Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандлар жаннат райхонларидир

Фарзандлар жаннат райхонларидир

Аллох таоло ўзининг каломида бандаларига ато этган беҳисоб неъматларини банда санаб саноғига ета олмаслиги хабарини берган.

Дарҳақиқат, осмонда учиб кетаётган қуш, денгизда сузиб юрган балиқ, ёғаётган ёмғир, атрофимиздаги дов-дарахт, кўзни қувонтирган ям-яшил гиёҳгача ҳаммаси Аллоҳнинг неъматидир. Шулар ичида энг улуғи фарзанд неъматидир. Неъмат қанча катта бўлса, унинг масъулияти ва жавобгарлиги ҳам катта бўлади. Фарзанд энди туғилган пайтда эгри ёки тўғри ҳам, одобли ёки одобсиз ҳам, яхши ёки ёмон ҳам бўлмайди. Фарзандининг яхши ёки ёмон бўлиб вояга етишида ота-онанинг тарбияси асосий сабабдир. Жазо ё мукофотнинг соҳиби ҳам ота-онадир. Айбни бошқадан қидириш ўз айбини яширишдан бошқа нарса эмас. Бир инглиз мақолида шундай дейилган: “Болаларимни тарбиялайман, деб ҳадеб овора бўлаверманг. Яхшиси, сиз ўзингизни тарбияланг. Барибир фарзандлар сизга тортиб кетади”. Баъзида ўзимиз қилаётган ёмон ишларимиздан, уларни қайтарамиз. Ўзимиз қилмаган ишларга уларни буюрамиз. Бу эса бола тарбиясидаги энг катта хатодир.

Тарбия натижасида фарзандлар беш тоифага бўлинар экан:

  • Ота-онаси буюрганини қилмайдиганлар. Булар ота-онасини рози қилмаган оқпадарлардир.
  • Ота-онаси буюрганини қиладию, ортидан уларга миннат қиладиганлар. Булар гуноҳкорлардир.
  • Ота-онасининг буюрганини ёқтирмай, хоҳламай қиладиганлар. Булар савоб олмайди.
  • Ота-она буюрган амални кўнгилдан бажарадиганлар. Булар савоб олади ва ота-онасини рози қилади.
  • Ота-онасининг хоҳиш-истакларини улар буюрмасидан аввал бажо келтирадиганлар. Булар қобил фарзандлар бўлиб, жуда кам бўлади.

Охирги икки тоифа умрлари баракали, ризқлари мўл, қалблари мусаффо бўлади ва ишлари ҳамиша ўнгидан келади.

Хеч ким фарзанди ёмон бўлишига рози бўлмайди. Фақат тарбияда хатога йўл қўяди ёки фарзанд тарбиясига керагича вақт ажратолмайди. Улуғларимиз: “Тарбия бу назоратдир”, деганлар. Абдулла Авлоний эса: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё саодат, ё фалокат масаласидур”, деганлар. Бир хикматда: “Фарзандлар ота-онанинг сиридир”, дейилган. Бу сир бир кун очилади. Ачинарлиси, ўз вақтида берилмаган тарбия йиллар ўтиб ўз мевасини бера бошлаганда, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйилгани учун афсус қилмоқдан фойда йўқ.

Муҳтарам ота-оналар! Оила деб аталмиш бўстонимизда ўсаётган райхонларимизга эътиборли бўлайлик, токи уларнинг муаттар ҳиди уфуриб, оиламиз ва жамиятимизни хушбўй бўлишига сабабчи бўлсин.

 

Оҳангарон тумани “Чил-қори” жоме
масжиди имоми Орифжон Хусенов