Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Эътиқод эркинлигимиз қонун ҳимоясида

Эътиқод эркинлигимиз қонун ҳимоясида

  Мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллатлар учун муҳим воқелик ҳисобланган юртимиз бош қомуси қабул қилинганлигига  27 йил тўлиши арафасида турибмиз. Бош қомус том маънода халқимиз учун эркинликнинг қонуний ифодаси ва унинг амалдаги кафолати бўлиб шакилланди. Унда инсон омили, унинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимати олий қадрият деб, белгилаб қўйилди. Бу эса барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тамал тошига айланиб улгурди. Чунки, қайси жойдаки инсон хуқуқлари химоя қилинса, виждон эркинлиги тўла таъминланса шу юрт юксалади ва янгидан-янги ислохотлар сари дадил одимлаб бораверади.

Маълумки асосий Қонунимиз фуқароларнинг жинси, ирқи эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар қонун олдида тенглигини таъминловчи асосий ҳужжатдир. Унда кишиларни ҳар қандай тазйиқ ва камситишлардан ҳимоя этувчи ҳуқуқлар таъминлаб қўйилган. Бинобарин, Конституциямиздаги мезонлар асрлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган, дунёнинг ҳеч ерида такрорланмас ажойиб, ўзига хос миллий муносабатларимиз ва миллий у билан уйғун равишдаги гўзал диний қадриятларимиз билан бевосита боғлиқ, ҳамда уларнинг ҳаётий инъикосидир. Хар бир юртнинг ўзига яраша миллий қадриятлари, маънавияти, урф-одатлари мавжуд бўлади. Қачонки мана шу давлатдаги Конституция шу юртдаги миллий қадрият ва маънавиятидан келиб чиқган холдагина тузилган бўлсагина фуқароларни тўла ҳимоя қила олади, қонун ва фуқаро ўртасида узвий алоқа барпо бўлишига сабаб бўлади.

Таъкидлаш жоизки, айни диний эътиқод, виждон эркинлигини кафолатлашда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Биз эркин бозор муносабатларига асосланган, ҳуқуқий демокартик давлат барпо этиш йўлидан борар эканмиз, фуқароларнинг барча эркинликлари қатори виждон эркинлигининг ҳам ҳуқуқий кафолатлари ва унинг ҳаётда теран таъминланишини ҳам эътиборга олишимиз зарурдир. Зеро, диний эътиқод бу фуқароларнинг нозик туйғулари бўлиб, унинг ўзига хос ҳассос жиҳатлари мавжуд.

Юртимизда турли диний конфессияларнинг ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитлар қонуний асосда кафолатлаб қўйилган. Биргина Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан телевидение ва радио орқали диний-маърифий кўрсатувлар ва эшиттиришлар ташкил этилаётганинг ўзи фуқароларнинг эътиқодий эҳтиёжларини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Буларнинг ҳаммаси конституцион ҳуқуқларнинг жамиятдаги кўринишидир.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимиз аҳолисининг мутлақ кўпчилиги ислом динига эътиқод қилгани билан, виждон эркинлиги борасида бошқа динлар ва диний ташкилотлар фаолияти ҳам қонун асосида бир хилда белгиланган ва воқеликда шундай ижро қилиб келинмоқда. Аммо минг афсуски, дин соҳасида яратилган имкониятлар ҳамда халқимизнинг ўзбекона бағрикенглигини суистеъмол қилган айрим диний ташкилот ва оқимлар фақат диний ғоя ва ақидаларни эмас, балки сиёсий ва ҳатто экстремистик мақсадларни кўзлаб иш олиб борганлари ташвишли ҳолатдир. Мана шундай аянчли холатларга тушиб қолмаслик учун хам, барчаларимиз хақ-ҳуқуқларимизни мукаммал билиб олишимиз зарурдир. Бирор динга қизиқиб, шу дин тўғрисида мукаммал билим олмоқчи бўлсак, фақатгина давлат томонидан ташкил қилинган ва рухсат берилган муассасаларга мурожаат этишимиз керак. Давлатимиз томонидан хоҳлаган динни ўрганишни истовчилар учун имкониятлар эшиги очилган бўлиб махсус ташкилотлар тузилгандир. Бу ташкилотларда эса фақатгина давлат томонидан назоратдан ўтган, соф ақидали, малакали мураббийлар биз истаган нарсаларни тўлиқ холда тушунтириб беришлари мумкин. Кўчада учраган хар қандай одамнинг гапига кириб, унинг айтаётганларини тўғри деб билиш эса фақатгина адашишларга олиб келади холос. Барчаларимиз шундай холатлардан огоҳ бўлмоғимиз ва Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқларимиздан фойдалана олишимиз лозим.

