Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Никоҳ – оила мустаҳкамлиги пойдевори

Никоҳ – оила мустаҳкамлиги пойдевори

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни жуфт-жуфт қилиб яратгани каби инсонни ҳам ўз жуфти билан яратган. Бундан кўзланган мурод, ҳар икки  жинснинг  биргаликда турмуш  қуриши, зурриёт  қолдириши,  биргаликда  саодатли ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Оиланинг муқаддаслиги ва бу нарса илоҳий назорат остида экани борасида Қуръони каримда бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло Рум сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади:

 وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

яъни:  “Унинг  аломатларидан  (яна  бири)  –  сизлар  (нафсни  қондириш  жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир

Ислом  дини  кишилик  жамиятининг  бошқа  барча жабҳалари  қатори  оила  масаласига  ҳам  катта  аҳамият  қаратади  ва  намунали оилалардан  ташкил  топган  гўзал  бир  жамият  қуриш  ғоясини  илгари  суради. Юксак савияли жамиятни эса мустаҳкам оилаларсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки барчамизга маълумки, оила жамиятнинг бошланғич нуқтаси, ҳужайраси ҳисобланади. Динимиз  оилани  никоҳ  асосида  қуришга  алоҳида  аҳамият  беради.

Ислом никоҳни (робитасини) инсоний алоқалар ичидаги  энг  муқаддас  муносабатга  айлантирган.  Чунки  бу  муносабат  Аллоҳнинг  амри ила,  Пайғамбар  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  суннатига мувофиқ,  мўмин-мусулмонларнинг  гувоҳлигида  қуриладиган  муқаддас  риштадир.  Аллоҳ  таоло инсон ҳаёти муайян низом, иффат ва поклик, муҳаббат ва севги, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган.

Уйланиш,  яъни  шаръий  никоҳ  асосида  оила  қуриш   Пайғамбаримиз  Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  суннатларидандир.  Бу  ҳақда  у  зот  шундай  деб марҳамат қилганлар:

النِّكَاحُ سُنَّتِي ، فَمَنْ رغب عن سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي

яъни: “Никоҳли оила қуриш менинг суннатимдир. Бас, кимики менинг суннатимдан воз кечса у менинг тўпимдан эмас”.

Аллоҳ таоло  инсон  ҳаётини  турли  тартибсизлик  ва  келишмовчиликлардан,  ҳаром-ҳаришдан,  ифлосликлардан  ва  уларнинг  оқибатида  келиб  чиқадиган  бало-офатлардан  сақлаш  учун  никоҳга  буюрган.  Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи  ришта никоҳдир.  Никоҳ  инсонлар  жамиятида  энг  муқаддас  битим ҳисобланади.  Чунки  ҳаётда  ҳалол  ва  ҳаромни  ажратиш,  эр-хотиннинг  ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Юртимизда  оилага  жамиятнинг  асосий  негизи  сифатида  қараб,  соғлом  оила муҳитини  яратиш, она  ва бола  саломатлигини  муҳофаза қилиш, соғлом  авлодни шакллантириш  борасида  жуда  кўп  хайрли  ишлар  амалга  оширилган  ва оширилмоқда.  Жумладан,  соғлом  авлодни  шакллантириш,  она  ва  бола саломатлигини  муҳофаза  қилиш, соғлом  бола  туғилиши, жисмоний  ва маънавий баркамол  авлодни  вояга  етказишда  йилларга  “Оила”,  “Она  ва  бола”,  “Соғлом авлод”, “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Баркамол авлод йили” деб ном берилишида ҳам  жуда  катта  маъно  ва мазмун мужассамдир.

Таъкидлаш  жоизки,  юртимизда,  биринчи  навбатда,  янги  қурилаётган  ёш оилаларга  эътибор  қаратиш  устувор  вазифа қилиб белгиланган.  Ёш оилалар  ижтимоий  ҳимояга  олиниб,  моддий  ва  маънавий  жиҳатдан  қўллаб –қувватлаб келинмоқда.

Ўзбек  халқи  тарихига  назар  ташлайдиган  бўлсак,  энг  қимматли  анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланишининг гувоҳи бўламиз.

Бугунги  кунда  ҳам  ана  шу  анъаналарни  давом  эттириб,  ўзбек  оилалари оиланинг соғлом муҳити, ота-онанинг бир-бирига меҳр ва ҳурмат кўрсатиши шароитида, фарзандларини  оила  бағрида  эл-юрти учун муносиб  ўғил-қизлар,  Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар.  Чунки Ризоуддин ибн Фахриддин айтганларидек: «Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса – миллионлар ила саналмакда бўлган аскарлару дунёда энг буюк бўлган кемалар эмас, балки… оилалардир».

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  отанинг  фарзандига  қиладиган моддий  таъминотидан  маънавий  таъминоти  устун  туришини  таъкидлаб,  шундай марҳамат қилганлар: “Ҳеч  бир  ота  ўз  фарзандига  гўзал  одобдан  ҳам  ортиқроқ  ҳадя  бера олмайди”  (Термизий  ривояти).

Динимиз  кўрсатмаларига  биноан,  никоҳ  тузишдан  олдин  ёшларнинг  оила қуришларида  ўта  муҳим  бўлган  бир  неча  ҳолатлар  борки,  булар  оиланинг  мустаҳкам, бахтли  ва  барқарор  бўлишида  муҳим  аҳамиятга  эгадир.  Энг  аввало,  туғилажак фарзандларнинг  солиҳ  ва  одобли  бўлиши  учун  муносиб  келин  танлашга  алоҳида эътибор  берилади.   Абу  Ҳурайра  розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилинади:  «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай марҳамат қилганлар:

تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ : لِمَالِهَا ، وَلِحَسَبِهَا ، وَلِجَمَالِهَا ، وَلِدِينِهَا ، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ

яъни:  «Аёл  тўрт  нарса  учун  никоҳланади:  моли  учун,  насаби(аслзодалик)  учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилишган).

Диний  ва  миллий  қадриятларимизга  кўра  ота-оналарнинг  ёш  келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат  тусига  кирган.  Саҳоба  Анас  ибн  Молик:  “Пайғамбарнинг  (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  саҳобалари  янги  келинларга  эрининг  ҳурматини  ва  хизматини  қилишга буюришар  эди”,  деганлар.  Абдуллоҳ  ибн  Жаъфар  ибн  Абу  Толиб   ўз  қизига  қуйидаги насиҳатни қилган экан:  “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп тергов қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юр, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Никоҳдан  ўтиш  маросими  диёримизда  қадимдан  миллий  ва  диний  удумлар асосида  амалга  ошириб  келинган.  Шаръий  никоҳдан  ўтиш  учун  динимизда  келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир неча шарт ва одоблар борки, уларни ҳаммамиз яхши билиб олишимиз лозим. Булар асосан қуйидагилардир:

–  никоҳдан  ўтувчиларнинг  оқил  бўлиши,  яъни  ақл-идроклари  жойида,  руҳий касалликдан ҳоли бўлишлари;

–  ижоб ва қабул, яъни икки турмуш қурувчининг розиликлари (ўтган замон феъли билан);

– гувоҳлар, яъни келин-куёвдан ташқари камида икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл киши ҳозир бўлиб, келин-куёвнинг розилик сўзларини эшитишлари;

– куёвнинг оила таъминотига моддий жиҳатдан қодир бўлиши;

– маҳр, яъни келиннинг куёв томонидан бериладиган ҳаққи;

– икки  томоннинг  розиликлари  маълум  бўлгандан  кейин  араб  тилида  никоҳ хутбасини ўқиш суннат амаллардан ҳисобланади.

Никоҳ  ўқиш  асносида  никоҳ  ўқувчи  имом  ёки  унинг  ноиби  келин-куёвга  оила, турмуш,  никоҳ,  талоқ,  маҳр,  оила  нафақаси,  ўзаро  иззат-ҳурмат  каби  зарур  нарсалар тўғрисида  ваъз-насиҳат  қилиши  ҳам  никоҳнинг  одобларидандир.

