Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Эътироф

Яқинларимиздан бирининг Волидалари оламдан ўтди.

Эшитишим билан таъзия мақсадида хонадонларига йўл олдим. Кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирдим. Сўнг жанозани қаерда, қачон ўқиш, дафн маросими ҳақида сўз кетди.

Шунда дўстим Онам раҳматли сўнгги васиятларида: “Мени ён қўшни аёлнинг ёнига дафн қилинглар. 50 йил қўни-қўшни бўлдик. Бирор марта бир-биримизни хафа қиладиган иш қилмадик. Шу аёл билан қабрда ҳам қўшни бўлишни орзу қиламан, дегандилар”, – деб қолди.

Бу дунёни тарк этган, яхшилигига башорат берилаётган, қабрда ҳам, қиёматда ҳам қўшни бўлиш орзу қилинаётган қўшни аёлга ҳавасим келди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси, 36-оят).

Беихтиёр кўзимга ёш келиб, кўнглимдан: “Аллоҳим, бизларга ҳам шундай мазмунли, файзли умр ато этгин. Ортимизда қолган яқинларимиз бизга яқин бўлишни орзу қилсин! Яхши эсон эканимизга гувоҳлик беришсин!” – деган илтижолар ўтди. Зеро, шундай ҳадис бор: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхши ёки ёмонлигимни қандай билсам бўлади?” – деб сўради. У зот: “Агар қўшниларинг сен ҳақингда яхши гапларни гапираётган бўлса, демак сен яхшисан, аммо сен ҳақингда ёмон сўзларни айтаётган бўлса, демак сен ёмонсан”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий, Ал-адаб ал-муфрад).

Паркент тумани “Беш каппа” жоме масжиди
имом-хатиби Миршавкат Музаффар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan