Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд тарбияси
Farzand tarbiyasi

Фарзанд тарбияси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло биз инсонларга жуда кўп беҳисоб неъматларини берган. Ана шундай неъматлардан бири инсонни жуфт-жуфт қилиб яратилингани бўлса, яна бири фарзанд неъмати экан. Бу неъматларни зикр қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…» (Наҳл, 72).

Албатта инсонни жуфт-жуфт қилиб яратилиниши улкан неъмат экан. Биз инсонлар Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматини шукрини адо қилмоқлигимиз зарур бўлади. Энди бу икки неъматнинг шукри нима билан бўлади? Аллоҳ таоло жуфт қилиб берган аёлларнинг шукри энг аввало, уларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим бўлади. Гарчи уларнинг феъл­атворларида бирор нуқсони бўлган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Мўмин (эр) одам мўмина (хотини)га ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади»

(Имом Бухорий ривояти)

Энди фарзанд неъматини шукри нима билан бўлади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Авлодларингизни,биринчидан: «Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар»

«Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар».

«Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар».

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.Гўзал тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд­дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота­она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота­онаси ҳамда одоб, таълим­тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди».

(Термизий ривояти).

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота­она фарзанди ҳаққига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота­онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси», деганлар.

(Термизий ривояти).

Биз ота-оналарнинг гарданимизда ана шундай масъулиятли ҳамда шарафли васифа ётибди. Агар биз ушбу вазифани аъло даражада бажарсак Аллоҳ таоло бизга берган фарзанд неъматини шукрини адо қилган бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизга мўмин ва мўмина фарзандлар насиб этсин.

Бекобод шаҳар «Нўъмон ибн Собит» жоме масжиди

имом хатиби Э.Бабаджанов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan