Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандга тўғри йўлни ким кўрсатади?

Фарзандга тўғри йўлни ким кўрсатади?

Фарзандга тўғри йўлни ким кўрсатади?

Қуръони карим оятларида фарзанд неъмати кўз қувончи ва дунё зийнати, деб сифатланади.

Аллоҳ таолонинг пайғамбари Закариё алайҳиссалом «Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер», деб дуо қилди. Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилиб, у зотга хитоб қилади:

«Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз». (Марям сураси,7-оят).

Аллоҳ таоло бу хушхабар билан Закариё алайҳиссаломни хурсанд қилди. Фарзанд кўриш хабари Закариё алайҳиссаломни хурсанд қилганидек, барча ота-оналарни ҳам хурсанд қилади. Фарзанд туғилгандан кейин унга чиройли исм қўйиш ота-онанинг олдидаги маъсулиятларидан ҳисобланади.

Абу Дардодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Батаҳқиқ қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласизлар. Бас шундоқ экан исмларингизни гўзаллаштиринг».

Бола туғилганда кўпинча ота-оналар қандай исм қўйишга қийналиб қолишади. Лекин кўп бош қотирмай маъноси ғализ бўлган исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда балки қиёматда ҳам бирга бўлади.

Баъзилар боласи ҳали икки, уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоб» лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини ўнглашга тушишади. Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани хадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга ҳаракат қилиш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш иродасини сингдириш, руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Фарзандга тўғри йўлни ота-она кўрсатади. Оқ қорани танишлигида фарзандга таълим беради.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим кўрдик:

«Агар мендан сизни нима қийнайди? деб сўрасангиз, фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси деб жавоб бераман», деган сўзлари президентнинг ёшлар келажаги ҳақида қайғуриши, уларга бўлган эътибор эмасми? Мамлакатимизда ёшлар таълим тарбиясига қаратилган эътибор ва уларга бўлган юксак ишончнинг далили эмасми?

Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди:

«Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта бу ўринда боланинг майли аҳамиятга эга».

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади. Яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Фарзандларнинг келажакда гўзал аҳлоқли ва таълим-тарбияли бўлишида ота-она фарзанди хаққига қиладиган хайрли дуоларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари ота-онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси мустажобдур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

«Уч кишининг дуоси қабулдир. Отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси» деганлар.

Ота-она бундай имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Шунингдек, ота-она фарзанди ҳаққига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳаққига қилган дуолари қабулдур.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида шундай дейилади:

«Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли расмлар ва нақшлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яҳшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим тарбия берганлар барчаси савобга шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундаса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳ тушади.

Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди имом хатиби

Хусниддинхон Шарофхўжаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan