Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Энг бебаҳо, аммо беқадр неъмат

Энг бебаҳо, аммо беқадр неъмат

Ўтиб кетган кунингдан топ-чи бир кун,

                     Бугун қайтиб келурми кечаги кун?!

                                         Хусрав Дехлавий

Аллоҳ инсонни яратиб, унга бошқа жонзотларга бермаган жуда кўп неъматлар билан сийлади. Инсониятни энг гўзал суратда яратди, борлиқни англаши учун ақл-идрок ато этди, унга барча ишларида кўмаклашиши учун оёқ-қўл ва бармоқларини берди, халқ қилган жамики махлуқотлари устидан султон қилиб қўйди, чунки, бутун борлиқ чумолидан тортиб филгача, кичик майсадан тортиб катта дарахтларгача инсоният фойдаси учун яратилди. Инсониятни шу даражада кўп неъматлар билан ризқлантирганки, унинг чегараси йўқлиги хусусида Қуръони Каримнинг Наҳл сураси 18-оятида шундай дейилади:

«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»

Мана шу неъматлар ичида яна бир неъмат борки, у энг бебаҳо неъматдир, аммо базан энг беқадр неъматдек осонгина зое қилинади. Бу неъмат – Вақтдир.

Вақт – дунёдаги энг азиз ва энг ҳикматларга бой неъмат бўлса керак. Чунки ҳар бир ўтаётган вақт бизларни янада ҳушёрликка, кўплаб яхшиликлар ва савобли ишлар қилиб олишга ундайди. Яратган вақтни бизлар учун ўлчов мезони қилиб яратган. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилади:

«У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир”(Фурқон сураси, 62-оят).

Албатта, кундуз биз учун савобларни, ибодатларни, ҳайрли амалларни қилиш учун фурсат, кеча эса улгуролмаган яхшиликларимизни қилиб олишимиз, кундузида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш ва тавба қилишимиз учун берилган катта имконият фурсатидир.

Бундан ташқари вақтнинг бошқа неъматлардан фарқли ўлароқ ўзига яраша ҳусусиятлари мавжуд:

1. Вақт – қиёмат куни сўраладиган энг биринчи нарсадир. Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларидан Ўзи берган барча неъматлари ҳусусида сўрайди ва буларнинг ичида энг биринчи бўлиб вақтини нимага сарфлагани сўралар экан. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

“Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.

Демак, ҳадиси шарифдан билинадики, сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт ҳусусида бўлар экан.

2. Вақт ўтиб кетгач асло ортига қайтмайди.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрийнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам – динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Эртага афсус-надомат чекмаслик учун ўтаётган ҳар бир дақиқамизни қадрлаб, уни энди қайтара олмаслигимизни дилдан ҳис қилиб амал дафтаримизни тўлдиришда давом этмоғимиз лозимдир. Уч нарса асло қайтиб келмайди:

1.Сўз, оғиздан чиққанида.

2.Камон ўқи, отилганида.

3.Вақт, ўтиб кетганида.    

3.Вақт қиёмат яқинлашгани сари тез ўта бошлайди.

Бу ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Замон  яқинлашмагунича қиёмат бўлмайди, йил ойдек бўлади, ой ҳафтадек бўлади, ҳафта кундек бўлади, кун соатдек бўлади, соат тутатқи ёнгунчалик бўлиб қолади».

Демак, хар бир соатимиз ўтгани сари вақтимизни янада кўпроқ қадрламоғимиз лозим. Уламолардан бири шундай деган экан: «Энг қўрқинчли нарсалардан бири – кунларнинг тез ўтаётганидир».

4. Вақт ўтгани сари биз ўлим сари яқинлашиб борамиз.