Юртимизнинг  айрим ҳудудларида  ҳозирга  қадар  “қиз  олиб  қочиш”  одати  давом  этмоқда.  Ҳозир  халқимиз тинчлик ва омонликда яшамоқда, “қиз олиб қочиш”га ҳеч бир сабаб йўқ, шунинг учун бу ношаръий одатга барҳам бериш лозим.

Юқорида  зикр  қилинган  никоҳ  шартларига  яна  давлатимизнинг  никоҳ  ва  оила тўғрисидаги  қабул  қилган   қонунлари  ҳам  қўшилади.  Масалан,  келин-куёвнинг никоҳдан  ўтиш  вақтида  балоғат  ёшида  бўлишлари  ва  шаръий  никоҳдан  олдин  давлат никоҳ  қайд  қилиш  идоралари  рўйхатидан  ўтиб,  расмий  никоҳ  гувоҳномасини  олган бўлишлари  ва  бўлажак  келин-куёвлар  тиббий  кўрикдан  ўтишлари  шарт.  Бу  нарсалар соғлом  эр-хотиндан  соғлом  фарзандлар  туғилишини  кўзлаб  жорий  қилинган омиллардир. Никоҳ масъулияти, никоҳланувчи шахслар ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглиги, муқаддас риштанинг ўзаро келишув ва келажакка ишонч асосида қонуний тартибда боғланиши соғлом ва мустаҳкам оиланинг шаклланишида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Бундан ташқари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, қизларнинг барвақт турмушга узатилиши оқибатида фарзандсизлик ёки ногирон болалар туғилиши ва бу кўпинча ажралишларга сабаб бўлаётгани ҳам ачинарли ҳолатлардандир. Яхши ўйламай «Бегонадан кўра ўзимникини келин қилганим яхшироқ», деб  яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузилиши хато эканлигини оммага тўлиқ тушунтириш борасида ҳозирда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Мактаб, коллежни битирувчи қизлар ва уларнинг ота-оналарида шошқалоқлик билан нотўғри қарор қабул қилиш ҳолатлари учрайди. Баъзан жисмонан ва руҳан оила қуришга тайёр бўлмаган ёшлар оила қуради. Бундай оила кўпинча мўрт бўлиб, турмушнинг дастлабки синовларигаёқ дош бера олмай, бузилиб кетади.

Юртбошимиз раҳнамолигида оилалар мустаҳкамлиги, баркамол авлод тарбиясига  алоҳида эътибор  қаратилаётгани замирида халқимиз келажагига дахлдор бўлган  буюк эзгу мақсадлар мужассамдир. Бу олижаноб интилиш маҳалла, оила, таълим-тарбия ва жамоатчилик институтларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларда, айниқса, яққол намоён бўлаётир. Бу борада бугун олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири – ёшларни катта ҳаёт йўлини тўғри танлаб олишларига, айниқса, қизларимизнинг жамиятда ўз ўринларини топиб, унинг фаол аъзоси бўлишларига кўмаклашишдир.

Аллоҳ  таоло  барчаларимизни  оилани  муқаддас  билиб,  уни  муборак  бир қўрғонга  айлантиришга  интиладиган  ҳамда  оила  бахти  учун  қайғурадиган инсонлардан бўлишга муяссар айласин ва Парвардигоримизнинг Ўзи   ҳаммамизни  ҳаётнинг  барча  жабҳалари  қатори  никоҳ  ва  талоқ масаласида  ҳам  Қуръони  карим  ва  Суннати  набавия  талаблари  асосида  ҳаёт кечиришимизни  насиб  айласин,  фарзандларимизнинг  бахт-саодати  йўлида  фидойилик кўрсатиб,  уларга  ҳаётий  тажрибаларимизни  эринмай  ўргатадиган  ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин, омин ё Роббал оламин!

 

Қибрай тумани бош имом-хатиби,
«Дўрмон» жоме масжиди имом-хатиби
М.Миржалилов