Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар /  Фарзандларимиз – жаннат райҳонларидир

 Фарзандларимиз – жаннат райҳонларидир

Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири ҳисобланади. Бизга ота-она бўлишлик бахти ва энг улуғ неъмат ҳисобланмиш фарзанд неъмати берилган экан бу барчаларимиз учун улкан қувонч бўлиши баробарида катта масъулият ҳамдир.

Фарзандни жаннатдаги ҳушбўй райҳонга қиёс қилинишида кўп маъно бор. Чунки, биргина кичик райҳон ҳам фақатгина Аллоҳнинг изни ила пайдо бўлади ва уни келажакда қандай униб-ўсиши эндиликда биз ота-оналарга, атрофдагиларга боғлиқ бўлади. Жаннат райҳонларимизни куннинг совуғидан, қуёшнинг жазирама иссиғидан, атрофдаги турли зарарлардан ҳимоя қилиш  каби улкан масъулият эндиликда сиз ва бизнинг олдимиздаги бурч ҳисобланади. Мана шундай зарарлардан муҳофаза қилинган, тўғри парваришланган ниҳолгина келажакда ўсиб бақувват, соғлом дарахт бўлиб етишади.

Ҳозирги вақтда азиз фарзандларимиз, айниқса, келажагимиз ва ўринбосаримиз бўлган ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши энг муҳим ва энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Диндаги муҳим вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарга мурожаат қилиб:

«Эй, иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзаҳдан сақлангиз…», дейди.

Дўзаҳдан сақланиш учун эса, дўзаҳга тушадиган ишлардан узоқ бўлиш, жаннатга дохил қиладиган солиҳ амаллар билан шуғулланиш даркор бўлади. Бу ояти каримада Ҳақ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки бизга омонат берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам тарбияга жуда катта эътибор бериш керклигини уқтириб, бир неча ҳадиси шарифларида тарбия муҳим масала эканлигини таъкидлаганлар.

«Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар» (Имом Муслим ривояти)

Шу ўринда фарзанларимизни қайси жиҳатларда тарбия қилиш лозим деган ўринли савол пайдо бўлади. Уламолар қуйидаги жиҳатлар муҳим эканини эътироф этганлар. Биринчидан: имон тарбияси. болаларимизни фаҳмлай бошлаган вақтдан Ислом арконларини ва шариатнинг бошланғич маълумотларини таълим бериш лозим. Ёшлигидан соф ислом ақидаси сингдириб, ўргатиб борилган фарзанд келажакда бузғунчи ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан ҳимояланган ҳисобланади. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади.

Иккинчидан: аҳлоқий тарбия. Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-аҳлоқли бўлишлари керак. Чунки, одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.

Учинчидан: жисмоний ва баданий тарбия. Бунда ота-она ва ёшлар тарбияси билан шуғулланувчи кишилар бола вужудининг тўғри ривожланиши, жисмининг қувватли бўлиши, баданининг соғлиги учун масъулдирлар. Албатта бола соғлом бўлгандагина етук фарзанд сифатида ўзи, дини, ота-онаси, миллати учун манфаат келтира олади, илм ўргана олади ва савобли амалларни қила олади.

Тўртинчидан: ақлий тарбия. Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб этмаган. Анас (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) Шундай дедилар:

«Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир »

Ислом дини илм-фанга тарғиб этиб, унинг хукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл-қизларни ҳам четлаб ўтмайди. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил этади ва аёлларни илмсиз қолдириш эса жамиятнинг ярмидан зиёд қисмини илмсиз қолдириш билан баробар бўлади. Улар билимли, одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли, одобли бўлади.

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг хузурига келиб: «Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ҳам ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини илмли қилишга имкониятим бор. Қай бирини ўқитай?», деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: «Қизингни ўқит, чунки, у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг бутун жамиятни ўқитган бўласан», деб жавоб берган экан.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун масъулдирлар. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва мураббийнинг бурчидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиш, қаерда юргани, кимлар билан дўстлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлиши мумкин. Аллоҳ асрасин!

Барчамизга маълумки 1-июнь «Халқаро болаларни ҳимоя куни» сифатида белгиланган. Биз болаларимизни, келажагимиз давомчиларини, ўзбекнинг баркамол авлодини нималардан ҳимоя қилишимиз лозим?  Ҳозирги долзарб замонда барчаларимиз фарзандларимизни онгини заҳарлашга уринаётган ёт ғоялардан, ўзбек миллатининг маданиятига зид бўлган ахлоқсизликлардан, нотўғри йўлга бошловчи диний оқимлар хуружидан, вақтини бекорчи ишларга сарф этишдан, илмсизликдан ҳимоя қилишимиз лозим.

Мамлакатимиз ёшлари улкан ижодий, ақл-заковатли, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Ана шу куч ва салоҳиятни юрт тинчлиги, миллат равнақи, халқ фаровонлиги йўлида сарф этишларига барчаларимиз қўлдан келган ёрдамимизни беришимиз асосий мақсадимиз бўлиши лозим. Ана шундагина жаннат райҳонларимиз баркамол бўлиб ривожланади ва миллат янада юксакликка интилиб бораверади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор қилиб, залолат йўлидан Ўз паноҳида асрасин, фарзандларимизни солиҳ зурриётлардан қилиб, элимиз, юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан бўлишини насиб этсин.

                     Қибрай тумани бош
                                                           имом-хатиби М.Миржалилов