Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Экстремизм ва терроризм – замонамиз муаммоси

Экстремизм ва терроризм – замонамиз муаммоси

Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш қиёматгача тўхтамайди. Ислом динининг ҳақ дин эканини ҳозирги кунда аксар одамлар англаб етмоқда ва мусулмонларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Динимиз душманлари эса бундан ташвишга тушмоқда. Мусаффо ислом динини ёмон қилиб кўрсатиш учун минг турли найранглар ва фитналар ўйлаб топишяпти.

ХХI асрнинг энг глобал муаммоларидан бири экстремизм ва терроризм балоси десак, муболаға бўлмас. Энг ачинарли тарафи бу балонинг тузоқ тўрига илинаётганларнинг аксари мусулмонлар эканидир. Яъни, илмсиз, ақидавий қоидаларни билмайдиганлар уларнинг тузоқларига илинмоқдалар. Натижада, мусулмон мусулмонни ўлдирмоқда, мусулмон ўлкалар харобага айланмоқда ва шу каби катта катта кўнгилсизликлар содир бўлмоқда. Бу ҳолатни ташқаридан кўрганлар эса мусулмонларни экстремизм ва терроризмда айбламоқда.

Динимизда машҳур бир қоида борки, “Ҳар қандай муаммонинг сабаби илмсизлик, ечими эса илм-маърифатдир”. Шунга кўра бу муаммодан қутулишнинг ягона йўли мусулмонларнинг илмий савиясини ошириш, эътиқодий тушунчаларни тўғри шакллантиришдир. Бу муаммони ҳал қилиш фақат давлат раҳбарлари ёки тегишли ташкилотларнинг вазифаси эмас, ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Ҳар биримиз аввало ўзимизни ислоҳ қилсак, қолаверса ўсиб келаётган фарзанларимизни эътиқодий тушунчаларини тўғри шакллантира олсак, асло уларнинг тузоқларига тушмайдилар. Зеро, илм ўрганиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифни шарҳида уламолар айтадиларки, ҳар бир мусулмон энг камида динига тўғри эътиқод қила оладиган ва дини буюрган амалларни тўғри бажара оладиган даражада илм олиши фарзи айн бўлади. Турли террористик ҳаракатларни амалга оширишда содда илмсиз мусулмонларни қўғирчоқ қилаётганлар айнан мана шу нозик нуқтани билиб олганлар. Яъни, бир мусулмоннинг қўлига қурол бериб, “Сен жиҳод қиляпсан, ўлсанг шаҳид бўласан”, деб алдамоқда. Содда мусулмон эса бу ёлғонга ишониб уларнинг тегирмонига сув қуйиб беряпти. Ҳаттоки, баъзилари ўзини ўзи портлатиб ўлдиришгача бормоқда. Агар у Аллоҳ таолонинг “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара 195) оятини билганида эди, асло бу ишга қўл урмаган бўлар эди.

Азиз мусулмон биродарлар, ҳар биримиз бу борадаги масъулиятимизни ҳис қилайлик ва илм ўрганайлик. Айниқса ақида китобларини ўқишга алоҳида эътибор берайлик. Алҳамдулиллаҳ, ўз она тилимизда бу мавзуда бир қанча китоблар бор.

Аллоҳ таоло юртимизни ва бутун дунё мусулмонларини турли фитналардан омонда қилсин. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом айласин!

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби Нусратуллаев Абдулбосит.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan