динимизда фарзанд тарбиясига оид масалалар кўплаб келтирилган, хусусан, Қуръони Каримда  Аллоҳ таоло  шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…” (Нахл сураси 72-оят).

Ҳар бир ота-она фарзанди эл-юрт олдида яхши инсон бўлиб етишишини орзу қилади.  Ва фарзандларини одобли, ахлоқли, оиласига қувонч олиб келадиган бўлишини хоҳлайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар:

“Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдоридаги нафл садақа беришдан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадисда кўплаб хайр эҳсондан ҳам афзал иш – бу ота-онанинг ўз фарзандига қилган таълим тарбияси эканлиги айтилмоқда. Зеро, у келажакда инсонларга меҳр улашадиган инсон бўлиб етишишига омил бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:

“Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она ўз фарзанди одобли, меҳрибон, ўз ватанига  садоқатли, одамларнинг меҳрини қозона оладиган яхши инсон бўлиб етишсин деб орзу қилади ва шунга қўлидан келганича ҳаракатда бўлади.

 ПАЙҒАМБАРИМИЗ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛАР ЭДИЛАР?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга нисбатан ниҳоят даражада меҳрли эдилар. Кунларнинг бирида «Сиз болаларни ўпасизми?» – дея сўраган бадавийларга «ҳа» – деб жавоб бердилар. Улар эса «Аллоҳга қасамки, биз болаларимизни ўпмаймиз» – дедилар. Уларга жавобан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Аллоҳ сизларнинг қалбингиздан раҳматини кесиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим».
Жиддий, виқорли бўлсалар-да, болалар билан шунчалик ҳазиллашар эдиларки, сафдошлари У киши (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни «болалар билан энг кўп ҳазил қиладиган киши» – дейишарди. Тилларини набиралари Ҳасанга кўрсатиб, уни кулдирар эдилар. Ансор болалардан бири ёшлигида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оғизларига кўзадан сув олиб, унинг юзига сепганларини ривоят қилган.
Кунларнинг бирида меҳмонга кетаётган Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у ерга набираларини ҳам олиб бормоқчи бўлиб, у кишини бошқа болалар орасидан олиб кетмоқчи бўладилар. Ёш Ҳусайн эса ўнгга, чапга қочиб тутқич бермайдилар. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам набираларини тутиб олгунча ўзларини ҳудди ёш боладек ўнгга, чапга олиб қувгандек бўладилар. Ушлаб олгач эса, бир қўлларини боланинг энсасига, бир қўлларини даҳанининг остига қўйиб эркалаб, ўпиб «Ҳусайн мендандир, мен ҳам Ҳусайнданман» – дейдилар.
Икки набираларини устларига миндириб тўрт оёқлаб юриб, уларни ўйнатар эдилар. Кунларнинг бирида, Ҳазрати Аббоснинг завжалари Умму Фазл набираларидан бирини Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тутқазади. Бола У кишининг кийимларига пешоб қилиб қўяди. «Расулуллоҳга зиён етказдинг» – деб боланинг елкасига урган Умму Фазлга Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ хайрингни берсин, ўғлимнинг жонини оғритдинг» – деб танбеҳ берадилар. Абу Умайр исмли болакайнинг хафалигини кўриб, у билан суҳбатлашиб, кўнглини оладилар. Унинг кичик қушчаси бўлиб, шу қушчаси ўлгани учун ҳафа эканлиги маълум бўлади. Бундан кейин ўша болани ҳар кўрганларида «Эй, Абу Умайр, кичик қушчанг нима бўлди?» – деб сўрар эдилар.
Муҳтарам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёш болаларга нисбатан ана шундай зийрак, аҳамиятли ҳамда меҳр-шафқатли эдилар.

 Оила аъзоларига меҳр-муҳаббатли бўлиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга меҳр кўрсатишда тутган йўллари жуда ҳам машҳурдир.  Юқорида айтиб ўтилганидек, у киши кўпинча Ҳасан ва Ҳусайнларга меҳрибончилик кўрсатардилар. Эҳтимол у киши сафардан қайтганларида болалар қувончининг сабабларидан бири шудир; саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганидек, у киши билан саломлашишга ошиқишарди: “Қачонки у киши сафардан қайтсалар, у кишини кутиб олиш учун уйларидаги болалар олиб чиқиларди”. У киши (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни қаттиқ қучоқлаб олардилар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар шундай деганлар: “Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар, бизларни у кишини қаршилашга олиб чиқар эдилар. Кунларнинг бирида, Ҳасан, Ҳусайн ва мен у кишини қаршиладик. У киши Мадинага киргунимизча биримизни олдиларига, бошқамизни орқаларига мингаштириб олдилар” (Саҳиҳул Муслим, 4/1885-2772; Туҳфатул Аҳвази даги шарҳи, 8/56)

Буни баъзи бахтсиз уйларда вужудга келган ҳолат билан таққосланг, у ерда чин ҳазиллар қилинмайди (яъни ёлғон аралашмаган ҳазиллар), меҳр ва шафқат бўлмайди. Кимки болаларни ўпиш унинг обрўсига тўғри келмайди деб ўйласа, қуйидаги Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисни ўқисин: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳасан ибн Алини ўпдилар, Ақро ибн Ҳабис ат-Тамим эса ёнларида ўтирган эди. Ақро деди: “Менинг ўнта фарзандим бор, лекин ҳеч қачон улардан бировини ўпмаганман”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга қарадилар ва шундай дедилар: “Кимки шафқат кўрсатмаса, унга шафқат кўрсатилмайди”.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оилада фарзанд тарбияси борасида ибратли, уларга мехрибон эдилар. Биз ота-оналар ҳам ўз фарзандларимизга яхши таълим-тарбия беришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Тошкент вилояти Янгийўл туман “Зайд ибн Собит”
жоме масжиди имом-хатиби Ф.Абдуллаев