Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзаро меҳр-оқибатли бўлайлик

Ўзаро меҳр-оқибатли бўлайлик

"Меҳр берсанг-меҳр оласан", дейдилар. Бу оддий қоидага кўра одам бошқаларга меҳр берса, ўзига шундай жавоб қайтади. Бировга меҳр бермаган кишининг бошқадан меҳр кутиши ёки талаб қилиши инсофдан эмас. Атрофидагиларга меҳр кўрсатган одам ҳам Раббисидан савоб олади, ҳам бошқалар муҳаббатини қозонади.

Мабодо, одамлар ношукурлик қилиб, номуносиб жавоб қайтарса ҳам, у ҳеч нарса ютқазмайди. Чунки, ҳамма нарса унинг ажру савоблари амаллар китобига нақд бўлиб ёзилади. Инсон Аллох ризоси учун бировларга меҳр-шафқат кўрсатади ва бошқалардан шу муносабатни кўради. Аллох таола бандаларига ўта меҳрибон. Бизни ҳам раҳм-шафқатли, меҳрибон бўлишга буюради.
“Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Ким (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”. (Анъом сураси, 160-оят).
Парвардигоримизнинг меҳрибончилигини қарангки, сийлашга келганда бирга ўн савоб, жазолашга келганда бирга-бир. Чала меҳр, чала яхшилик ҳам борки, уни қилмаган яхши. Бу истаб-истамай қилинадиган ёрдамдир. Бунда одам қилган яхшилигига жавоб қайтиш-қайтмаслигини ҳисоб китоб қилади. Кўзи етса, ёрдам беради. Йўқса, номигагина кўмак қўлини чўзиб қўя қолади. Бундайлар кун санаб, ой санаб, қилган яхшилигига қандай жавоб қайтишини кутади. Агар жавоб қайтмаса, ўзи ёрдам берган одамдан бирон нарсани рўкач қилиб кўмак сўрайди. Берса, яхши, аммо, имкони бўлиб бўлмай рад жавоби қилса, яхшилигини миннат қилади. Агар қилган яхшилигимизга миннат қилсак, ўша яхшилик ботил бўлади, савоби кетади.
Кимгадир ёрдам бериш, меҳр кўрсатиш, яхшилик қилиш мақсади бўлган киши бу ишдан Аллох таоло розилигини кўзласа, ниятининг ўзи учун савоб олади. Ният қилган вақтидаёқ шу ишни қилди, деб ёзиб қўйилади. Агар амалини бажарса, юқорида келтирилган оятга мувофиқ камида ўн бароварга ошириб ёзилади.
“Агар эзгу иш қилсангиз ўзларингизга эзгулик қилган бўлурсиз. Агар ёвузлик ҳам ўзингиз учун”. (Исро сураси,, 7-оят).
Мана шу илоҳий ечим. Кимки яхшилик қиладими ёки ёмонлик қиладими, энг аввало ўзи учун қилган бўлади. Бу кўрсатмага қарши бормоқчи бўлганлар уч карра ютқизадилар. Уларнинг бири бу дунёда, иккинчиси қабрда, учунчиси қиёматда бўлади. Одамнинг бошқалардан беҳожат бўлиб яшашга интилгани яхши, лекин, ҳеч кимга ёрдам бермай умр кечириш ёмон. Бир ҳақиқат бор, ҳар қандай инсонга, каттами, кичикми, аёлми, эркакми, шоҳми, гадоми ким бўлсин доимо меҳр керак. Баъзан одамлардан: “Меҳр, марҳамат, шафқат камайиб кетяпти. Илгарилари ундоқ эди, ҳозир бундоқ бўлаяпти”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Тўғри, бир қарашда шундайга ўхшайди. Лекин бунинг сабабини ҳар ким ўзидан излаши керак. Мен бошқаларга қанчалик меҳр кўрсата олаяпман? Одамлар менга камроқ эътибор қилаётган бўлса, демак, ўзимда ҳам айб бор. Демак, мен атрофдагиларга энг аввало ота-онамга, оила аьзоларимга, қўни-қўшнимларга, қариндошларга, ҳоҳ танишим, ҳоҳ нотаниш бўлсин, барчага очиқ юз билан қарашим, яхши муомала қилишим керак, деган хулосага келиши лозим.
Инсон меҳр беришни кимдан бошлагани яхши? Одам бошқаларга меҳр берадиган рағбати бўлиши учун аввал ўзига меҳр бергани яхшироқ. Чунки бошида минг бир хаёли бор, асабини жиловлай олмай юрган одам бошқаларга қандай қилиб очиқ юз билан боқсин? Одамларга қандай табассум қилсин? Ўзига меҳр бериш, соғлигига эьтибор қилиш, ўзининг қадрини билиш ва бўлар бўлмас нарсаларга аралашавермаслик, ниятни тўғрилаш билан бўлади. Бундай одам атрофга очиқ чеҳра билан қарайди. Таниганга ҳам, танимаганга ҳам самимий, холис салом беради. Бирон кишининг ҳожати тушса, имкони бўлса, бемалол ёрдам беради. Бировга салом бериш ҳам меҳр ҳисобланади. Чунки ҳамма яхши нарсалар саломдан бошланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлолмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага  далолат қилайнми? Орангизда саломни кенг ёйинглар”, дедилар.
Бошқаларга  очиқ юз билан қараш ҳам меҳрнинг бир кўриниши. Бирор кишига ёрдам бера олмаган тақдиримизда ҳам ҳушмуомала бўлсак, шу ҳам меҳр. Агар ёрдам бериб юборсак, нур устига нурдир. Масалан, кўчада кетаяпмиз, бир киши кўча супуриб юрганини кўрдик. Ўша кишига салом бериб, раҳмат айтиш билан, катта меҳр кўрсатган бўламиз. Чунки, у ҳалол ризқ учун ишлаб юрибди. Ўзганинг саломи ва раҳмати, қилаётган ишига рағбатини  ошириб юборади ва кўнгли кўтарилади. Ёҳуд кўчада такси тўхтатиб, хизмат ҳақини келишиб олдингиз. Манзилингизга боргач, пулингизни розилик билан беринг ва миннатдорчилик билдиринг. Чунки ҳайдовчи бола-чақасини ҳалол ризқ билан боқиш учун елиб югуряпти. Оғирингизни енгил, узоғингизни яқин қилгани учун хурсанд бўлинг. Ўзингизча унинг қанча пул топишини ҳисоблаб ўтирманг. Ишлаётган ишингизга, ўқиётган ўқишингизга муҳаббат билан ёндашинг. Ёнингиздагиларга қўлингиздан келганича ёрдам беринг. Бағрида яшаётган ватанингиз қадрига етинг. Мана шу Ватанга бўлган меҳрдир. Бошқа жойларни орзу қилманг. Зеро, “Ватандин яхши ёр ўлмас”. Бу ҳақиқатни унутманг. Она юртингиздан меҳру муҳаббатингизни аяманг. Доимо қалбимиз меҳр шафқатга тўлсин

Амударё тумани "Нўғой эшон" масжиди
имом хатиби Ўктам Қурбаниёзов