 “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрирда қабул қилишга таййорланмоқда, бу эса борадаги муаммоларни ҳал этишда муҳим ўрин эгаллайди. Қонуннинг асосий мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасида «Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин»лиги белгиланган. Бу норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 18-моддаси 3-бандига тўлиқ мос тушади. Унда белгиланишича, “Дин ёки эътиқодга эга бўлиш ёки қабул қилиш ҳуқуқи қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлиги, тартиби, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек, бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш мақсадларидагина чекланиши мумкин”. Шунингдек, бундай қоида БМТ Бош Ассамблеясининг “Диний тоқатсизликнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисида”ги Резолюциясида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унда тинчлик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасида маълум чекловларга йўл қўйилиши белгилаб ўтилган.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида мустаҳкамланган бир конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилиши ҳақидаги қоида юртимиз хавфсизлиги, турли дин вакилларининг тинч-тотув яшаши каби мақсадларни ўзида мужассам этган. Чунки инсон ўз дини, эътиқодини ўзгартириши кўп ҳолларда салбий оқибатларга олиб келади. Айниқса, бундай ҳаракатлар оқибатида бир неча оилаларнинг парчаланиши, ота-бола, ака-уканинг юз кўрмас бўлиб кетаётганини ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Ислом дини бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳишига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!”                                                (Юнус сураси 99-оят)

Биз юқорида Бош қомусимизнинг миллий ва диний қадриятларимизга мос ва халқаро талабларга жавоб бера олувчи ҳужжат сифатида таъкидлаб ўтдик. Зеро, виждон эркинлигини кафолатловчи Асосий қонунимизнинг 18-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар; шунингдек, Конституциянинг 31-моддасига кўра ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилгани Қуръони Карим “Бақара” сураси 256-ояти мазмуни билан ҳамоҳангдир. Унда:

“Динда мажбурлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”, дейилган.

Виждон эркинлиги — ҳар бир фуқаронинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этиш ёхуд этмаслик каби динга нисбатан ўз муносабатини мустақил намоён этадиган шахсий ҳуқуқидир. Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёри билан диний таълим олиш ҳуқуқига эга ҳамда бунинг учун у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Турли миллатли ва турфа хил дин вакиллари истиқомат қиладиган юртда энг асосий ички низолар дин вакиллари бир-бирларининг эътиқоди, фикрини хисобга олмаслик ва камситиши оқибатида келиб чиқади. Мана шундай ихтилофли вазиятда Конституцияда белгилаб қўйилган виждон эркинлиги тўғри ишлаб чиқилган бўлишлиги жуда мухимдир. Айниқса, хозиргидек ихтилофларга тўла долзарб вақтда барчаларимиз Конституциямиздаги хақ-хуқуқларимизни тўлиқ ўрганиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси доимо бизни химоя қилишини хис қилиб яшамоғимиз лозимдир. Виждон ва эътиқод эркинлиги тўла таъминланган давлат албатта маънан юксалиб, ҳамжихатлашиб бораверади.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний эркинлик таъминланмоқда. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Айниқса сўнгги йиллардаги мусулмонларга яратилаётган имкониятлар барча мўмин-мусулмонлар учун катта имкониятлар эшигини очиб берди десак муболаға бўлмайди. Ёшларимиз учун эса бир қанча янги диний таълим берувчи мактаблар очилди. Буларнинг бари виждон эркинлигимиз тўла таъминланганига яққол далилдир. Аллоҳ доимо юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо ва давлатимизни янада равнақ топишида Ўзи мададкор бўлсин. 

      Қибрай тумани бош   имом-хатиби, 

«Дўрмон» жоме масжиди   

имом-хатиби   М.Миржалилов