Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Эътибор ва эҳтиром сабаб ҳидоятга юзланган матонат эгалари

Эътибор ва эҳтиром сабаб ҳидоятга юзланган матонат эгалари

Бугун Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида эшитиш ва гапиришдек неъматдан маҳрум бўлган 300 дан зиёд имконияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Харуллоҳ домла Турматов, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Ҳалилов ҳамда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда имон ҳаловати, мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Бугун ўтказилаётган ушбу диний-маънавий тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг яққол далили эканлиги эътироф этилди.

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбирлар эксперимент ўлароқ илк бор ўтган йили Тошкент шаҳрида ташкил этилган эди. Кейингиси Жиззах вилоятида ўтказилди. Бугун эса ана шундай ажойиб тадбирга Тошкент вилояти мезбонлик қилди. Тадбирда ҳар бир инсон эътиборга, эҳтиромга ҳақли эканлиги, меҳр-оқибат, мурувват кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигига алоҳида урғу берилди.

Барчамизга маълумки, қалбларни ўзгартирувчи ва иcтаган тарафга буриб кўювчи Аллоҳ таолодир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оc розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам фарзандлари қалбларининг бари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртаcида худди бир дона қалб миcолидир. Уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбларимизни Ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!”” (Муслим ривояти). Дарҳақиқат, бугун Яратган суюкли бандаларининг қалбларини тўғри йўлга бошлаш учун мана шу тадбирга жам бўлишларини таъминлаган бўлса, не ажаб. Чунки диний- маърифий суҳбат натижасида адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолган ўнлаб эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар Ислом динини қабул қилдилар ва калима қайтардилар. Бу эса, ўз навбатида, йиғилганларнинг қалбларини ўта ҳаяжонлантирди ва кўзларидан қувонч ёшларининг шашқатор оқишига сабаб бўлди.

Тадбирда иштирок этган мутасаддилар имконияти чекланган фуқаролар исталган масала юзасидан, хоҳлаган вақтларида тортинмасдан уларга мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидладилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашишни ўз зиммаларига олдилар. Шунингдек, “ВАҚФ” фонди томонидан 20 000 нусхада ўзбек ва рус тилларида  чоп эттирилаётган “Мен ҳам намоз ўқийман” китоби етқазиб берилиши таъкидланди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга “ВАҚФ” хайрия жамоат фондининг совғалари улашилди. Ташриф буюрган имконияти чекланганлар ушбу тадбирдан олам-олам таассурот олганликларини, кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнун эканликларини билдириб, миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Самарқанд ва Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган меҳмонлар бугун мана шундай тадбирда иштирок этганликларидан хурсанд эканликларини ва воқеаларни хавас билан кузатганликларини, ўз ҳудудларида ҳам шундай суҳбатларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай диний-маърифий тадбирлар эндиликда Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида тизимли равишда манзилли ўтказилишига келишиб олинди. Ана шундай тадбирларнинг дастлабкиси 24 январь куни Чирчиқ ҳудуди учун Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжидида ўтказиладиган бўлди.