Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Эзгулик

Бугунги кунда барча инсонлар оғир ва синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Кўп шаҳарлар бўшаб қолган, олдинги шовқинли ҳаёт ўрнини сокинлик эгаллаган. Кишилар бу кунларнинг тезроқ ўтиб кетишига умид боғлаб, Аллоҳ таолога яқин кунларда бу дарднинг бошимиздан кўтарилишини, барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб дуою илтижолар қилмоқдалар.

Ҳақиқатдан, коронавирус пандемияси дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Сайёрамиздаги деярли барча давлатга кириб борган бу касаллик, афсуски, бизнинг диёримизни ҳам четлаб ўтмади.

Шундай синовли кунларда, қийин вазиятда саховатпеша халқимиз бир-бирларига яхшилик қилишга шошилмоқдалар. Албатта, ушбу ҳолат инсон кўнглини кўтаради. Айни эзгу мақсадда Чирчиқ шаҳар ҳокимияти, “Маҳалла ва оилани қўллаб қуватлаш” вазирлигининг Чирчиқ шаҳар бўлими мутасадди ходимлари, шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, маҳалла отинойилари ҳамда сахий инсонлар билан биргаликда доимий равишда кўмакка муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам бериш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Бунда асосан ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, ижарада турувчи, карантин сабабли ишсиз бўлиб уйда ўтирган ва ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатилмоқда.

Мулоқотлар асносида инсонларнинг кўзидан олиб борилаётган тадбирлардан хурсандчилик, келажакка умид порлаётгани сезилиб турибди. Суҳбат давомида уларнинг муаммолари ўрганилиб, керакли кўмак, тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Шу кунга қадар мутасадди ходимлар билан биргаликда саховатпеша инсонлар кўмагида аҳолининг карантин талабларига амал қилиб, уйда қолишларини таъминлаш мақсадида 200 дан ортиқ оилаларга 18000000 (ўн саккиз миллион) сўм миқдоридаги бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва антисептик воситалари тарқатилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишга буюриб: “Кимки, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат қийинчиликларидан бирини енгил қилади. Кимки, ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, дея марҳамат қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини инсоннинг бу дунё ва охиратдаги ҳаётини ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт бир-биридан ажратилмайди. Мусулмон инсоннинг барча амаллари, модомики, ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз, ибодат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ. У Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва марҳамати соясида бундан хоҳлаган вақтида самарали фойдаланиши мумкин. Ҳозир ҳам яхшилик улашиш, эзгулик кўрсатишнинг айни палласи десак, муболаға бўлмайди. Бу борада бизнинг олдимизда турган энг асосий вазифа – бу уйда қолиш, мутахассисларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, улашмоқчи бўлган хайр-эҳсонимизни махсус тайинланган ваколатлилар ва усуллар орқали амалга оширишдир.

Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, инсонпарварлик, эзгулик ва меҳр-оқибат йўлида ҳамкорлик қилсак, ўзимизни ўнгласак, чин кўнгилдан ихлос билан дуою илтижолар, истиғфорлар айтсак, иншааллоҳ, Роббимизнинг Ўзи мушкулимизни осон қилажак. Аллоҳ таоло шу каби эзгу ҳамда савобли амалларни юртимиз бўйлаб бардавом бўлишини таъминласин, ушбу синовли кунлардан ажру савобларга эга бўлган ҳолда чиқмоқлигимизни насиб этсин!

Чирчиқ шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Лобар Маджитова