Ҳасан Басрий айтганларидек: «Қуёшнинг ҳар бир ботишида бир парча камайишинг бор». Ўлим сари етаклайдиган нарса бу фақат – вақт. Касаллигимиз туфайли ўлимга яқинлашамиз, ёхуд хар овқатланганимиз сари ўлимга яқинлашамиз, ёхуд овқат емасак ўлимга яқинлашамиз дея олмаймиз. Чунки қанчадан-қанча инсонлар борки оғир дардга чалинган ёки оч-нахор ёки куни фақат овқатланиш билан ўтади, аммо Аллоҳ яшашлик учун белгилаган вақти ҳали тугамаган. Ал-Хусрийнинг шундай ҳикматли сўзлари бор: «Ўлим-сенга отилган ўқ, ҳаёт эса у сенга етиб боргунчалик фурсат, холос».

5. Вақт ҳеч қаерда сотилмайди.

Ҳозирги кунда бозорларимизда биз хоҳлаган барча нарса топа оламиз, аммо ўтиб кетган вақтимизни ҳеч қайси бозордан, дўкондан ва ҳаттоки, дунёнинг бирор еридан сотиб ололмаймиз. Вақтнинг ҳеч қаердан топилмаслигини тушунган буюкларимиздан бири шайх Жамол Қосимий бир куни кераксиз нарсалар билан вақтларини зое қилаётган йигитларнинг ёнларидан ўтаётиб афсус билан: «Эҳ қани энди вақт сотилганида, албатта, шуларнинг вақтларини сотиб олган бўлардим», деб айтган эканлар.

6. Вақт баъзан бекорга зое қилинади.

Юқорида айтилганидек, вақт ҳеч қачон қайтиб келмаслигини, ҳеч қаерда сотилмаслиги ва ҳеч ким бера олмаслигини тўла тушунган ҳар қандай инсон нафақат ўз вақтини, балки ўзганинг вақтини ҳам доимо қадрлаб, уни зое қилмасликка ҳаракат қилади. Жалолиддин Румий  ҳам вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаётган кишиларга ачиниб, шундай деган эканлар: «Ўлим йўлда туриб, бизни кутмоқда. Инсон эса сайр қилиш ва умрини беҳуда сарфлаш билан овора».

7. Вақт тўрт хил бўлади.

Солиҳлардан бири яна шундай деган: “Банданинг вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда кечган вақт, кулфатда ўтган вақт, итоат билан ўтган вақт, маъсият-гуноҳ қилиб ўтказилган вақт.

8. Вақт-уч турга бўлинади.

Инсон ҳаёти ўтиб борар экан унинг вақти уч турга бўлинади:

1. Кеча, биз уни яшаб бўлдик, қайтиб келмайди.
2. Бугун, яшаяпмиз, бардавом бўлмайди.
3. Эртага, билмаймиз, қаерда бўлишимизни.

Ўтиб кетган кечамиздан фақатгина яхшиликлар қолган бўлса, бугунимизда эса солиҳ амаллар қилишликка харис бўлсак, эртага қаерда бўлсак ҳам бизни фақатгина хурсандчиликларга тўла бахт қуршаб олиши аниқ. 
         

9. Ҳар қандай вақтнинг охири бор.

Дунё ҳаёти чегараланган. Денгизнинг охири қуруқлик, куннинг охири тун, умрнинг охири ўлим, дунёнинг охири қиёматдир. Шунинг учун ўтаётган ҳар бир кун амал қилиб қолишга ва озгина умрнинг фурсатларини ғанимат билишга ундаб, гўё шундай нидо қилади: “Эй одам боласи, сен кунлардан иборатсан, ҳар бир кун ўтганда сенинг ҳам бир қисминг кетган бўлади. Ўзинг билмаган ҳолатда сенинг бир қисминг ўтиб кетибдими, демак, бутунлай кетишинга ҳам фурсат оз қолибди. Билгилки, “Бугун амал бор ҳисоб йўқ, эртага ҳисоб бор амал йўқдир.”

Аллоҳ барчаларимизни умр денгизидаги ҳар бир вақт аталмиш томчимизни фақатгина фойдали амалларга бой бўлишини, бу денгизда бефарқлик қайиғида асло сузмаслигимизни насиб этсин.

Қибрай тумани бош имом-хатиби М.Миржалилов