Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ МАЪНАВИЙ МАЪРИФИЙ АСОСЛАРИ

ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ МАЪНАВИЙ МАЪРИФИЙ АСОСЛАРИ

Экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш ва уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишдир.

Марказий Осиёда диний экстремистлар минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазхаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ғояларни сингдиришга уринмоқда. Улар «мавжуд муаммолар мусулмон жамоалари исломий тусини йўқотгани сабабли мавжуд, «кофир» ҳукуматларни ағдариб ташлаш лозим», каби сохта диний шиорлардан фойдаланиб сиёсий ҳокимиятга интилмоқда.

«Экстремизм» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик” маъносини англатади. Олимлар “экстремизм” иборасини сиёсий атама деб қарайдилар. Бу атаманинг сиёсат билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, норасмий экстремистик ташкилотлар раҳбарлари сиёсий масалалар юзасидан “кескин, қатъий чоралар кўриш йўли билан”, яъни куч ишлатиш, зўрлик билан давлатлардаги расмий ҳокимиятни ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигидадир. Уларнинг норасмий дейилишига сабаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар” ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги амалдаги қонун талабларига кўра расман Адлия Вазирлигидан рўйхатдан ўтмаганлигидадир.

Экстремизм кескин чораларни қўллашга, баъзан зўравонлик ҳаракатларини содир этишга мойиллиги билан ажралиб туради. Бунда муайян шахс ҳам, бошқа динга мансуб ижтимоий гуруҳ ҳам ёки шу диннинг ўз вакиллари томонидан рад этилаётган мазҳабга мансуб вакиллар ҳам таъсир кўрсатиш объекти сифатида танлаб олиниши мумкин.

Экстремизмнинг тарихи ва воқелиги – экстремистик қарашларни барча диний таълимотлар доирасида учратиш мумкин. Масалан, мутахассислар католик черковининг эркин фирқа юритувчи, ҳукмрон феодал-католик черкови ақидаларини рад этувчи кишилар — папа ҳокимияти душманларини таъқиб қилиш учун XIII асрда тузилган ва минглаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган инквизиция фаолиятини экстремизмнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳолайдилар. Шундай экан, экстремизмни фақат муайян дин билан боғлаш мутлақо асоссиздир. Хусусан, ислом дини, турмуш тарзи ва қадриятлар мажмуи сифатида ҳеч қачон экстремистик тузилмаларнинг гўёки, дин ва мусулмон жамоаси равнақи йўлида амалга ошираётган террорчилик хуружларининг асосий сабаби сифатида қаралиши мумкин эмас.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар худди юқоридаги каби гўёки, кенг халқ оммаси билан узвий бирлик мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек эҳтиёжларини қондириш мақсадини кўзлайдилар.

Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик рухдаги тузилмаларнинг ҳеч бири бирор бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайди.

Ҳозирги даврда кўплаб экстремистик уюшмалар ва ақидапарастлар турли динлар, шу жумладан, христианлик, ислом, яҳудийлик динлари таълимотидан фойдаланмоқдалар. Шу билан бирга, диний риторика уларга кўзда тутилаётган жамиятнинг аниқ шаклу шамойилини тақдим этмаган ҳолда (бу улар учун худди анархистлар каби унчалик аҳамиятга эга эмас) хаёлий жамият ҳақидаги тасаввурлардан фойдаланиш имконини беради. Бунда энг муҳими тартибсизлик ва беқарорликни келтириб чиқаришдир. Унга эришиш эса, ўзига хос энг умумий мақсадни ташкил этади, дейиш мумкин.

Ноқонуний қурол-яроғ савдоси ва наркобизнес ҳисобидан катта маблағлар тўпланаётган, мусулмон дунёсида шаклланган ўзига хослик туфайли юзага келган вазиятда исломни шиор қилиб олган экстремизм ва терроризм хавфсизликка асосий таҳдид сифатида биринчи ўринга чиқди.

Экстремизм ва терроризм оммавий ахборот воситалари орқали ёритилмас экан кўзланган «самарани» бермайди. Шу маънода улар ўзаро боғлиқдир. Террорчилик хуружи оммавий ахборот воситаларида қанчалик кенг ёритилса ушбу ҳаракатни содир этишдан кутиладиган натижа шунчалик бевосита ва юқори бўлади. Бу эса, у ёки бу ҳаракатни ўтказишдан кўзланадиган асосий мақсад ҳисобланади. Ахборот майдони ривожланиб, тобора тўйиниб бо-раётган, аммо уни етказишда мазмунан ҳам, шаклан ҳам ўзибўларчилик устуворлик қилаётган ҳозирги даврда ОАВ экстремизм ва терроризм қўлидаги кучли қуролга айланиб қолмоқда. Тўғри, ҳеч бир ОАВ ўз ҳолича террорчилик хуружининг «самарадорлигини» англаган ҳолда ташкил этадиган тизим ҳисобланмайди. Аммо аксарият ҳолларда бунга кўмаклашмоқда, дейиш мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, тарихий, диний ва миллий хусусиятлар аҳолининг кенг қатламлари билан мулоқот тили ва ундаги ўзига хос урғуларни танлашда муҳим ўринни эгаллайди. Табиийки, Марказий Осиё минтақасида коммунистик ёки насронийлик эмас, балки айнан ислом шиорларидан фойдаланилади.

Айни пайтда, барча даврларда у ёки бу этник гуруҳга мансублик боғловчи (бирлаштирувчи) унсур сифатида муайян вазифани бажаргани учун ҳам Марказий Осиёда қарор топган ислом дини ҳар қандай миллийликдан юқори туришини (космополитизмни) намоён этганини таъкидлаш зарур. Шунинг учун ҳам, XX асрнинг бошларидаги араб модернистларидан фарқли равишда жадидлар ундан йироклашиб, ўз кучларини биринчи навбатда ҳам диний, ҳам миллий онгни ўстиришга сарфлаган эдилар.

Манбалар асосида Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон тумани “Исхоқхон Тўра”  жоме масжиди имом-ноиби