Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ФАРҚ

«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар Мени эслаганингиздан кўра Мен сизларни эслаганим яхшидир».

Холид ибн абу Имрон Пайғамбар алайҳис саломдан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга итоат қилса, гарчи унинг намози, рўзаси, Қуръон тиловати оз бўлса ҳам, У Зотни эслабди. Ким Аллоҳга гуноҳ қилса, гарчи унинг намози, рўзаси, Қуръон тиловати кўп бўлса ҳам, У Зотни эсдан чиқарибди», – дедилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳуга: «Одам ўлдирган, хамр ичган, зино қилган одамнинг Аллоҳни зикр қилишини кўрмайсизми, ваҳоланки, Аллоҳ таоло «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман» деябди», – дейилди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Агар улар Аллоҳни зикр қилса, зикрдан тўхтамагунча Аллоҳ уларни лаънати билан эслайди «, – дедилар.

Инсон ҳар қандай қилган ишидан фойда кўзлайди. Энг камида савоб умид қилади, аммо банданинг қилган ҳар бир амали ё унинг фойдасига ёки зарарига бўлади. Раҳмати чексиз бўлган Зот эса фақат бандасига фойда бўлишини хоҳлайди.

Бандасининг мақоми кўтарилиши учун зикр неъматини беради. Неъматларини зиёда қилиш учун шукр неъматини беради.

Зеро, Ар-Роҳман бўлган Зотнинг раҳмати билан банданинг «чексиз раҳмати» даги фарқ ҳам шу.

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди

имом-хатиби Бобохонов Яҳёхон