Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЕМАК, УНГА ЙИҒИЛМАК, ЗИЁФАТ ВА ШУНГА ЎХШАГАН НАРСАЛАР ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА

ЕМАК, УНГА ЙИҒИЛМАК, ЗИЁФАТ ВА ШУНГА ЎХШАГАН НАРСАЛАР ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА

Таом емак одобларининг баъзилари таомдан олдин, айримлари таом ейиш чоғида ва баъзилари эса таомдан сўнг бўлади.

Таомдан олдинги одоблар қуйидагилардир: емакдан олдин қўлни ювиш, чунончи ҳадиси шарифда воридким: «Таомдан олдин ва кейинги таҳорат уни баракотли этади». Абу Довуд ва Термизий ривоят этишган, аммо санади заиф ҳадис. Ювилмаган қўл кир бўлади.

Шунга ўхшаган одоблардан яна бири: тайёр таомни ерга ёзилган дастурхонга қўйишдир (Ҳозирги замонда шароитга қараб таомни махсус хонтахта устига қўйиш ва курсиларда ўтириб қошиқ ва санчқилар ёрдамида таом истеъмол этишда монелик йўқ… – тарж.). Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам феълларига яқинроқдир. Яна бу ҳол тавозега ёндошдир. Шу жумладан, дастурхон атрофида ерга – ўнг оёқни тиклаб, чап оёғи устига ўтириш ҳам зикр этилади.

Таом ейишда Аллоҳ таолога итоат этишда тақво ва емак билан Унга муте бўлишни ният этиш лозим. Таомни фақат неъмат деб қасд этмайди. Бу ният тўғрилигининг аломати ҳаддан зиёд тўйиб кетмай, бир қатор таомланишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Одам боласига гавдасини кўтариб туриш миқдоридаги овқат кифоядир. Агар таом истеъмол этиш лозим бўлса, у вақтда меъданинг учдан бири таом учун, учдан бири сув учун ва учдан бири нафас олиш учун бўлмоғи керак». Имом Насаий ва Ибн Можа ривоят этишган. Имом Термизий бу ҳасан – чиройли ҳадис, деб айтганлар.

Одам боласи қорнини ёмонлик идиши каби тўлдирмайди. Бу ниятнинг зарурати шуки, фақат оч бўлсагина, қўлини таомга узатади. Тўйишдан олдин қўлини таомдан тортади. Ким шундай қилса, ҳеч қачон табибга муҳтож бўлмайди.

Яна шундай одоблардан кейингиси – ризқ-рўздан рози бўлиш. Оз таомни паст ҳисобламаслик, таомга аҳли аёли ва болаларидан бўлса ҳам, кўпчиликни даъват этишга ҳаракат қилиш лозим.

Таом ейиш вақтидаги одоблар эса қуйидагилардир: таом истеъмол қилишдан аввал «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни айтиш, таомдан сўнг «Алҳамдулиллаҳ» дейиш, таомни ўнг қўл билан олиб ейиш, кичик-кичик луқма олиш ва уни яхшилаб чайнаб ютиш, оғиздаги таомни ютиб бўлмасдан бурун иккинчи луқмага қўл узатмаслик, таомни ёмонламаслик, одам ўзига яқин бўлган таомни олиб ейиш, агар турли нав, масалан, мевага ўхшаган нарса бўлса, унда ҳеч боиси йўқ, луқмани уч бармоқ билан ушлаб ейиш, тушиб кетган луқмани олиш, иссиқ таомга пуфламаслик, бир идишга хурмо ва данагини қўймаслик, кафтига ҳам йиғмаслик, балки данакни олиб кафтининг орқасига қўйиб, сўнг дастурхон четига қўйиш. Шу каби ёғда пиширилган хурмо ва гўштли таомларни ейишда шундай одобда бўлади. Таом вақтида сув ичмайди, зеро бу тиб бобидаги энг яхши ҳолдир.

Сув ичиш одоблари қуйидагилар: уни ўнг қўл билан олиб ичиш, ичишдан олдин унга қараш, сувни сўриб ичиш. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Сувни сўриб ичинглар, уни бир нафасда тўхтамай сипқорманглар, зеро, жигар касали сувни нафас олмай ичишдан ҳосил бўлади». Шунинг учун уни узиб-узиб ичиш тиб жиҳатидан ҳам афзалдир. Яна сувни тик туриб ичмаслик, уни ичишда уч бор нафас олиш керак бўлади.

Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида ривоят этилганки, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичишда уч бор нафас олар эдилар. Бунда сув идишини ўзларидан узоқлаштириб, сўнг нафас олардилар. Сув идишини оғзида тутиб нафас олинмайди.

Таомдан сўнг мустаҳаб бўлган одоблар қуйидагилардир: тўйишдан олдин таомдан қўлини тортиш ва бармоқларини ялаш, товоқ-лаганни бармоқлари билан тозалаб қўйиш, Аллоҳга «Алҳамдулиллаҳ», деб ҳамд айтиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло таом еб, сўнг таом учун Унга ҳамд айтган, сув ичиб ва сув учун Аллоҳга ҳамд айтган ҳамда қўлини ёғ ва сассиқ ҳидини кетказиб ювган бандасидан албатта рози бўлади».

Манбаалар асосида

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонҳўжаев Саидроҳим тайёрлади