Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд меҳрга муҳтож

Фарзанд меҳрга муҳтож

Оилада янги меҳмон , чақалоқ туғилди. Ҳамма хурсанд. Айниқса, ота-онанинг қувончи чексиз. Чунки келажагимиз, кўзимиз қувончи, оиламиз, қолаверса жамиятимиз давомчиси, деб хурсанд бўлишади. Ота-она кўнглидаги энг яхши ниятларини фарзандларига тилайди. Аслида ҳам шундай эмасми?…

Автоуловда шаҳарга борарканман, ёнимдаги ҳамроҳим диққатимни тортди. Ёши ўттиз бешлар атрофида жувон. Ёнида олти ёшлар чамаси қизчаси бор. Қизча аясига бу нима? нега? деган саволларни бериб зериктирмасди. Аёл телефон рақамини терди.

  • Фарида опа, қизингизни қайси “детдом”га бердингиз?
  • Яхши , мен ҳам қизимни ўша ёққа бермоқчиман…
  • Ойда бир марта келса ҳам бўлади, “бизнес” ишларимни амалга ошираман.

Аёл меҳрсиз кўзларини тилла узугига қадаганди. Аёл гапирарди-ю, вужудим музлаб кетди. Наҳотки она арзимас буюм, дунё матоҳларини фарзандидан устун кўрса? Ойисининг гапларига эътибор берган қизча:”Ойи “детдом” нима? деди.

  • Ҳмм… .

Кичкина қўлчасини оёқчасига қўйиб, мўлтиллаб ойисига қараркан: “Ойи, мени у ерга ташлаб келасизми?” деб сўради.
–   …

-…Ойижон, мени у ерга ташламанг. Сизни, дадажонимни кўрмай қоламан-ку. Мен сизларни яхши кўраман. Энди тўпалон қилмайман, ҳамма айтган ишларингизни қиламан,-  дея қалби мусаффо қизча йиғлай бошлади. Қизчани кузатарканман, беихтиёр кўзларимга ёш келди.

Тўғри, меҳрибонлик уйларида ҳамма нарса бор, муҳайё, шароит яхши. Лекин меҳр-чи? Ота-она меҳрини ким беради? Ахир, дастурхон атрофида оилавий чой ичиш, фарзандининг тарбияси , дарсларини назорат қилиш катта бахт-ку.

…Қадрдлонлардан бири ўз ота-онасини шундай эслайди:

– Бундан қирқ йиллар олдин маҳалламиз аёллари навбат билан йиғилиш ўтказиб, бир-бирларига келишилган миқдорда пул йиғиб беришни маслаҳат қилишибди. Бу гапни эшитган отам:”Онаси, сиз вақтингизни фарзандларимиз соғлом ўсишига , тарбиясига , билим олишига сарфланг. Бу келажакда биз учун, жамият учун яхши натижалар беради” дебди. Отамнинг насихатиларига кўра онам ҳар хил гапу гаштакларга қўшилмадилар , топганларини биз беш фарзандларининг соғлом, тарбияли, билимли, ҳунарли бўлиб ўсишига сарфладилар.

Ҳақиқатдан, улар кексайган даврларида фарзандларининг рохатларини кўриб, эъзозда яшаб ўтишди.

Фарзандлар – ҳаёт давомчилари. Шу боис ҳам уларнинг тарбиясига муҳим масала сифатида қаралади. Зеро келажагимиз эгаларига чиройли тарбия берсаккина эртанги кунимиздан яхшиликлар кутишимиз мумкин.Аксинча бўлса, афсус надоматга қоламиз.

Тошкент вилояти Чиноз тумани
“Ҳазрати али” жоме масжиди
имом-хатиби  Тойиржон Шерикбой ўғли