Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзанд талабидамисиз?!

Фарзанд талабидамисиз?!

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон зотдир. Бандалари яратган Раббиларига исён қилишади, гуноҳ содир этиб, осий бўлишади,сўнг агар қилган ишларидан пушаймон бўлиб истиғфор айтсалар, Аллоҳ таоло кечирибгина қолмай, балки бу дунё саодати бўлган нарсаларни ҳам берар экан.

Бу дунёдаги инсоннинг бахти саодатларидан бири – бу фарзанд экан. Фарзанд – наслимиз давомчиси,кўзимизнинг қувончидир. Асосийси, тарбияли фарзанд бу фоний дунёдан ўтганимиздан кейин дуо билан эслайди. Фарзандсизлик инсон зотига берилган мусибатлар ичида энг катталаридан бири ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Каломи шарифида шундай дейди:

Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур (Нуҳ сураси, 11,12-оят).

Истиғфорнинг луғавий маъноси мағфиратни (гуноҳининг кечирилишини) сўрашдир. Амалда банда тилида “астағфируллоҳ” ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса, истиғфор диндорликни ифода этади.

Буюк ватандошимиз имом Абул Баракот Насафий ўзларининг машҳур “Мадорик”ида юқоридаги ояти карима тафсирига қуйидаги қиссани келтирадилар:

“Ҳазрати имом Хасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб қурғоқчиликдан шикоят қилибди, Ҳасан Басрий истиғфор айтинглар, деб маслаҳат берибдилар.

Иккинчиси келиб камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар ва барчаларига “истиғфор айтинглар” деган маслаҳат айтибдилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожат қилиб: “Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, буни боиси недур?” – дебди. Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига юқорида келтирилган оятларни ўқиб берибдилар”.

Мазкур оятда истиғфор ва ризқлар бир – бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Шу билан бирга Аллоҳ таоло фарзанд неъматини ато этишини ваъдасини берган.

Демакки, инсонни қалби пок бўлса, диндор бўлиб ҳидоятда юрса, ризқ мўллигига ва Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида азиз ва мукаррами бўлган фарзанд неъматига сазовор бўлар экан.

Умиджон СОДИҚОВ,Тошкент вилояти
Зангиота тумани “Эшонгузар”жоме масжиди имом-хатиби