Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд тарбиясида эътибор берилиши лозим бўлган баъзи жиҳатлар

Фарзанд тарбиясида эътибор берилиши лозим бўлган баъзи жиҳатлар

Фарзанд тарбияси ниҳоятда муҳим ва нозик жараён бўлиб, унда эътибор берилиши лозим бўлган баъзи жиҳатларни ислом таълимоти асосида тақдим қиламиз:

  1. Фарзандингизга иймон калималарини ўргатинг. Биринчи таълимингиз Аллоҳ уни кўриб туриши, гапларини эшитиши, қилган ҳар бир ишини билиши, Ундан бир лаҳзага ҳам яшириниш мумкин эмаслигини ўргатиш бўлсин.
  2. Фарзандингиз зеҳнига Аллоҳ таоло яратувчи, ризқ берувчи, шифо берувчи, жон берувчи, жон олувчи эканини мустаҳкам жойланг. Барча ҳолатда Унга илтижо қилиниши, орзу истакларни Ундан сўралиши, ишларни У осон қилишини тушунтиринг.
  3. Фарзандингизни ширк ва куфрдан огоҳлантирнг. Аллоҳ таоло ҳеч нарсани шерик қилмай фақат Ўзигагина ибодат қилишимиз учун бизларни яратганини айтинг. Албатта, куфр ва ширк қиёмат кунида дўзах азобига олиб боришини билдиринг. “Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта ширк катта зулмдир” (Луқман сураси, 13-оят).
  4. Фарзандингизга иймоннинг олти рукни ва исломнинг беш устунини таништиринг. Иймоннинг олти рукни: Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, бизларга келадиган яхшилик ва ёмонлик қадар эканига иймон келтириш. Исломнинг беш устуни: Аллоҳ ва Расулига шаҳодат келтирмоқ, намозни адо этмоқ, закот бермоқ, рамазон рўзасини тутмоқ, боришга қудрати етган кишига ҳаж қилмоқ.
  5. Фарзандингиз кўнглида Расулуллоҳ шахсиятларига муҳаббат уйғотинг. Дилбандингизни У Зотни хушбўй ҳаёт йўллари ва гўзал ахлоқлари билан улғайтиринг. Исмлари зикр қилинганда У зотга салавот айтишга тарғиб қилинг.
  6. Фарзандингиз кўнглига мустаҳкам ва улуғвор диний ҳис туйғуни, шарафли исломий ахлоқ уруғини экинг. Ислом одоблари билан тарбияланг.
  7. Ҳалол ва харомни танитинг. Аллоҳ тақиқлаган ва рухсат берган ҳар бир нарсани алоҳида-алоҳида таништиринг.
  8. Фарзандингизни масжидларга боришга, уларни эҳтиром қилишга, намозларни у ерда адо этишга одатлантиринг. Намозларни ўз вақтида адо этишга қизиқтиринг.
  9. Ростгўй ва солиҳ дўстларни танлашига кўмаклашинг. Ёмон дўстлардан четда сақланг.
  10. Аллоҳнинг Китобини ўқишга, ёд олишга, ўрганишга ва тушунишга қизиқтиринг.
  11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза суннатлари ва набавий дуоларни ўргатинг. Овқатланиш пайтида “бисмиллаҳ”, ундан бўшагач “алҳамдулиллаҳ” дейиш, муаззин овозини эшитганда азон калимарини бирга такрорлаш, ухлаётганда ва уйғонганда, бир жойга кирганда ва чиққанда ўқиладиган набавий дуоларни ўргатинг.
  12. Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинг, бир-бирларидан устун қўйманг, барчалари сизни олдингизда баробар бўлишсин.
  13. Фарзандингиз сизга тақлид қилишини ёдингизда тутинг, яхши йўлбошчи бўлсангиз, у ҳам шундай бўлади.
  14. Фойдали жисмоний машғулотларга жўнатинг.
  15. Фарзандингизга ростгўйлик, омонатдорлик, покизалик, шижоатлилик, саҳийлик, кечиримлилик, меҳрибонлик, яхшиликни ёйиш, бошқаларга ёрдамлашиш, адолат ва саҳоват каби гўзал хулқларни севдиринг.
  16. Фарзандингизни ёлғон, ўғирлик , хиёнат, зулм, душманлик, хасад, ғийбат, чақимчилик, фрибгарлик каби ёмон одатлардан четлатинг.
  17. Ёшликдан покизаликка одатлантиринг. Намозга қандоқ таҳорат қилишни ўргатинг. Кийимлари ва баданини покиза тутишга, тирноқларини олиб юришга, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювишга шижоатлантиринг.
  18. Фарзандларингизнинг авратларини ёшликдан ёпишга қизиқтиринг, токи балоғатга етгунларича одат бўлиб қолсин. Калта, тор ва юпқа либослар кийишларига йўл қўйманг. Ўғил бола ва қиз боланинг ўзига хос кийими бўлишини тушунтиринг.
  19. Ахлоқсизларнинг либосларидан, оммавий маданият гирдобига тушиб қолишдан, уларни ҳаётларидаги барча ёмон одатлардан четда сақланг.
  20. Ёмон турмуш тарзига олиб борадиган барча йўлларни тўсинг. Инсонга зарарли, исломий шариат ман қилган барча ўйинлардан четда сақланг. Бу ўйинларни нимага ман қилинганини тушунтиринг. Хусусан, инсон фикрини бузадиган, саломатлигига таъсир қиладиган, хотиржамлигини йўқотадиган замонавий компьютер ўйинларидан ҳимояланг.
  21. Фарзандингизни тушуниш қобилияти улғайишига эътибор қаратинг. Бунинг учун фойдали китоблар, манфаатли компьютер дастурлари, исломий гўзал тушунчалар билан йўғрилган ибратли ҳикоялардан фойдаланишдан чарчаманг.
  22. Фарзандингизни меҳмонни икром қилишга, эҳтиромини жойига қўйишга, қўшниларга яхшилик қилишга ва уларга азият бермасликка одатлантиринг. Ота-онанинг ҳақларини, мусулмоннинг биродари олдидаги ҳақларини, қариндошлар, дўстлар ва устозларнинг ҳақларини ўргатинг.
  23. Йўл қоидаларига амал қилишга, йўлда хотиржам, виқор билан юришга, тозалигини сақлашга, ифлосликларни отмасликка, мусулмонларга азият берадиган нарсаларни олиб, йўлдан узоқ қилишга, ҳар хил ножўя ҳолатлардан кўзни тийишга, овозни баланд кўтармасликка ва шовқин-сурон қилмасликка одатлантиринг.
  24. Фарзандингиз қалбига мусулмонларга ва уларнинг исломий ҳаётларига муҳаббат уруғини экинг. Гарчи улар дунёни турли нуқталарида яшасаларда, тиллари ва миллатлари турлича бўлсада.
  25. Таниган ва танимаган кишига исломий мукаммал саломни беришга қизиқтиринг. Саломни биринчи айтишнинг фазилатини эслатиб туринг.
  26. Бўш вақтини бирга ўтгазишга ва фойдали ўйинларни ўйнашига ҳамроҳ бўлинг. Қалбига шодлик, хотиржамлик олиб киришга ҳаракат қилинг.
  27. Фарзандингиз кўнглида сизга нисбатан ишонч уруғларини экинг. Хатоси сабабидан сиз билан очиқ гаплашишдан қўрқув тўсиқ бўлмасин.
  28. Доимо мулойимлик ва меҳрибонлик билан тўғри йўлни кўрсатинг. Мулойимлик кўрсатиш мумкин бўлган ўринда ҳеч қачон қаттиққўллик ва қўполлик қилманг.
  29. Фарзандингиз хато қилганида махфий насиҳат қилинг, бошқаларни олдида ҳеч қачон жазоламанг.
  30. Жазолашда уришга одатланманг. Кўп калтак еган бола оғзаки таҳдидлардан қўрқмай қолади.
  31. Жазолашда ҳаддан ошманг, енгил ҳам ташлаб қўйманг. Балки қатиққўллик ва мулойимликнинг ўртасида бўлинг.
  32. Муносиб жазони танлашда зийрак бўлинг. Жазо – оғзаки танбеҳ, бир муддат гаплашмай қўйиш, кунлик ёки ҳафталик эҳтиёжларининг баъзисини ман этиш бўлиши мумкин. Унутманг! Жазодан мақсад – тарбия бериш. Муносиб жазо фарзандингизни хатодан тўхтатади ва тўғри йўлга бошлайди.
  33. Фарзандингиз ақлини, ёшини, қарашларини, топшириқларингизга ёндошувини эътиборга олинг, гарчи унинг ишлари сизга хато туюлсада.
  34. Фарзандингизга компьютер, интернет каби замонавий воситалар билан муомала қилишни ва хорижий тилларни ўргатинг.
