Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Энг гўзал ва хуш МАНЗАРА…

Энг гўзал ва хуш МАНЗАРА…

Нақадар гўзал ва хуш МАНЗАРА…
Ул ҳолат-ки, Сенга машҳур шифокор “Сендан фарзанд ТУҒИЛМАЙДИ…”, дея, сўнгги сўзини айтса-ю, Сен умидларингни узмасдан, бозор томон ЧОПСАНГ…
Пешона тер – ойлик маошингдан бешик ёхуд ўйинчоқ сотиб олиб, “Бу менинг Раббимдан сўраган туғилажак болам – фарзандим УЧУН…”, дея унга уйинг тўридан ЖОЙ БЕРСАНГ…
Сўраганларинг ижобатидан умидларинг УЗМАСАНГ…

Шубҳасиз, бу энг гўзал ва хуш МАНЗАРА…
Манзара-ки, бутун борлиқни яратган, тадбир этаётган ва кўриб турган – Аллоҳ таолонинг назаридаги МАНЗАРА…
Гўзаллик-ки, ўшал Аллоҳ таолонинг назаридаги ГЎЗАЛЛИК…
Хушлик-ки, ўшал Аллоҳ таолонинг назаридаги ХУШЛИК…

Бу шундай манзара-ки, ундаги ҳар бир гўзал ҳолатинг оламлар Раббисини Сендан ҚУВОНТИРАДИ…
Бу улуғ қувонч Сенга МУБОРАК!!!
Зотан, бу қувончнинг мукофати – ЖАННАТ…

Бу шундай манзара-ки, ундаги тақдири илоҳийга бўлган розилигинг оламлар Раббисини Сендан РОЗИ ҚИЛАДИ…
Бу улуғ розилик Сенга МУБОРАК!!!
Зотан, бу розиликнинг мукофати – ЖАННАТ…

Бу шундай манзара-ки, ундаги сўнмас умидларинг оламлар Раббисини айнан Сенга нисбатан “Бу менинг ҲАҚИҚИЙ БАНДАМ!”, деган эътирофига САБАБ БЎЛАДИ…
Бу улуғ эътироф Сенга МУБОРАК!!!
Зотан, бу эътирофнинг мукофати – ЖАННАТ…

Бу шундай манзара-ки, ундаги сўнмас умидларинг оламлар Раббисини айнан Сенга нисбатан “Бу менинг ҲАҚИҚИЙ БАНДАМ!”, деган унвонига АСОС БЎЛАДИ…
Бу улуғ унвон Сенга МУБОРАК!!!
Зотан, бу унвоннинг мукофати – ЖАННАТ…

Шу боис яшашда ДАВОМ ЭТ…
Умидларингни УЗМА…
Ҳар бир тонгни, у нақадар йўқотишларга бой бўлмасин:
“Марҳабо, эй ТОНГ, Марҳабо!!! Раббимнинг бугун менга битган тақдирига МАРҲАБО!!!”, дея розилик ва мамнуният ҳамда сўнмас умидлар ила ҚАРШИ ОЛ!!!
Ёдингда тут, аслида йўқотганларингдан кўра қўлингда қолгани КЎПРОҚ БЎЛАДИ…

Ҳар бир кунни, у нақадар эришилмаган маҳрумликларга бой бўлмасин:
“Марҳабо, эй ҚУЁШ, Марҳабо!!! Раббимнинг бугун менга битган тақдирига МАРҲАБО!!!”, дея розилик ва мамнуният ҳамда сўнмас умидлар ила ҚАРШИ ОЛ!!!
Ёдингда тут, аслида эришилмаган маҳрумликларингдан кўра қўлингда бори КЎПРОҚ БЎЛАДИ…

Унутма, бугун Сенга айнан сўраганинг берилмаса, билгинки, Сен учун ҳали унданда афзали ва саралари БОР!!!
Ҳозирча, борига шукр қил ва уни борида борича ҚАДРЛА!!!

Унутма, аслида Аллоҳ таоло бандасига унинг ўзидан кўра МЕҲРИБОНРОҚ ва ШАФҚАТЛИРОҚ…
Бу аниқ ҳақиқат-ки, асло ва асло ноумид БЎЛМА…
Дуоларингда эса мени УНУТМА…

Ҳурмат ила,
Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари
Нурали МАВЛАНОВ.