Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд тарбиясида Қуръонга муҳаббат

Фарзанд тарбиясида Қуръонга муҳаббат

Фарзандларига Қуръон ўқишни ўргатиш ва ёдлатиш ота-онанинг муҳим вазифасидир. Қуръони Карим тарбияни тўғри йўлга қўйишда энг қулай омиллардан бири саналади. Чунки у Исломнинг шиори бўлиб, фарзанд ақидасини тўғрилаш ва имонини мустаҳкамлашда катта ёрдам беради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларга ёшлигидан Аллоҳ таолонинг каломини ёд олдиришни кўп тарғиб қилганлар. Ҳатто, Қуръони Каримни ўрганувчиларни мақтаганлар. Усмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг энг яхшиингиз Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга таълим берган кишидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Бундан умматнинг энг яхшиси, инсониятнинг гултожиси Қуръон аҳли экани маълум бўлади. Шунинг учун ҳар бир ота-она Қуръон ёдлашга ва фарзандларига ҳам уни ўргатишга интилиши керак. Токи фарзандлари дунё ва охиратда инсонларнинг энг яхшилари бўлишсин.

Шонли тарихимиздан маълумки, аждодларимиз Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аллома Замахшарий, Бурҳониддин Марғилоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғонийлар етти-саккиз ёшларидаёқ Қуръонни тўлиқ ёд олишган. Сўнгра илмнинг кейинги босқичларини ўрганишган. Ҳатто, давлат арбоблари – Амир Темур ва Мирзо Улуғбекдек буюк саркардалар ҳам гўдаклик пайтларидаёқ ҳофизи Каломуллоҳ бўлишган. Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Болаларингизга уч хислат асосида: Набиййингизга муҳаббатли, у зотнинг аҳли байтига муҳаббатли ва тиловати Қуръонга муҳаббатли қилиб одоб беринглар. Чунки Қуръон ҳомиллари[1]  қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар”, дедилар” (Имом Табароний ривояти). Ҳадисда Қуръони Каримни ўқишга эмас, балки, Каломуллоҳ тиловатига муҳаббатли қилиб тарбиялашга буюрилмоқда. Демак, Қуръони Каримни ўргатиш билан кифояланмасдан, унинг тиловатини яхши кўрадиган, эшитишни яхши кўрадиган қилиб тарбиялаш зарур экани тушунилади.

Болаларни Қуръонга муҳаббатли қилиб тарбиялашда, уларга мулойимлик билан муомалада бўлиш керак. Уларнинг хоҳишига зид тарзда қаттиққўллик билан мажбурлаб бўлмайди. Чунки ёш болани жаҳл ва ғазаб билан Қуръон ёдлашга ундаш нотўғри. У аламини Қуръонга боғлайди. Натижада Қуръонни севмайди. Фарзандларни Қуръон ёдлатиш учун ўйиндан тўсилса, унинг кўнглини безишига, зеҳнини пасайишига сабаб бўлади. У бундан қутилиш учун турли ҳийлаларни ишлатишга уринади ва мақсадга эришиш қийинлашади.

Агар фарзанд гўдаклигидан Каломуллоҳ таълими билан ўсса, у Қуръон руҳи билан улғаяди. Унинг қалбига Аллоҳнинг каломи мустаҳкам жо бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ёшлигида Қуръонни таълим олса, Қуръон унинг гўшти ва қонига аралашиб кетади. Ким кексалигида уни таълим олса, Қуръон унинг эсидан чиқиб турса ҳам тарк қилмаса, унга ажри икки баробар бўлади” дедилар” (Имом Байҳақий ривояти). Ҳадисда ёшликдан Қуръонни ўрганиш нақадар фойдали экани баён қилинди. Табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино ҳам болаларга гўдаклигидан Қуръони Каримни таълим бериш зарурлигини ва буни инсон саломатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини айтган. Аммо ёшликда Каломуллоҳни ёдлашга имкони бўлмаганлар ихлос билан, қийналиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилсалар, ажру мукофоти икки баробар бўлар экан. Шунинг учун мусулмон халқларда қадимдан эллик-олтмиш ёшдан кейин ҳам Қуръонни тўлиқ ёдлаганлар кўп учрайди.

Муоз Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Қуръонни ўқиб, унга амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига тож кийдирилади. Агар тожнинг ёғдуси ораларингизда бўлганда дунё уйларидаги қуёшнинг нуридан чиройлироқ бўларди. Бас, (ота-онасига бўлган мукофот шундай экан) бунга амал қилган киши ҳақида нима деб ўйлайсизлар” дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳофизи Қуръоннинг ота-онасига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромдан, унинг ўзига бериладиган улуғ мукофотларни тасаввур қилиш қийин. Лекин ўткинчи дунёда мақсадга машаққатсиз эришиб бўлмаганидек, фарзандига Қуръон ёдлатиш ҳам осон эмас. Бу йўлда ота-онадан сабру матонат, ўзига яраша меҳнат ва машаққат талаб қилинади. Бу борада болаларнинг шахсий қобилияти ва зеҳни ҳам ҳисобга олинади. Лекин зеҳни паст, иқтидори суст болаларга ҳам имкон доирасида ёдлатиш керак. Чунки Қуръони Карим шифо берувчидир. У инсондаги руҳий-маънавий касалликларга ҳам шифо бўлади.

Қуръони Каримни ўрганишда овозли аудио тасмалардан, видео кўрсатувлардан ёки компьютер дастурларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб, қулай бўлган воситалардан фойдаланса бўлади. Лекин таълим олишнинг энг афзали устоз-шогирд услубидир. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳозирги кунимизгача давом этаётган одатдир. Мана шу Аллоҳ таолонинг каломини ўрганишдаги энг баракали, файзли, ажр-савоби кўп услубдир.

Баъзи устозларимизнинг таъбирлари билан айтганда ҳозирги замонимиз Қуръон ўрганиш учун олтин асрдир. Юртимизда устоз-шогирд услубида Қуръони Каримни ўрганишга кенг йўл очиб берилди. Бунга Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида толиби илмларга Каломуллоҳни ўргатиш бўйича яратилган имкониятлар, айниқса, таҳсинга лойиқ.

Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган қорилар мусобақаси ҳам халқимизнинг Қуръони Каримга бўлган ихлосу муҳаббатини янада зиёда қилмоқда. Барчани Аллоҳнинг каломини ўқишга ундамоқда, десак муболаға бўлмайди. Натижада, бутун юртимизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилмоқда. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Баҳодир РАҲМАТУЛЛОҲ<
Тошкент тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби  

[1] Қуръони каримни тўлиқ ёдлаганлар

[carousel-horizontal-posts-content-slider]