  35. Фарзандингизни эшитинг. Гапларини бўлаверманг. Шунда у бошқаларни чиройли эшитишни ва гапларини бўлмасликни одат қилади.
  36. Фарзандингиз ёшига муносиб саволлар билан сизни қийнаганда, гарчи нотўғри бўлса ҳам, унинг ақлий салоҳияти тушунадиган мисоллар билан тўғри томонга йўналтирадиган муносиб жавоб беришга ҳаракат қилинг.
  37. Фарзандингизга сарф-ҳаражат қилишни, пулларини тўғри тақсимлашни ўргатинг. Топшириқларингизни бажаришига ёрдамлашинг, камчиликка йўл қўйса, кўп маломат қилманг, нотўғри иш қилса, умидсизликка тушманг.
  38. Фарзандингизни фойдали тўгаракларга, тил ўрганиш, Қуръон ёдлаш курсларига жалб қилинг.
  39. Уйларга ва хоналарга кириш олдидан рухсат сўрашга одатлантиринг. Ухлаш пайтида ҳар бирларига ўзлари учун тўшак қилиб беринг. Ўғил ва қиз болаларга алоҳида хона ажратинг.
  40. Топшириқларни ўзлаштиришида такрорлаш услубидан фойдаланинг. Натижа чиқишида сабрсизлик қилманг. Муваффақиятга эришишида ноумид бўлманг.
  41. Таълимда тадриж-босқичма босқичлик йўлидан боринг. Бир неча топшириқни бирданига бериб оғирликни ташламанг. Умрнинг ҳар бир ёшида ўз вазифалари бор. Набий алайҳиссалом: “Фарзандларингиз етти ёшга етганларида намозга буюринг. Ўн ёшга етганларида (агар ўқимасалар) уринг. Ётиш жойида ўрталарини ажратинг”, – деганлар.
  42. Қизиқтириш ва огоҳлантириш услубидан фойдаланинг. Масалан: буни қилган кишига мана бундай мукофотлар бор. Буни қилган кишига мана бундай жазолар бор. Бу ҳам сиз учун ягона йўл бўлиб қолмасин.
  43. Фарзандингизга ваъда қилган мукофот ва ҳадяларни ҳеч қачон бажармай қўйманг. Белгиланган жазони бажаришдан гоҳида ўзингизни тийинг.
  44. Имкон қадар у бажара олмаётган вазифалар ҳақида у билан гаплашинг. Осон йўлни кўрсатинг, шижоатлантиринг. Кўпинча болалар билан шундай қилинса яхши натижа беради.
  45. Фарзандингизни буюк ишларни қилишга муҳаббатли қилиб, олий мақсадларга етиш учун тинимсиз ҳаракат қилиш зарурлигини тушунтириб улғайтиринг. Дангасалик, лоқайдлик, мақсадсизлик каби салбий иллатлардан ҳимоя қилинг.
  46. Фарзандингизга ислом соясидаги буюк тарихни, уни пайдо бўлиш жараёнини ва Аллоҳ таолони доимий ёрдамини танитинг. Исломий ақида билан мақсад сари бардавом ҳаракат қилиш натижасида бу буюк тарих вужудга келгинини зеҳнига жойланг.
  47. Бу йўлда чекилган машаққат ва заҳматлар, душманлар томонидан кўрсатилган ҳийлаю найранглар ва берилган жонлар-у, тўкилган қонларни ёдда тутишимиз лозимлгини тушунтиринг.
  48. Ейиш, ичиш, кийиниш, яшаш ва уловда Аллоҳ берганига қаноат қилишга одатлантиринг. Бошқаларга қараб яшашдан тийилишга ўргатинг.
  49. Баъзан ишларда у билан ҳам маслаҳатлашинг. Тўғри фикрларини инобатга олинг.
  50. Кўп болалар нима яхши-ю, нима ёмонлгини кўпинча билишмайди. Ана шунда сиз: “Азиз болажоним бу ишни яхши болалар қилишади, мана бу ишни эса ёмон болалар қилишади. Шубҳа йўқки, сен яхши болалардан бирисан, қай бир ишни қиласан?” дея яхши томонни танлашига ёрдамлашинг.
  51. Фарзандингиз қобилиятини билиб олинг ва унинг ақли, салоҳияти етадиган нарсарда далда бўлинг. Тоқати етмайдиган нарсаларни юкламанг.
  52. Юқорида санаб ўтилган нарсаларни қўллашда Аллоҳдан ёрдам сўранг. Фарзандингизга ҳидоят ва салоҳият сўраб кўп дуо қилинг.

Аллоҳим тўғри йўлдан адаштирмагин ва ҳолис розилигинг учун қабул қилгин..

“Фатҳ” жоме масжиди имом ноиби
Юсупов Адхам